"Яхши одамларнинг яхшилиги ҳақидаги афсоналарда бутун ҳаёт акс эттирилмайди. Нимадир кичик қурбонлик, оддийгина воқеадаги улуғворлик. Бир қари чолни йўлдан ўтказиб дуо оласиз ёки бир кичик мушукчани сувдан қутқарасиз. “Хизрни учратибди, яхшилик қилган одами Хизр бўлиб чиқибди” дейишади ҳам баъзида халқ тилида. Шунақа осонми?
Фалсафа шундаки, инсон бундай воқеаларнинг ўз бошига келишини кутиб яшамасин, доим шундай яшасинки, ўша кичик яхшиликларнинг бирида Худонинг розилиги ётади. Йўлдан ўтказиб қўйилгани чоллардан бири Хизр бўлади.
Ўн икки йил олдин, ЖЧ-2010 саралаш ўйинлари плей-оффда Франция ва Ирландия тўқнаш келган ва дастлабки ўйинда французлар 1:0 ҳисобида сафарда ғалаба қозонгандилар. Жавоб ўйинида ирландлар ҳисобни очишди ва шу билан қўшимча таймларгача ҳисоб сақланиб турди.
103-дақиқада Тьерри Анри рақиб жарима майдони ичида тўпни қўли билан тўхтатди ва очиқ дарвоза қаршисида турган Галласга узатди. Ҳакам қоида бузилишини кўрмай қолди ва ҳисоб тенглашди. Ўйиндан кейин Анри қоида бузганини тан олган бўлса-да, барча саволлар ҳакамларга берилиши кераклигини айтганди.
Бир томондан бутун дунёнинг нафратини қозониб бўлса-да, миллий жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиққан футболчини мақташ ҳам мумкиндек, лекин менга ўша ўйинни шарҳлаган Владимир Маслаченконинг фикрлари ёққанди:
«Анри, эй худойим... Бор, ҳакамнинг олдига,унга қоида бузганингни тан ол, футболга севги изҳор қил! Футбол тарихидаги энг олижаноб шахслардан бири бўлиб тарихга кир!...»
Билмадим, бир шахснинг тарихга кириш муҳимми, ёки ватаннинг ғалаба қозониши, билмадим, футбол каттами ёки ғалаба? Инсонларга муваффақият тарқатиш яхшироқми ёки улуғвор қадриятлар? Катта дилемма, тўғрими?
Албатта, юқоридаги мисол «Машъал» – «Қўқон 1912» ўйинида содир бўлган воқеага у даражада ўхшаш эмасдир. «Қўқон» ҳужумчиси Мўмин Мелиев Анридан фарқли равишда қоида бузмаганди. Мелиев ўз ишини қилиб, тўпни дарвозага тепди. Кейин маълум бўлишича, айтишларича, Мўмин аслида гол бўлмаганини билмаган ҳам.
Бош мураббий Бахтиёр Ашурматов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида бу вазият ҳақида узоқ тўхталди, бир нималарни тушунтиришга ҳаракат қилди. Мелиев ҳам, ўзи ҳам гол деб ўйлашганини, такрорий лавҳаларни смартфонда, кичик экранда кўрганини айтди, агар голмаслигини аниқ билганида бошқача йўл тутган бўлишини таъкидлади, кўп гапирди, балки ростдир, балки ўша паллага қайтиб қолса, бошқача ҳаракат қилар, билмадим.
Агар Мелиев тўп қийшиқ кетганини ҳакамга айтиб, вазиятни тузатганидами... Ёки Ашурматов шогирдларига гол ўтказиб юборишни буюриб, адолатни таъминлашгандами...
Эҳ биз ишонамизми, йўқми, бир тийин, уни қўйинг, ахир қаранг, Мелиевда ҳам, «Қўқон» жамоасида ҳам бутун умрга тарихда қолиш имконияти бугун пайдо бўлганди. Дунёга тарқаб кетган бу ғалати “гол” чиройли якуни билан янада таъсирли бўлар ва яна барибир дунёга тарқаб кетарди.
Тарихда қолишни қўйинг, футболга севги изҳор қилиши мумкин эди бугун Мелиев. Ёки Ашурматов...
Шу пайтгача кўрмаганимиз, балки бундан кейин ҳам, Мелиевда ҳам, «Қўқон» жамоасида ҳам, бошқа ўзбек жамоасида ҳам учрамаслиги мумкин бўлган имконият... Умуман бошқа содир бўлмайди энди. Буни билиб қандай яшаш мумкин?
«Хизрни танимадилар» улар! Тушуняпсизми?
Эсиз..."