«Ҳоким Кубоги»нинг ярим финалидан ўрин олган «Нефтчи» - «Бунёдкор» (0:2) учрашувидан кейин меҳмонлар устози Марат Мифтахуддиновнинг фикрлари билан қизиқдик.
- Умумий маънода учрашув қизиқарли, томошабоп кечди. Баҳс стадионга ташриф буюрган мухлисларга ҳам манзур бўлди, дея оламан. Беллашувнинг биринчи бўлимининг дастлабки 20-25-дақиқасида мезбонлар фаоллик кўрсатишди. Шундан сўнг устунлик биз тарафга ўтди. Буни тўғри қабул қилиш керак. «Бунёдкор» йил бошидан бери бир нечта ўртоқлик учрашувларида майдонга тушди, жисмоний тайёргарлик устида ишлади. «Нефтчи»нинг таркиби деярли янгиланган, жамоавий ўйин шаклланишига бироз вақт керак. Бундай ҳолатда жамоа борини берганида ҳам бошдан баланд сакрай олмайди.
Айтганимдек, биринчи бўлимнинг иккинчи қисмида устунликни қўлга олдик. Танаффусга чиқиб кетиш арафасида ҳисобни очдик. Иккинчи бўлимда ҳам фаоллик ва устунлигимизни кўрсатдик. Бунинг натижаси ўлароқ иккинчи гол ҳам мезбонлар дарвозасидан жой олди. Бундай мусобақаларда одатда мезбонларга қарши ўйнаш осон эмас. Ўз-ўзидан мезбонларда устунлик бўлади. Майдон, мухлис ҳар қандай жамоага катта ишонч беради. Шунинг учун бундай рақиблар билан бўладиган баҳсларга футболчиларга доимгидан бошқачароқ сўзларни айтиш керак. Бу жамоанинг ғалабасига йўл очади. Хурсандмиз, финалга чиқдик! Энди финалда ҳам ўз ўйинимизни кўрсатиб, бош соврин билан Тошкентга қайтамиз, деган умиддаман!