Биринчи хориж йиғинини ўтказиш мақсадида Тошкентнинг "Пахтакор" клуби 4 январь куни Туркиянинг Анталия шаҳрига жўнаб кетганди.
"Пахтакор" расмий сайти хабарига кўра, шу куннинг ўзидаёқ жамоа биринчи машғулотни ўтказган. "Рексиос" меҳмонхонасига жойлашган пахтакорчилар шу меҳмонхонанинг 5 юлдузли майдонида машғулот олиб боришган. Бош мураббийимиз ҳам айнан Анталияда жамоамиз сафига келиб қўшилди. Соат 15:00да меҳмонхонага етиб борган жамоамизнинг мураббийлар штаби янги мураббийимиз билан йиғин доирасида қилинадиган ишлар бўйича келишиб олдилар", дейилади хабарда.
"Тошкент вақти билан соат 19:00да биринчи машғулот бўлиб ўтди. Дастлабки машғулотдаёқ янги мураббий футболчиларни тўп билан ишлатди. Машғулотларда барча футболчилар иштирок этдилар. Илҳом Суюнов, Боян Миладинович ва Владимир Козак жароҳатлари туфайлигина биринчи хориж сафарига бора олмаганлар. Тунда Санибал Ораховац ҳам шерлар сафига келиб қўшилди. У бугун бўлиб ўтадиган машғулотларда иштирок этади", дейилади "Пахтакор" расмий сайтидаги хабарда.