Европа трансфер бозорида миллионлаб евроларни қизғанмаётган француз ва қатарликларнинг "ПСЖ" клуби ҳамон асосий ўйинчилигича қолмоқда.
XXI аср бошларида жаҳон афкор оммаси Қатарда "Ал-Жазийра" деган телеканал мавжудлигини билиб қолишди. Ўшанда бу феномен ҳақиқатдан ҳам янгилик сифатида қабул қилинганди. Қорачадан келган, жингалаксоч, қоракўз, қордек оппоқ галабея кийиб олган инсонлар Усома бин Лодинга сўз беришар, толибонларнинг қадимий будда ҳайкалларини йўқ қилишганини кўрсатишар, НАТОнинг Афғонистондаги операцияси хусусида майда-чуйдаларигача ҳикоя қилиб беришарди. Радикалларга эфир тақдим этган телеканалнинг ўзи ҳам радикалдек туюлар – биттагина унинг номи ҳаммани ҳуркитар, қўрқинчли бир нарсадек эшитиларди. Ўн йиллар ўтгач "Ал-Жазийра" деганда портлашлар ва қотилликлар, террорчилар ва ҳарбийлар эмас, замонавийлик ва тезкорлик, катта пуллар ва футбол каби мутлақ тинч машғулот кўз ўнгимизга келишини ким ҳам ўйлабди дейсиз?
Арабларга тегишли нефтедолларлар Европани биринчи марта тўлдираётгани йўқ. Англияд саҳнага амирлик шайхлари чиқиб бўлишди – "Манчестер Сити" билан нафақат трансфер, балки футбол майдонларида ҳам ҳисоблашишмоқда. Испанияда Қатар пуллари "мутлақ сотилмаслик" эталони бўлмиш муқаддас тушунчани ҳам синдирди – "Барселона" футболкаларини олд қисмида тилла рангларда битилган UNICEF сўзи ўрнига Qatar Foundation логотипи кўз-кўз қилинмоқда. Энди эса, мана, Европанинг жорий мавсуми старт олиши аввалида "ПСЖ" ҳам янги хўжайинлар қўлига ўтди.
Илк трансфер кампанисидаёқ янги суперклуб харидлар учун 86 миллион евро сарфлади. "Палермо"дан 42 миллионга арегнтиналик юлдуз Хавьер Пасторе сотиб олинди, қолган пуллар эса бир неча иқтидорли футболчлар харидига сарфланди: уларнинг орасида Франция терма жамоаси ўйинчилари Менез, Гамейро, Матюиди, шунингдек, ЖЧ-2010 бронза медали ва Copa America соҳиби – уругвайлик Диего Лугано бор. Бу компаниядан кучли коллектив яратиш учун яхши бош мураббий ҳам керак эди – яқиндагина бу ролга Карло Анчелотти тайинлангани эълон қилинди ва энди унга йилига 6 миллион евро маош берилади.
Хуллас, "ПСЖ" депсиниб турган жойидан қўзғалди. Ўз хўжайинлари ватанига йиғинга жўнаган клуб ахборот оламни яна бир супер миш-миш билан портлатди: Парижга Кака келаётганмиш! Ёлғиз ўзи эмас, "Милан"да бирга тўп тепишган собиқ ҳамкори Алешандре Пато ҳам эргаштириб! Француз матуботининг маълумотларига кўра, Qatar Sports Investments бошқарув компанияси бразилияликлар хариди учун 62 миллион евро ажратган. Ҳозирча футболчининг ўзи ҳам, "Реал"нинг бош мураббийи Жозе Моуриньо ҳам бу трансферни таърифлашдан қочишмоқда. "Кака ҳозирча Мадридни тарк этиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайди, - деди бразилияликнинг матбуот котиби Диогу Кошта. – Трансфер ишлари тинч шароитда, шошма-шошарликка йўл қўйилмасдан ҳал этилмоғи лозим. Боз устига, уни "Реал"да ҳозир ҳамма шароит қониқтиради, у ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда, ҳаттоки терма жамоага ҳам чақирилмоқда. Хуллас, унинг қишки трансфер давомида бошқа клубга ўтиши бўлмаган гап".
Лекин, очиғини тан олиш керак, Кака анчадан буён ўзига ўхшамаяпти ва клубни алмаштириш аллақачон унинг кун тартибида турибди. Нега энди уни кутаётган жойда ўз кучини синаб кўрмаслиги керак? Боз устига, Анчелотти ҳам, спорт директори вазифасини бажараётган Леонардо ҳам "Милан" бўйича Какага жуда яхши таниш. Шу сабаб билан Патонинг ҳам ўтишини эҳтимолли, деб изоҳлаш мумкин. Ҳозирги қишда бўлмаса ҳам, ёзда. Ҳозир, афтидан, "ПСЖ" сафини "Барселона" ҳимоячиси Максвелл тўлдириши аниқ бўлиб турибди.
Одам-бренд даражасига кўтарилган Дэвид Бекҳэм эса янги клуб барпо этишда қатнашмайдиганга ўхшаяпти – бунга оилавий шароит сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Айтишларича, "ПСЖ" футболкалар буюртма қилиб, Осиё бўйлаб турнени ҳам анонс қилган. Қитъанинг айрим жойларида спайс-бой маъбуд даражасига кўтарилган. Лекин иш охирига етай деганда ҳаммаси бузилди. Бекҳэмнинг рафиқаси ва Болаларига Лос-Анжелесда шунчалик яхшики, улар у ердан ҳеч жойга жилмоқчи эмас. Чунки кунлари ўтиб турибди, Бекҳэм эса жамикини пулни барибир ўзиники қилиб ололмайди.
Хуллас, қатарликларнинг нефтедолларлари эвазига "ПСЖ" анча вақт Европа футбол оламининг бош ньюсмекери бўлиб турадиганга ўхшайди. 31 январгача ҳали француз-қатар клуби билан яна бир неча юлдузларнинг номи боғланса ажаб эмас. Трансфер қайд этиладими-йўқми, бу бошқа масала, ҳаттоки аҳамияти кам, асосийси – жаҳон Қатарнинг "Ал-Жазийра" телеканалининг янги образига кўника бошлайди – бадавлат, замонавий ва сипо кишилар. Бриллиантлар билан безатилган ҳилол эса Европа осмони узра ўзгача куч билан порлай бошлайди. Бошқа клубларга эса моливий фейр-плейни кутишдан ўзга чора қолмаяпти, яқинда шунақаси чиқади, кўрасиз...
Иккинчи планга тушиб қолган "Манчестер Сити" ҳозирча ҳеч кимни харид қилмаяпти, аксинча – сотяпти. Гап Тевес ҳақида бормоқда. Уни Миланнинг икки жамоаси ўз сафида кўриш иштиёқида. Бундан тақари, Балотеллининг Италияга қайтиши ҳақида миш-мишлар пайдо бўляпти. Буниси энди чинакам миш-миш. Тевеснинг трансфер бўлиш эҳтимоли эса жуда катта. Ҳақиқатдан йироқ ва яқин ммиш-мишлардан Форланнинг "Барселона"га, Абидалнинг "Арсенал"га, ван Персининг "Реал"га ўтишини келтириш мумкин.
Қайд этилган трансферлар эса унчалик кўп эмас. Энг аҳамиятлилари – "Ювентус"нинг Борьеллони ижарага олишию, албатта, икки суперқайтишлар – Анрининг "Арсенал"га ва Скоулзнинг "Манчестер Юнайтед"га. Бундан мозийга қайтиб иш кўришлар кейинги вақтларда турли сабаблар билан спортнинг ушбу турига қизиқиши сўнган инсонларни футболга янгича нигоҳ билан қарашга мажбур қилади. Агар "Арсенал"га 38 ёшли Пирес ҳам қайтса – ахир у "канонирлар" билан бир неча машғулотларда иштирок ҳам этди – Арсен Венгер вақт машинасини ишга туширгани ҳақида гапирса ҳам бўлаверарди. Афсуски, француз ветерани ё Ҳиндистонга кетади, ё карьерасини якунлаб қўяқоладиганга ўхшаяпти.