Анвар Бердиев бугундан бошлаб жамоамизнинг «Бухоро» клуби бош мураббийи Даврон Файзиевга ёрдамчи мураббий сифатида иш бошлади. Анвар Бердиев шу кунга қадар «Истиқлол» жамоасида фаолият олиб борган. У клуб матбуот хизматига қисқача интервью берди.
«Бухоро»дан тушган таклиф ҳақида
— «Бухоро» раҳбарияти мени бош мураббий Даврон ака Файзиевга ёрдамчи мураббий сифатида ишлаш таклифи билан чиқишди, жамоада жиддий мақсадлар қўйилгани, яъни янги мавсумда суперлигада иштирок этишни вазифа қилиб олгани, ўзига жалб этди.
Кейин, туғилиб ўсган вилоятимга яқинлиги ҳам қарор қабул қилишимда муҳим роль ўйнади. Тўғриси, ҳозирда отамнинг озгина тоблари йўқ, у кишига яқин бўлишим фарзанд сифатида зарур эди. Асосийси иш билан ҳам таминландим.
Мен бу таклифларни яхшилаб ўйлаб кўриб, Даврон ака билан ишлашга қарор қилдим. Насиб қилса, ўз олдимизга қўйилган вазифаларни биргаликда бажарамиз.
«Бухоро» жамоаси ҳақида
— Жамоа Фарғонада бўлиб ўтган ҳоким кубогида қатнашди, менинг собиқ жамоам билан ҳам тўқнаш келишди. Жамоа яхши шаклланган, кўпчилиги суперлига ҳавосидан баҳраманд бўлган ўйинчилар. Аллоҳ насиб қилган бўлса, ушбу таркиб билан ўз олдимизга қўйилган вазифаларни бажара олишимизга ишонаман.
Жамоа ишқибозларига мурожаат
— Футбол мухлислар учун ўйналади, бизнинг асосий мақсадимиз ҳам жамоа мухлисларини кайфиятини кўтариш, уларга олам олам қувонч бағишлаш. "Бухоро" мухлислари хақида мен яхши таассуротларга эгаман. Ойнаи жаҳон орқали кўрганман ва қолаверса футболчилик давримда ҳам кўп бора "Бухоро" стадионига келиб тўп суриш насиб этган. Ўша вақтлар стадионда жой етмай мухлислар ташқарида қолиб кетган пайтларга ҳам гувоҳ бўлганмиз. Жудаям талабчан вафодор мухлислар деб бемалол айта оламан. Мақсадимиз яна ўша муҳитни қайтариш. Жамоз мухлисларига аввалам бор соғлиқ ва оилавий фаровонлик тилайман.