«Манчестер Сити» ҳужумчиси Серхио Агуэро мавсум сўнгида жамоани тарк этишини эълон қилди. Аргентиналик футболчи махсус баёнот тарқатиб, "шаҳарликлар" билан шартномани узайтирмаслигини маълум қилди. «Манчестер Сити» ҳам ушбу хабарни тасдиқлади.
«Маълум давр якунланаётганида турлича ҳиссиётлар юзага келади. «Манчестер Сити»даги 10 йиллик фаолиятимдан қониқиш ва фахр туйғусини туяман. Ҳозирги пайтда бир жамоада ўн йил тўп тепиш профессионал футболчи учун ноодатий ҳолат.
10 йил давомида клуб билан биргаликда кўп совринларни қўлга киритдим. Бу вақт давомида мен клуб тарихидаги энг яхши тўпурарга айландим ва «Ман Сити» ишқибозлари билан чамбарчас алоқа ўрнатдим. Улар менинг қалбимда умрбод қолади.
Мен 2011 йилда «Сити»га қўшилгандим. Клуб хўжайинлари ва кўпгина ўйинчиларнинг хизматлари эвазига биз жаҳоннинг буюк жамоалари қаторидан ўрин олдик.
Ушбу даражани сақлаб туриш энди бошқа ўйинчилар зиммасига юкланади. Мен эса мавсум охирига қадар бор янада кўпроқ соврин ютиш ва ишқибозларга қувонч улашиш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан.
Кейин эса фаолиятимдаги янги босқич бошланади. Мен эса янги синовларни тўла профессионализм ва катта иштиёқ билан қабул қилишга тайёрман. Энг юқори савияда тўп тепишга интиламан», – дея баёнот берди Агуэро.
Серхио Агуэро «Сити» сафида 4 марта Англия чемпиони, 5 марта Англия лига кубоги, 3 марта Англия суперкубоги ва бир марта Англия кубогини қўлга киритди. У "шаҳарликлар" тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади — 257 гол (384 ўйинда).