Футбол оламида Криштиану Роналду каби ҳаёти футбол ва машғулотлардан иборат бўлган кўплаб инсонлар мавжуд. Бироқ миллионлар ўйинида шундай тоифадагилар ҳам борки, улар учун футбол иш ва даромад манбайидан бўлак ҳеч нарса эмас. Бу каби ўйинчиларнинг баъзилари эса ҳатто футболни ёқтирмаслигини очиқчасига айтган. Қуйида айнан футболни ёқтирмайдиган ва унга шунчаки иш сифатида қарайдиган, аммо шу орқали яхшигина танилган ўйинчилар ҳақида фикр юритамиз.
Карлос Тевес
Рўйхатни Аргентина футболи тарихидаги энг иқтидорли футболчилардан бири Карлос Тевес очиб беради. Фаолияти давомида «Вест Ҳэм», «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Ювентус» каби машҳур клубларда ўйнаган, ҳозирда эса «Бока Хуниорс» (Аргентина) шарафини ҳимоя қилаётган Тевес 24 ёшида «Манчестер Юнайтед»да ўйнаган кезлари шундай деганди:
«Мен футболчилик фаолиятимни 28 ёшда якунламоқчиман, бу жуда зўр бўларди. Кўп қолишни истамайман».
Аммо ҳаммаси бошқача тус олди: у 31 ёшида ҳам футбол ўйнарди ва Хитой клуби билан йилига 40 миллион евро маошли шартнома имзолади. Шу тариқа Тевес Хитойда ўзи ёқтирмаган иш билан шуғулланишга «мажбур» бўлди.
Дани Алвес
Футбол тарихидаги энг совриндор (40 та соврин) ўйинчи, ўзининг «Барселона» сафидаги ўйинлари билан кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратганди. Бироқ ҳозирда «Сан Паулу»да фаолият юритаётган Алвес ҳам қитъадоши Тевес сингари футболни унчалик ёқтирмаган. Айтишларича, у учун мусиқа ва мода биринчи ўринда туради. Бу борада Алвеснинг ўзи шундай деганди:
«Мен футболни ўраб турган нарсалардан нафратланаман. Футбол оламида мавжудман, лекин унга тегишли эмасман».
Мауро Икарди
Профессионал фаолиятини «Барселона»да бошлаган истеъдодли, аммо бироз оғирроқ характерга эга бўлган ПСЖнинг 27 ёшли аргентиналик футболчиси Икардининг футболга бўлган муносабати кишини ажаблантирмасдан қўймайди. Бунга унинг футбол ҳақида айтган қуйидаги гаплари яққол мисол бўла олади:
«Мен футбол ҳақида ҳеч нарса билмайман, шунчаки ўйнайман, бори шу. А Серия («Интер» сафида тўп сурган вақтида гапирган) ўйинлари натижаларига эса қарамайман ҳам».
«Мен болалигимда «Камп Ноу» яқинида яшаганман. Аммо стадионга бориб футбол кўриш ўрнига, кун бўйи фильмлар томоша қилардим».
«Мен каби футболга бефарқ бўлган бирорта профессионал футболчини танимайман».
Маълумотларга кўра Мауронинг ота-онаси фарзандининг футболга бўлган қобилиятини пайқаб қолади ва келажакда бундан яхши пул топиш мумкинлигини ҳисобга олиб, уни ушбу спорт турига беради. Кўриб турганингиздек, Мауро буни амалга ошира олди ва Европанинг энг номдор клублари сафида тўп тепди.
Марио Балотелли
Фаолияти энди бошланганида Марио ўз авлодининг энг яхши ҳужумчиларидан бири ҳисобланарди. Мутахассислар уни ажойиб келажак кутаётгани ҳақида гапирарди. Бироқ Марио ўзининг бир қанча хурмача ва хунук хатти-ҳаракатлари билан ҳаммасини барбод қилиб қўйди. Бунга қайсидир маънода унда футболга бўлган муҳаббатнинг йўқлиги ҳам таъсир қилган, албатта. Хусусан, интервьюларининг бирида Балотелли футбол у учун оддий иш эканлигини ва шу боис урган голларни нишонламаслигини айтганди.
«Мен ҳеч қачон голларимни нишонламайман, чунки бу менинг ишим. Мисол учун, почтачи ҳар бир муваффақиятли топширилган хатни нишонламайди-ку?»
Сўнгги йилларда эса Балотелли ҳеч бир клубда узоқ вақт қололмади. Унинг резюмесида «Милан», «Интер», «Ливерпуль», «Нисса», «Марсель» ва «Манчестер Сити» каби жамоалар мавжуд. Ҳозир эса Б Серияда тўп тепмоқда.
Гарет Бэйл
Бэйл ҳеч қачон футболни ёқтирмаслигини очиқчасига тан олмаган бўлса-да, бунга етарлича далиллар тўпланган. Шунинг билан бирга «Тоттенҳэм» футболчиси билан суҳбатда бўлган журналистлар ҳам буни кўп маротаба тасдиқлаган — уэлслик голфни футболдан-да яхши кўради. У катта тўп ортидан югуриб тирикчилик қилса, кичкинасини таёқ билан уришдан завқ олади. Бэйлнинг бундай муносабати унинг самарадорлигига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаган. Боиси у «Реал»да ўйнаган кезлари бир неча бор машғулот ва ўйинларни айнан юқоридаги қизиқишлари сабаб ўтказиб юборган.
Бундан ташқари кичик жароҳатларнинг ҳам Бэйлнинг голфга бўлган иштиёқини янада кучайтиради деган назария мавжуд.