Кристиан Киву келаси мавсумни қайси жамоада ўтказишини аниқ билмайди. Айни вақтда, Мадриднинг "Реал" жамоаси ушбу футболчи бўйича "Интер"га таклиф билан чиқмаган. Бу ҳақда Football Italia интернет-нашри хабар бермоқда.
Руминиялик футболчининг "Интер" билан амалдаги шартномаси шу йил ёзда якунига етади. Шу сабаб, нашрларда унинг Испания грандига ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Аммо душанба куни CalcioMercato нашрига берган интервьюсида, футболчининг агенти Виктор Бечали ҳали ҳеч нима аниқмаслигини айтиб ўтди.
"Айтишга арзигулик ҳеч гап йўқ. Биз "Интер" раҳбарияти билан учрашганимиз йўқ, умуман, учрашув режалаштирилмаган ҳам. Қарор қабул қилиш учун ҳали вақт бор. Бундан ташқари, ёзда вазият қандай бўлишига ҳам эътибор қаратамиз. Ҳозирдан унинг Италияда қолиши ёки бошқа чемпионатга кетиши ҳақида аниқ бир фикрни айтишга эрта", деди Бечали.
"Бир нарса аниқ: биз Мадриднинг "Реал"ига ҳам, унинг мураббийи Жозе Моуриньога ҳам мурожаат қилганимиз йўқ. Киву айни вақтда хотиржам. У ҳали олти ой давомида "Интер" ўйинчиси бўлиб қолади ва клуб шарафини бор кучи билан ҳимоя қилади", деди Кивунинг агенти.
Футболчига, Мадриднинг "Реал" клубидан ташқари, Англиянинг "Манчестер Сити", Италиянинг "Наполи", Голландиянинг "Аякс" клублари ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар бор.
Кристиан Киву ушбу мавсум "Интер" сафида жами беш учрашувда майдонга тушган. Тўрт марта огоҳлантирилган. У майдонга тушган учрашувларда "Интер" фақат икки марта ғалаба қозонган, бир марта дуранг ўйнаган.