Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Иқтидор қаерга йўқолди?

Баҳо:
+ | -

Ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги қитъа ва жаҳон чемпионатлари кўплаб иқтидорли футболчиларни кашф этиши одатий ҳолга айланган. Шунингдек, бундай йирик мусобақаларда ўзларини кўрсатган футболчилар кейинчалик катта футболда кутилганидек ўйин намойиш эта олишмайди. Жаҳон футболида бундай ўйинчиларни кўп учратиш мумкин. Бундан ташқари, бирор-бир клубда ялт этиб порлаб чиқадида, кейинчалик қандай порлаган бўлса, шундай сўнади. Шу каби футболчиларга «Янги Месси», «Янги Роналду», «Янги Пеле», «Янги Зидан»... деб ном беришади. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, у ҳақда ҳатто эшитмайсиз ҳам. Иброҳим Афелай, Гансо, Боян Кркич, Федерико Македа... бундай номларни давом эттиришимиз мумкин.

Албатта, жаҳон футболида бўлгани каби, ўзбек футболида ҳам бундай ҳолатлар кўзга ташланиб туради. Ҳозиргача асосий терма жамоамиз жаҳон чемпионатида иштирок этолмади. Аммо ўсмирларимиз ва ёшларимиз бунинг уддасидан чиқишди. Ҳар бир мусобақада у ёки бу футболчи ўзини кўрсатиб, мухлисларимиз учун умид уйғотди. Шу ёшлар катта бўлса, миллий термамиз ҳам мундиалда ўйнайди, дея умид қилдик. Бироқ турли ёшдаги жаҳон чемпионатларида қаҳрамон бўлган футболчиларимиз, қисқа қилиб айтганда, узоққа боришмади.

Ўша қаҳрамонларимизни ҳозир истасангиз, Про лига ёки нари борса, Суперлиганинг ўртамиёна клубларидан топишингиз мумкин. Қуйида умидларимизни пучга чиқарган футболчиларимиз ҳақида сўз юритамиз.

ШЕРЗОД КАРИМОВ

2009 йили Мисрда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Аҳмад Убайдуллаевнинг асосий қуроли бўлган Шерзод Каримовдан кўп нарса кутилганди. Аммо у мухлислар кутганидек ўйин намойиш қила олмади. Тўғри, «Пахтакор» сафида айрим ўйинларда ўзини кўрсатди. Лекин Каримовга стабиллик етишмади. Кейинчалик «Пахтакор» ярим ҳимоячини Хитойнинг «Циндао Чжуннен» клубига ярим йилга ижарага берди. Хитойда ҳам омади юришмаган Шерзод юртимизга қайтиб келди. «Пахтакор»дан сўнг ўз кучини «Қизилқум», «Локомотив», «Навбаҳор», «Сурхон» каби жамоаларда синаб кўрган Каримов ҳозир 32 ёшда ва Про лига вакили - «Нефтчи» сафида тўп сурмоқда.

КЕНЖА ТЎРАЕВ

Кенжа Тўраев ҳам Мисрдаги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган. Кейинчалик Вадим Абрамов бошчилигидаги Олимпия термасида Лондон—2012 йўлланмаси учун кураш олиб борган. Олимпиячилар сафида ҳам Кенжа ёрқин ўйинлари билан эсда қолганди. Аммо шундан сўнг миллий терма жамоа уёқда турсин, клубларда ҳам ўзини кўрсата олмади. Ҳозирда 32 ёшни қаршилаган футболчи фаолияти давомида «Насаф», «Шўртан» ва «Машъал» каби клубларда тўп сурди. Бироқ айтарли натижаларни қайд эта олмади.

БОБУР ДАВЛАТОВ

«Машъал» тарбияланувчиси ҳисобланган Бобур Давлатовнинг ҳам келажаги порлоқ дея эътироф этилганди. 2011 йили Мексикада бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Бобур яхши ўйин кўрсатганди. Айнан ўша мусобақадан сўнг Давлатовнинг ёрқин футболчи бўлиши тахмин қилинган. Бунинг ўрнига Давлатов Қозоғистон ва Россиянинг қуйи лигаларида тўп суриш билан чекланди. Унинг ҳозирги жамоаси «Нефтехимик» Россия қуйи лигасида фаолият олиб бормоқда.

САНЪАТ ШИХОВ

Фаолияти аввалида «Пахтакор» сафида анча мазмунли ўйин кўрсатган Санъат ҳам ишончни оқлай олмади. Кейинчалик Шихов деярли ҳар йили жамоасини алмаштирадиган бўлди. 31 ёшли футболчи «Пахтакор»дан кейин «Қизилқум», «Динамо», «Навбаҳор», «Бухоро», АГМК ва «Сўғдиёна» сингари жамоаларда тўп суриб, кутилган ўйинни намойиш қила олмади.

ЖАСУР ҲАСАНОВ

«Навбаҳор» ва «Бунёдкор»даги ёрқин ўйинлари билан из қолдирган Жасур Ҳасановнинг адаши бўлган бухоролик Жасур Ҳасановдан ҳам мазмунли ўйинлар кутилганди. Лекин «Бухоро», «Қизилқум», «Локомотив», «Нефт­чи», «Металлург», «Қўқон-1921», «Динамо» каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган Жасур катта Ҳасановдек бўла олмади.

ОЙБЕК ҚИЛИЧЕВ

«Пахтакор» тарбияланувчиси бўлган Ойбек Қиличевни Одил Аҳмедовга ўринбосар сифатида кўрилганди. Аввалига анча яхши ўйнаган Ойбек барибир, якунда тахминларни оқламади. Ҳаттоки, БАА ва Эрон чемпионатларида ҳам ўйнашга улгурди. Аммо хориждан қайтганидан сўнг Ойбек деярли ҳеч бир жамоада барқарор ўйнаб кетолмади. Ўзбекистонда «Навбаҳор», «Андижон», АГМК ва «Локомотив» жамоаларида ўйнаган 32 ёшли футболчи айни пайт «Қизилқум» шарафини ҳимоя қилмоқда.

ИВАН НАГАЕВ

Максим Шацкихдан сўнг юқори савияли ҳужумчига ёлчимаётган Ўзбекистон терма жамоаси, мухлислар Иван Нагаевга умид боғлашганди. Чунки бунга асослар ҳам бор эди. 2009 йили Мисрда анча мазмунли ўйин намойиш қилган Нагаев кейинчалик ишончни оқламади. Тезкор ва техникаси юқори бўлган ҳужумчи шу вақтга қадар «Насаф», «Металлург», «Навбаҳор», «Бунёдкор», «Динамо», «Локомотив», «Ал-Қодисия» (Қувайт), «Бухоро», «Ордабаси» (Қозоғистон), «Қизилқум» ва «Сўғдиёна» каби жамоаларда тўп сурди. Юқоридаги жамоаларнинг ҳеч бирида ўйнаб кета олмаган Иван ҳозирда яна Бекобод жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.

ТИМУР ҲАКИМОВ

2010 йилда Тошкентда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати ва 2011 йилда Мексика мезбонлик қилган мундиалда порлаган Тимур Ҳакимов ва ундан кутилган натижалар ҳақида яхшиси гапирмаган маъқул. 26 ёшни қарши олган Тимур 16-17 ёшида бутун Ўзбекистонга танилиб бўлганди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг ўйини чиқмай қолди.

Ҳакимовнинг ўзи интервьюларининг бирида бунга қуйидагича изоҳ берганди: «Мен ўша пайтлари чиндан ҳам юлдузлик касалига учрагандим. Кўча-кўйда сизни ҳамма танийди. Одамлар доим мақтайди. Ўзимни бошқача ҳис қилардим. Лекин ҳеч қачон бесабаб бирорта машғулотни ўтказиб юбормаганман. Ўшанда анча ёш эдим ва ҳамма танигани учунми, ўзимни зўр футболчи бўлдим, деб ҳисоблардим. Афсус, хато қилган эканман. Ёш эдим, машинам бор эди, терма жамоада ўйнардим, ўзимча осмонларда юрардим. Мени четга жўнатишади, деб ўйлардим ва шундай бўлишига бир баҳя қолганди. Аммо Самвел Бабаян мени қўйиб юбормаган ва шунга яраша бу ерда ҳам ўйнатмаган. Кўп вақтимни ўринбосарлар сафида ўтказдим. «Пахтакор»нинг асосий таркибида фақат 45 дақиқа тўп сурганим эсимда, қолган ўйинларда эса 3-4 дақиқа ўйнаганман. Энди 3-4 дақиқа ўйнаб, қанақасига шаклланиш мумкин?».Тимур ҳам Ўзбекистоннинг кўплаб клубларидаги фаолияти билан «мақтана» олади. Булар орасида «Пахтакор»дан ташқари «Андижон», «Оқ-тепа», «Сўғдиёна», «Обод», «Нефтчи», «Қўқон-1912» ва «Динамо» каби клублар бор.

АББОС МАХСТАЛИЕВ

Аббос Махсталиевга нисбатан ҳам Тимур Ҳакимовга берилган таърифларни қўллаш мумкин. Бу икки футболчи тандеми ўз даврида шу даражада порлагандики, уларнинг овозаси бутун Осиёни «титратганди». Махсталиевга ҳатто бир вақтлари Франция клубларидан ҳам қизиқиш бўлганди. Аммо Аббос ҳам сўниш борасида Тимурдан асло қолишмади. Аста-секинлик билан оддий ўйинчига айланиб қолган Махсталиев «Пахтакор», «Навбаҳор», «Нефтчи», «Сурхон» ва «Янгиер» каби жамоаларда ҳаракат қилди. Ҳозирда у Фарғонанинг «Истиқлол» клуби ихтиёрида бўлиб турибди.

ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:53, 12.04.2021.
Ўқилди: 4659 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.