Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Яна тақвим ҳақида

Баҳо:
+ | -

Олтинчи январь куни Олий лига-2012 баҳсларига қуръа ташланди. Умуман олганда бу жараённи тўлақонли қуръа деб бўлмайди, фақатгина ўйинлар кетма-кетлиги (агар ўзгаришлар бўлмаса) аниқланди холос.

Биринчи тур ўйинлари 15-17 март кунлари бўлиб ўтишини биламиз, афсуски кейинги тур ўйинлари санаси эълон қилинмади. Менимча, ҳали эълон қилинадиган тақвимнинг ўзи йўқ. Ҳали тақвимчиларимизнинг боши анча қотадиган кўринади. Ўйлаб кўринг, тўртта жамоамиз Осиё кубокларида тўп суради, июнь ойи тўлиғича терма жамоамизга бағишланиши шубҳасиз, бунинг устига, ҳали насиб қилса Олимпиада ўйинлари бор. Мушкул вазифа, ростанам.
Аслини олганда эса, бу унчалик мушкул ҳам эмас. Кимлиги эсимда йўғ-у, бир ақлли одамнинг гапи бор – "муаммоларга муаммодек қараш, инсонни унинг қулига айлантиради". Ўзи тақвим муаммоларининг илдизи қаерда?

ОСИЁ КУБОКЛАРИ ВА ТЕРМА ЖАМОА ЙИҒИНЛАРИ
Қаранг, боя бизни кутиб турган мусобақларни санаётганимда, айниқса, тўрт жамоамиз ҳақида фикр юритганда, сиз ҳам ҳақиқатан ҳам тақвим тузувчига қийин бўлишини кўнглингиздан кечирдингиз-а? Албатта, ПФЛ ҳам ушбу вазиятларга катта эътибор қаратади. Лекин нега? Вазиятга бошқачароқ кўз билан қарайлик, Осиё кубоклари ҳафтанинг қайси кунлари бўлиб ўтади? Сешанба – чоршанба, шундай эмасми? Демак бу мусобақа умуман олий лигамизга ҳалақит бермайди.

Бу ерда нозик бир жиҳат бор. Халқаро мусобақалар клубларга муаммо туғдириши табиий. Клублар бунинг устида бош қотиришлари ҳам, нолишлари ҳам, қайсидир натижа учун сабаб ўлароқ кўрсатишлари ҳам тушунса бўладиган ҳолат. Айтайлик, чоршанба куни сафарда ўйин ўтказиш, ўйиндан сўнг йўл азобида қайтиб келиш, мабодо шанба кунги ПФЛ ўйини ҳам сафарда бўлса, яна қийинчилик. Агар "Бунёдкор"ни назарда тутадиган бўлсак, айниқса. Клуб Осиё чемпионлар лигасида шарқий зонада тўп сурадиган бўлди. Умуман бундай ноқулайликларни таҳлил қилишимизга ҳам рухсат. Аммо эътибор беринг, бу фақат ва фақат ўша клубнинг муаммоси. Ортиқ эмас.
Бизда нима бўлади? Клубнинг хос муаммоси умумий футболимизники қабилида муносабатда бўлинади. Ҳа, ахир бу клуб халқаро майдонда бизнинг шарафимизни ҳимоя қиляпти. Улар қийналмасликлари керак ва ҳоказо. Натижада ўйинлар қолдирилади, ўша халқаро мусобақаларга умуман алоқаси бўлмаган клублар ҳам бу "шанбалик"да иштирок этадилар. Клубларда дам олиш, тикланиш, ўйинга тайёргарлик борасида заррача муаммо чиқиш хавфи туғилдими, дарров осон йўлини қидирадилар. Икки энлик хат орқали ўйин санасини ўзгартиришни сўрайдилар, вассалом.

Бу муаммоларни ечишнинг бошқа йўли ҳам бор, масалан асосий таркиб ўйинчиларини имкон қадар кўпайтириш, таркибда рақобат ва режали ротацияларни амалга ошириш. Узоқ масофали мусобақаларнинг асосий жиҳати ҳам шунда ахир. Етакчи клубларимизни эркалатиб қўйганмиз, бу эса масъулиятли ўйинларда ҳам яққол намоён бўлади. Кисқа вақт мобайнида кетма кет майдонга тушган пайтларда терма жамоамиз ҳам қониқарли натижага эриша олмай қолади, кўпинча.

Аслида ПФЛ ўша клубларга қарата, "Осиё чемпионлар лигаси бу сизнинг мусобақангиз, нима қилсангиз қилинг" дейишга ҳаққи бор. Ҳақиқатан ҳам бутунлай клубларга ҳавола бу турнир. ПФЛ нима қилиши мумкин? Тақвим тузилаётганда, имкон қадар ўша клубларга ён босади. Қандай? Фақат санани 1-2 кунга суриш орқали. Айтайлик, чоршанба куни "Бунёдкор" Австралияда ўйнаши керак бўлса, олдинги тур жума ёки шанбага, кейингиси эса якшанбага сурилади, тамом.

Ушбу мавсум терма жамоаларимиз учун ҳам жуда масъулиятли эканини яхши биламиз. Ҳали тақвим саналари эълон қилинмасдан туриб, йўқ жойдан муаммо чиқармоқчи эмасман. Лекин шуни айтиш керакки, олдинги йилларда бу борада уста эмаслигимизни кўрсатганмиз. ФИФА нинг терма жамоалар учун белгиланган кунлари деярли бир йил муқаддам тасдиқланиб улгурилса-да, доим терма ва чемпионат манфаатлари тўқнаш келиб қолаверади.

ИЧКИ МАНБАЛАР
Олий лигада 14 жамоа қатнашади. Чемпионат олдингиси каби 26 турдан иборат бўлади. Тасаввур қиляпсизми, атиги 26 ўйин. Европада 38 турдан иборат тақвимни сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган тарзда амалиётда қўллаётганларига ишониш қийин баъзан. Инфратузилмами?

Келинг, ўз имкониятларимизни чамалашни бошлаймиз. Чемпионат ноябрнинг бошида ниҳояисига етганди. Кейингиси мартнинг ўрталарида бошланиши эътиборга олсак, беш ой ва ўн кун клубларимиз ички чемпионат ўйинларида майдонга тушмайдилар, шундайми? Ўтган йили давралар орасидаги танаффус роппа роса 40 кунни ташкил қилганди. Бояги рақамга қўшсак, умумий – олти ой ва йигирма кунни ташкил қилмоқда. Қаранг, йилнинг ўн икки ойидан ярмидан кўпроғини танаффус билан ўтказиб юбоар эканмиз. Масалан, Англияда ўтган ҳафта тур учрашувлари бўлиб ўтмади. Мана шунинг ўзини (аслида кубок баҳслари ўйналди) улар танаффус ўрнида қабул қилиб кетаверадилар. Мен агар ҳозир, турлар оралиғида баъзан юзага келган узоқроқ танаффусларниям қўшсам, бу рақам етти ойдан ошиб кетади. Ахир биз серқуёш ўлкада яшаяпмиз, шундай эмасми?

Йўқ, ноябрнинг охирида ёки февралда футбол ўйнаб бўлмаслигини мен ҳам биламан. Инфратузилмамиз, стадионларимиз ҳали бу талабга жавоб бера олмайди. Демак, ёзги таътилни сал камайтирмасак бўлмайди, жаноблар.

Яна ўша ҳамма томоша қиладиган Европани оладиган бўлсак, йўқ, Европа демайлик-да, умуман, юқори савиядаги футболчи бир йил давомида 60 га яқин учрашувда майдонга тушади. Клубларнинг мавсумга тайёргарлик жараёнини ҳам таътилга ҳисоблаган тақдирмизда ҳам, бир футболчи бир йилда нари борса 1 ой аътилда юради! Атиги бир ой! Биздаги беш-олти ой кўп эмасми? Бунинг устига бизнинг футболчилар йилига 60 та эмас, 30-35 та ўйинда майдонга тушадилар, тўғрими?

Таклиф – ёзги таътилни йўқотиш керак. Мавсум ўрталарида чидаб бўлмас жазирама бўлишини олдини олса бўлади, ҳар бир стадионга 800 люксли ёритгич мосламалари талаби қўйилади холос. Бу унчалик қиммат эмас. Юртимизда март – октябрь ойларида ҳар қандай шароитда футбол ўйнаса бўлади. Ўтган йили терма жамоамиз айнан июль ойларида Қирғизистон билан ўйинларда майдонга тушди-ку. Демак ўша футболга мосланган 8 ойдан максимал даражада фойдаланишимиз шарт. Ёзда қирқ кун дам олиш чиндан ҳам кўп.

Бизда кўпинча қанақа бўлади? Айниқса, баҳорда ОЧЛ да қатнашадиган клублар асосий эътиборларини Осиёга қаратадилар ва ўйинларни қолдиришга мойилроқ бўладилар. Тақвим тузилаётганда ҳам кўпинча, уларнинг иштироки бўлади, имкон қадар дастлабки тўрт ойдаги тақвим зич қилинмайди. Мисол учун, ўтган йили дастлабки 13 турнинг ўтказилиши тўрт ойга чўзилди. Қаранг, ҳатто ҳафтада битта ўйинга ҳам тўғри келмаяпти. Мана шу даврда ФИФА кунлари фақат бир марта бўлганини, терма жамоамиз расмий баҳсларда умуман майдонга тушмаганини таъкидлаш жоиз. Осиё Чемпионлар Лигаси ўйинлари эса, аслида ПФЛ га умуман алоқаси бўлмаслиги кераклигини юқорида айтдик. Барибир, бу ўз таъсирини кўрсатади. Яъни етакчи клубларимиз ўзлари учун энг масъулиятли бўлган палла – баҳорда миллий чемпионат ўйинларида камроқ тушишга ҳаракат қиладилар. Июлда дам олинади.

Қолган тўрт ойда эса кейинги 13 турни ўтказиш керак бўлиб қолади. Лекин кейинги тўрт ой олдингидек шароига эга бўлмайди. Энди терма жамоа йиғинлари кўпаяди, расмий учрашувлар бошланади. Бўш кунлар мавсум бошидаги каби бўлмайди. Боз устига, ўйинларни кейинроқ муддатга қолдиришнинг иложи йўқ, ҳамма белгиланган учрашув мана шу белгиланган оралиқда ўтиши шарт. Кейин мавсум тугаб қолади.

Хўш, баҳор-ёздан унумли фойдаланиб, иложи борича кўпроқ турларни ўтказиб олсак яхши эмасми? Қаерда ёзиб қўйилган, биринчи давра ва иккинчисининг узунлиги тенг бўлиши керак ёки танаффус фақат ва фақат давралар оралиғида бўлсин деб? Августгача 5 ой вақт оралиғида 16-18 турни ўтказиб олишга имкон топса бўлади. Ўтган мавсумда сентябрнинг бошида 18 тур ўтганди холос. Ўшандаям жуда кўп ўйинлар салмоғи айнан август ойига тўғри келди. Бир ойдан камроқ вақт мобайнида 5 та тур ўтказилганди. Қолган икки ойда, 8 турни ўтказиш, шу билан бирга терма жамоамиз беш маротаба расмий ўйинда қатнашгани учун жуда қийин бўлди. Сабаб, ўша баҳорда ва ёзда вақтнинг қадрига етмагандик.

Мавсумнинг бошида кўпроқ ва тез-тез майдонга тушиш орқали футболчиларнинг, айниқса Осиёда қатнашадиган клуб вакилларининг функционал тайёргарлиги тезлашади. Керакли спорт формасига тезроқ эриша оладилар. Бундан ташқари, тур ўйинларини фақат шанба-якшанба кунларига қўйишдан жуда катта мантиқ кўрмаяпман. Агар мухлисларнинг ишдан чиқиб, ўйинларга улгуриб келишларини таъминлашни (шанба ҳам иш куни ҳисобланадиган муассасалар кўп) мақсад қилган бўлсак, юқорида айтганимдек, бошқачароқ ечим бор – ёритгич мосламаларини ишга тушириш. Ана ўшанда бир ойда ҳеч бўлмаса бир турни ва кубок учрашувларини ҳафта ўрталарида ўтказиб юбориш имконига эга бўламиз. Агар футболчининг жисмоний ҳолатини назарга тутиб, оралиқларни белгилаётган бўлсак, бу нотўғри. Хафтада атиги бир марта майдонга тушиш, агар бу оралиқ давомли бўлса, футболчининг жисмоний ҳолати ва спорт формасини мукаммал сақлаб туриш учун камлик қилади.

Ҳа, Европада деярли ҳафта охирида ўйнайдилар. Аммо бунинг ўзига хос сабаблари ва биздан фарқли жиҳатлари бор. Биринчидан, улар йил бўйи бизга ўхшаб 30 та эмас, камида 45 та ўйинда майдонга тушадилар. Бизга ўхшаб беш ой эмас, бир ой дам оладилар. Иккинчидан, ривожланган чемпионатларда иштирок этадиганларнинг деярли тенг ярми еврокубокларда ҳам қатнашадилар. Миллий кубок ўйинлари ҳам узоқроқ давом этади ва кўп босқичлидир. Айтмоқчиманки, тур ўйинларидан ташқари еврокубокда 8-10 та, миллий кубокда 4-6 маротаба, жами 15 маротаба чемпионатдан ташқари баҳсларда клуб шарафина ҳимоя қиладилар. Агар бу сонга, баъзида чоршанбада бўладиган тур ўйинларини қўшсак, шу ҳосил бўладики, Европада ўйнайдиган оддий футболчи деярли ҳар икки ҳафтада оралиқ кунларда ҳам клуби шарафини ҳимоя қилади. Мен бунга ҳали терма жамоа йиғинларини қўшмаяпман.

Бизда-чи?

Ҳозирда Олий лигамизда терма жамоа номзодлари у қадар кўп эмаслигини эътиборга олиб, оддий олий лига ўйинчисини Европа лигаси вакилига таққослаб бўлмайди. Хўш, нега энди етарли сабаблар туфайли амалда бўлган Европа тақвимини ўзимизда қўллашимиз керак? Аслида ўша сабаблар бизда мавжуд бўлмасдан туриб ҳам.

Демак, талаб ва таклифларни қисқача баён қиламан:

1. Халқаро кубокларда қатнашаётган клубларинг ўйинлари уларнинг айнан ўша мусобақада қатнашаётганликлари важидан муддати ўзгартирилмасин.

2. Давралар оралиғидаги ёзги таътил қисқартирилсин. Умуман бу таътил айнан 13 турдан кейин бўлиши шарт эмас. Бўш вақтларда имкон қадар кўпроқ тур ва кубок ўйинларини ўтказиб олинишига эътибор қаратилсин.

3. Ҳозирда терма жамоа режаси аниқ бўлмаса-да, ФИФА кунлари имкон қадар бўш қолдирилсин. Аслида бунга эътибор қаратишни сўрашнинг ўзи кулгили, лекин бу ҳолатлар ўтган мавсумларда ҳам кўп кузатилди.

4. Стадионларда ёритиш мосламаларининг кечки вақтда ҳам футбол ўйналиши мумкин бўлиши таъминланиши шарт қўйилсин. Яъни ҳафта ўрталари ҳам тур ўйинларини ўтказиш учун тўлақонли саналсин ва мухлислар жабр чекиб қолмасин.

Мана шунақа гаплар. Ушбу мавсум олдингилардан ижобий томонга фарқ қилган ҳолда ташкил қилинишини истардик. Токи футболимизнинг юбилей мавсуми футболимиздаги асосий инсонлар – мухлислар қалбида ўчмас из ва хотираларни қолдирсин.

Қаҳрамон АСЛАНОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 14:02, 12.01.2012.
Ўқилди: 29095 марта.
Фикрлар: 24 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.