Ўтган турда Синиша Михайлович мураббийлигидаги “Болонья” “Верона”ни мағлуб этиб, 2020 йилнинг 29 ноябрь кунидан бошланган клуб учун оғир даврдан чиқиб олди. Шундай бўлди-ки, ҳатто рақиб жамоа мураббийи ҳам ўйиндан кейин “Болонья” ғалабага муносиб ўйнаганини тан олди. Клуб турнир жадвали ўртасига (12-ўрин) яқинлашиб, якуний мақсади бўлган ҳудудларга келиб олди. Ўтган мавсум 38-турдан кейин Михайлович клуби айнан шу ўринни эгаллаган эди. Таркиб эътибори билан бу жамоа Еврокубоклар учун курашиши қийин очиғи. Мусса Барроу, Родриго Паласио, Рикардо Орсолини ва Лоренцо де Силвестри каби футболчилар ўйинда кўп нарсани ҳал қилади.
Гапни “Болонья”дан бошладим-у, бироқ ҳамма тушуниб турибди-ки бу жамоа аутсайдер. Фаворит эса – “Ювентус”. “Интер”га қарши ўйиндаги мағлубиятдан сўнг суперкубокда “Наполи”ни енгиб йилдаги илк титулни қўлга киритган Пирло шогирдларини А серияда ҳозирданоқ чемпионлик курашидан чиқариб қўйишмоқда. Клуб етакчидан 10 очко ортда қолмоқда (битта қолдирилган ўйини бор). "Ювентус" Роналду Туринга кўчгандан бери илк бор чемпионатда шундай мураккаб вазиятда ва айнан у барча юкни ўз зиммасига оладиган вақт келди. Ўзи шундоқ ҳам у катта ишни бажараётганди, дейсизми? Албатта – ҳа. Бироқ, энди унинг қаҳрамонликларида қиймат 10 баробар ошади. Криштиану “Наполи”га қарши сўнгги ўйинда бу вазифани бошлаб улгурди. “Болонья” билан ҳам ҳаммаси осон бўлиши керак.
Амалда нима юз беришини бирга кўрамиз!
24-январь, соат 16:30, Футбол ТВ.