Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Мозий гигантлари тўқнашуви. Ўхшаш кўрсатгичлар, даражадаги тенглик ва жиддий йўқотишлар

Баҳо:
+ | -

Бугун оқшомда “Олд Траффорд“ да қитъанинг икки гиганти, кўп йиллик шонли тарихга эга икки залворли клуб ўзаро тўқнаш келишади. Иккала жамоа ҳам миллий чемпионатда пешқадам таъқибчиси сифатида иккинчи ўриннинг асосий даъвогарлари.

Яқин ўтмишда совринлар, натижалар, мухлислар этрофи каби бир қанча кретерияларда энг юқори чўққини забт этган “МЮ“ ва Италия футболининг йирик байроқдорларидан бири “Милан“ ҳам замонавий ҳам самарали бошқарув остида эски шон-шарафни қайтаришга жиддий бел боғлаган.

“Манчестер Юнайтед“ 11 йилдан сўнг яна Европанинг иккинчи даражали мусобақасида “Милан“ билан учрашди - бу эса уларда бир неча йил давом этган таназзулининг секин асталик билан йўқолаётганидан далолатдир.

Томонлар айни ушбу турнир доирасида ўзаро 10 маротаба рўбару келишган бўлиб, шундан учтасида “Милан“ зафар қучган бўлса, учта ўйин МЮнинг ғалабаси билан якунланган. Шу ўринда, Манчестерликлар ўз майдонларида италиялик рақибларига қарши аввал бўлиб ўтган бешта ўйиннинг тўрттасида ғалаба қозонишган. Иккала жамоа ҳам Европа Лигасида тўп тепиш тажрибасига эга бўлсада, инглиз жамоасининг тоши оғирроқ. Яъни улар 2017 йилда Жозе Моурино мураббийлигида чемпионлик нашидасини суришган.

“Милан“ эса ўз тарихида бирон марта финалга ҳам етиб бора олмаган. Бунга энг яқин келинган йиллар 1971/1972 ва 2001/2002 йилги мавсумга тўғри келади. “Олд Траффорд“даги ушбу ўйин олдидан “МЮ“ барча мусобақаларда, меҳмонда қайд этилиб турган 21 ўйинлик ғалабали церийани давом эттирган ҳолда “Манчестер Сити“ни (2:0) таслим этди. Бироқ, шунга қарамай, Оле Гуннар Сульшер шогирдлари ўз ҳамшаҳарларидан 11 очкога ортда қолмоқдалар.

Аммо, жамоа анча қониқарли кўрсатгичлар қайд этмоқда. Улар январь ойи охиридан буён кетма-кет 11 ўйинда мағлуб бўлишмаяпти. “Манчестер Юнайтед“ нимчорак финал йўлланмасини “Реал Сосеьдад“дан тортиб олди. Дастлабки учрашувда рақиб дарвозасига тўртта гол киритган “қизиллар“ жавоб учрашувида 0:0 ҳисобидаги муроса кўчасини танлашди. Бу галги рақиб анча жиддий шундай экан, икки ўйиннинг ҳам натижаси бирдек аҳамиятли.

“Милан“

Мавсумнинг иккинчи ярмига келиб, жароҳатлардан нисбатан кўпроқ азият чеккан “Милан“нинг натижалари бироз қониқарсиз аҳволга келгандек таассурот уйғотмоқда. “Россонерилар“ барча мусобақалардаги сўнгги еттита ўйиннинг атиги иккитасида ғалаба қозонишди, шунинг ўзи ҳам ашаддий рақобатчи “Интер“га чемпионликни бой бериш учун етарли бўлиши ҳам мумкин. Жамоа Италия кубогини тарк этган бўлса ҳам, ўзи иштирок этаётган иккита мусобақада совриндор бўлиш имкониятини сақлаб турибди.

Сўнгги икки баҳс давомида “Милан“ “Рома“ ва “Верона“га қарши ғалабани нақд қилди ва ўзига бўлган ишончи маълум маънода қайтариб олди. Ушбу натижа клубнинг қийинчиликларга қарши турғунлигини намойиш этди. “Милан“нинг янги таркиби ўтган ёзда шакллангани ва жамоа қисқа муддат ичида ўз ўйинини яхшилаб бораётгани боис, “Милан“ А Серия пешқадамлиги эмас, вице чемпиони учун ажратилган жойдан ўрин олган.

Яъни улар мусобақа турнир жадвалида 56 очко билан, 62 очко жамғарган “Интер“дан кейин иккинчи ўринда боришмоқда. Миланликлар 1/8 финал босқичига “Црвена Звезда“ни мағлуб этган ҳолда етиб келишди. “Милан“ автогол, иккита пенальти ва меҳмонда урилган гол факторлари эвазига зафар қучган бўлсада жамоанинг асосий камчиликлари Сербия клубига қарши кечган икки ўйинда кўриниб қолди. Шу боисдан айтиш мумкинки, энди бу ёғига жамоа бундай кечиримли рақибга дуч келмайди, хусусан бугун тунда ҳам.

Йуқотишлар

Англиядаги қарама-қаршилик олдидан “Манчестер Юнайтед“ таркибида бир нечта йўқотишлар мавжуд. Маркус Рэшфорд якшанба куни бўлиб ўтган Манчестер дербисида тўпиғидан жароҳат олди, секин-аста юқори спорт формасига чиқиб бораётган Эдинсон Кавани ҳам айни шу сабаб билан ўтган ҳафтадаги машғулотларни ўтказиб юборди.

“Аякс“ билан собиқ Европа Лигаси финалчиси Донни Ван Де Бек эса жамоасининг сўнгги бешта ўйинида майдонга туша олмайди. Шунингдек, Поль Погба, Хуан Мата ва Филь Жонслар ҳам учрашувни ўтказиб юборишади. Жамоанинг биринчи рақамли дарвозабони Давид Де Хеа эса ота бўлганидан сўнг, ҳали ҳамон Испанияда бўлиб турибди, бу эса сўнгги иккита ўйинда “МЮ“ дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолган Дин Хендерсонга яна бир ўйин амалиётини тақдим этади.

Ўз ўрнида меҳмонлар устози Стефано Пиоли ҳам ротациялар амалга оширишга мажбур. Боиси, “Милан“ яна жароҳат олган Златан Ибрагимович ва Исмоил Беннаcэрисиз қолиши кутилмоқда. Аслида, ушбу футболчиларнинг сафга қайтиши ҳақида баъзи тахминлар мавжуд эди, бироқ бунинг амалга ошиш эҳтимоли жуда кам.

Шунингдек, Ребич ва Манжукичлар ҳам қайдномага киритилмаган. Мураббий, Рафаэль Леао билан бирга Манчестердаги ўйин учун ҳужумчилар рўйхатига ҳали дебют қилмаган 20 ёшли Тонинни ҳам киритган. "Россонерилар" яримҳимояда Чалхануглу ва ҳимояда Тео Эрнандеснинг ҳам ёрдамидан фойдалана олишмайди. Албаттаки, бу “МЮ“дек рақиб билан учрашиш учун идеал ҳолат эмас.

Асосий таркиблар

"Манчестер Юнайтед" – Хендерсон, Байи, Уан-Биссака, Магуайр, Теллес, Бруну Фернандеш, Джеймс, Мактомини, Матич, Гринвуд, Марсьяль.

"Милан" – Доннарумма, Томори, Диогу Далот, Кьер, Калабрия, Мейте, Кессиэ, Салемакерс, Крунич, Браим Диас, Рафаэл Леау.

Хулоса ўрнида, ушбу иккала жамоа ўз даврида Европа футболи брендига айлангани, такрорланмас натижалар билан энг салмоқли совринларга эга чиққани, йиллар ўтсада, жуда кўпчилик учун ҳали ҳамон энг суюклилигича қолаётгани учун ҳам бугунги баҳс мухлислар орасидаги катта ёшлилар қатлами учун ёқимли хотиралар китобини очишга сабаб бўлиши, шубҳасиз.


Дадажон Фозилжонов тайёрлади

Манба: stadion.uz
Киритилди: 22:35, 11.03.2021.
Ўқилди: 4988 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.