Легионер футболчиларнинг 3+1 чекловидан унумли фойдаланишни мақсад қилган "пахтакорчилар" кўригида 3 нафар осиёлик футболчи бўлиб турганди. Айни пайтда улардан бири - жамоа ихтиёрига биринчи бўлиб етиб келган Ли Си Инга жавоб бериб юборилди. Боиси футболчи япониялик Наоя Сибимура билан рақобатга дош бера олмади.
Айни пайтда Сибимуранинг ўзи бошқа бир корейс футболчиси Ли Донг Вон билан рақобатга киришган. Кей лига тажрибасига эга футболчи марказий ҳимояда ҳаракат қилса, япониялик Сибимура асосан чап қанот ҳимоясида тўп сурмоқда. Мазкур икки футболчи ичидан Журжевичга кўпроқ маъқул келгани "Пахтакор"да қолиши мумкин.
Қуйида ҳар икки футболчи ҳақида қисқача маълум билан танишинг.
Япониялик Наоя Сибамура (Naoya Shibamura) 5 кундан бери жамоа машғулотларида иштирок этмоқда. Келинг, футболчи ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Латвия чемпиони ва кубоги соҳиби "Вентспилс" жамоасидан келган 29 ёшли Наоя Сибамура 1982 йилнинг 21 сентябрида Япониянинг Хироcима шаҳрида таваллуд топган. Бўйи 179 см, оғирлиги 78 кг. Кўпроқ ҳимоянинг чап қанотида ҳаракатланадиган футболчининг transfermarkt.co.uk сайтидаги баҳоси 100-125 минг еврони ташкил этади. Футболчи профессионал фаолиятини 2005 йили, ўша вақтда Сингапур лигасида иштирок этган Япониянинг "Альбирекс Ниигата" клубида бошлаган бўлиб, клуб сафида 26 учрашув ўтказган. 2007 - 2010 йиллар оралиғида Япониянинг "Ависпа Фукуока" (2007), "Токусима Вортис" (2008), "Гайнаре Тоттори" (2009-2010), "Фудзиэда" (2010) клубларида тўп сурган. 2011 йилнинг март ойидан бошлаб Латвиянинг "Вентспилс" жамоаси билан шартнома имзолаб, клуб билан Латвия чемпиони ва мамлакат Кубоги соҳибига айланган. Бундан ташқари, латвияликлар билан Европа лигаси саралаш баҳсларининг 4 та ўйинида тўлиқ иштирок этган.
Куни кеча жамоамиз машғулотларига қўшилган Ж.Кореялик Ли Донг Вон (Lee Dong-Won) эса "К-лига" вакили "Улсан Хенде" (Ulsan Hyundai) дан келди. Ҳозирда 28 ёшли футболчи 1983 йилнинг 7 ноябрида Ж.Кореяда таваллуд топган. Бўйи 188 см, оғирлиги 85 кг. Ампуласи ҳимоячи. Профессинал фаолиятини 2005 йили "К-лига"нинг "Чуннам Драгонс" сафида бошлаган футболчи жамоа таркибида 22 учрашувда майдонга чиқиб, 2 та голга муаллифлик қилган. 2007 йилда ҳозирда ҳамюртимиз Т.Копадзе тўп сураётган "Инчхон Юнайтед" клубига ўтган ўйинчи, мазкур жамоа таркибида 21 учрашувда майдонга чиқиб 1 гол муаллифи бўлган. Ли Донг Вон 2008 йилни бошқа бир корейс клуби "Дейжон Ситезен" да ўтказган (21 та ўйин, 2 та гол). 2009 йилдан бугунга қадар "Улсан Хенде" (Ulsan Hyundai) сафида ҳаракатланиб келмоқда (25 та ўйин). 2011 йилги мавсумнинг маълум қисмини ижара асосида "Пусан Парк" таркибида ўтказган.
Шунингдек "шерлар" сафида айни пайтда 4та ҳорижлик футболчи ҳаракат қилмоқда. Булар Кахи Махарадзе, Боян Миладинович, Санибал Ораховац ва Иракли Климиашвили. Лимитдан чиқиб кетмаслик учун "Пахтакор" уларнинг бирига жавоб бериб юбориши мумкин.