Деярли дунёдаги барча катта клублар истиқболли ва ёш футболчиларни трансферини амалга оширишга ҳаракат қилиб кўришади. Худди, айни пайтда норвегиялик Эрлинг Ҳоландга "Реал", "Барса", "Манчестер Сити", "Манчестер Юнайтед" каби жамоалар кураш олиб бораётганидек. Ҳозир ҳаммага маълум бўлганидек, бу фақат битта мисол. Скаутлар доимий равишда юлдузга айланиши мумкин бўлган ёш истеъдодларни излайди ва бирор кучлироқ клубларга пуллашга ҳаракат қилишади. Чунки, ўша футболчилар вақти келса, ўз ўйини туфайли нафақат жамоасига, балки ўша футбол агентига ҳам катта фойда олиб келиши мумкин. Ҳозир эса биз сизлар билан ёшлигида ажойиб ўйин кўрсатиб, кейинчалик 20 ёшигача топ клубларга, катта пул эвазига кўчиб ўтган футболчилар ҳақида суҳбатлашамиз. Демак, 20 ёшигача бошқа жамоа сафига кўчиб ўтган энг қиммат 7та трансфер.
Фабио Силва - Португалия (18 ёшида 40 миллион евро эвазига)
Силва атиги бир неча йил олдин "Порту"дан "Вулверхэмтон"га 40 миллион евро эвазига кўчиб ўтганди. Кўринишидан, Нуну Эспирито Сантуш ҳамюртига ҳаддан ташқари ишонган. Фабио "аждарлар" асосий таркибида атиги 1 мавсумни ўтказди. Ёш португалиялик "Порту" таркибида 12та ўйин ўтказди ва битта гол урди. Шу билан бирга, "бўрилар" га ўтишдан олдин ҳужумчи аллақачон Португалия У-19 терма жамоаси сафида 5 та жанг ўтказган ва 3 та гол урган эди.
Очиғини айтганда, Силва "Вулверхэмтон" билан шартнома имзоламагунча, уни кўплаб футбол мухлислари танимас эди. "Бўрилар" ўзларининг тарихидаги трансфер рекордини ўрнатиб, 18 ёшли ҳужумчи билан имзоладилар. Чунки, ўзининг АПЛдаги биринчи мавсумда 17 та гол урган Рауль Хименес учун вулверхемтонликлар атиги 2 миллион евро атрофида пул тўлашган эди. Албатта, ҳеч ким Силвадан бундай ишлашни дарҳол кутмайди, аммо йигитча ҳалигача Премер лигада ўзини кўрсатганича йўқ. Фабио ҳозиргача Англия чемпионатида 25 баҳсда майдонга тушиб, ўз ҳисобига бор йўғи 3та гол ёздириб қўйишга эришган. Лекин, португалияликнинг ҳали эндигина 19 ёш эканлигини ҳисобга олсак, Силванинг юлдузли онлари олдиндалигини тахмин қилишимиз мумкин.
Винисиус Жуниор - Бразилия (18 ёшида 45 миллион евро эвазига)
Бундан уч йиллар муқаддам "Реал Мадрид" 18 ёшли умидли вингер учун Бразилиянинг "Фламенго" клубига 45 миллион евро тўлаган. Шундан сўнг, 2018/19 йилги мавсумдан Винисиус "қаймоқранглилар"нинг асосий таркибига жалб қилина бошлади. Умуман олганда, бразилиялик иқтидор Ла лигада анча яхши ҳаракат қилди. Мадриддаги биринчи мавсумида Жуниор "Қироллик клуби" сафида барча мусобақаларда 31та ўйин ўтказиб, 3та гол ва 12та голли пас берди. Янгилар, айниқса ёш футболчи учун бу жуда яхши кўрсаткич.
21 ёшида Винисиус "Реал" асосий таркибида Ла лига доирасида ҳозиргача 77 та ўйин ўтказган ва 8 та гол ёздириб қўйган. Қолаверса, Испания кубоги, шунингдек, Чемпионлар Лигасида ҳам ўйинлар ўтказиб кетма-кет голлар уришга эришган. Шу билан бирга, бразилиялик футболчи ҳали ҳам асосий таркибдан жой олиш учун курашмоқда. Сабаби, Зинедин Зидан ҳар доим ҳам ёш қанот ҳужумчисига ишонавермайди. Ўтган йилида футболчи ўртача мавсумнинг ярмидан бироз кўпроқроғини майдонда ўтказди, бу албатта уни жуда хурсанд қилмади. Винисиуснинг майдонга тушиш учун жиддий рақиби бор - Марко Асенсио, аммо ҳозир Зидан икки футболчини ҳам майдонга бир вақтда тушурмоқда, яъни позицияларни ўзгартирган ҳолда.
Родриго - Бразилия (19 ёшида 45 миллион евро эвазига)
Мадридликлар ўз трансфер сиёсатига амал қилган ҳолда, 2019 йилда яна бир умидли бразилияликка эътибор қаратди. Бу "Сантос" вингери Родриго эди. Натижада, "қаймоқранглилар" 18 ёшли футболчининг трансферини ўша йилнинг июл ойида 45 миллион еврога расмийлаштирди. Ўша вақтга келиб, футболчида Бразилия клуби сафидаги 49 та учрашувда, 10 та гол ва 5 та голли пас бор эди. "Қироллик клуби" ёш ҳужумнинг иккала қанотида ҳам, марказий ҳужумчи позициясида ҳам ўйнаши мумкинлигига қизиқишган эди.
Родриго "Реал"даги биринчи мавсуми яхши ўтди. Бразилиялик футболчи "қаймоқранглилар" таркибида барча мусобақаларда 26та ўйин ўтказиб, 7та гол ва 3та голли пас оширган. Ҳозирда футболчи учун энг яхши кўрсаткич - Чемпионлар Лигасида "Галатасарой"га қарши ўйин бўлиб қолмоқда. Футболчи мазкур баҳсда хет-трик қайд этган ва голли пас берган эди. Ҳозирча Родриго майдонда унчалик кўп ўйнамаган, аммо Лукас Васкес жамоадан кетиши билан вазият ўзгариши мумкин. Чунки, испаниялик футболчи бразилиялик иқтидор эгасининг асосий рақиби ҳисобланади. Агар клуб Васкес билан ҳеч қандай шартномасини узайтирмаса, Родригода кўпроқ имкониятлар бўлиши аниқ.
Антони Марсьял - Франция (19 ёшида 60 миллион евро эвазига)
2014/15 йилги мавсумда Марсьял "Монако"да самарали ҳаракатлар қилди. Ўша йили 19 ёшли ҳужумчи француз клуби сафида 48та ўйинда 12та гол урган ва 5та голли пас берган эд. Ушбу ҳолат "Манчестер Юнайтед" раҳбарияти эътиборидан четда қолмади ва футболчи билан шартнома имзолашга ҳаракатни бошлаб юборишди. Натижада "манкунианлар" ўша мавсум охирида футболчининг трансферини расмийлаштирдилар. "Монако" Марсьял трансферида катта пул ишлаб олди. Чунки, клуб ҳужумчини "Лион"дан 2 йил аввал 5 миллион еврога сотиб олган эди ва кейин уни инглизларга 60 миллионга сотиб юборишди.
Туманли Альбиондаги биринчи мавсумидаёқ Марсьял 11 та гол урди ва 5 та голли пас берди. Аммо бундан кейин француз футболчисининг кўрсаткичи пасайиб кетди ва шу билан бирга унинг ўйнаш вақти ҳам нисбатан камайди. Фақат 2019/20 йилги мавсумда футболчи жонлана бошлади. Форвард АПЛнинг 32 ўйинида 17 гол урди ва 7 голга узатма берди. Жорий йилда ҳам Марсьялдан барқарор ўйин кутишган эди, лекин жароҳатлар билан боғлиқ муаммога ўралашиб қолган футболчи 22 ўйинда,4 гол уришга эришди.
Маттиас де Лигт (19 ёшида 85 миллион евро эвазига)
2019 йил июл ойида "Ювентус" 19 ёшли ҳимоячи учун "Аякс"га 85 миллион евро тўлаган. Бир ой ўтгач, де Лигт 20 ёшга тўлганида эса, аллақачон А Серияда ўйнашни бошлаган эди. Клублар одатда бундай катта пулни тўлайдилар. Фақатгина истисно футболчилар учун, шунинг учун де Лигтнинг Турин клубига ўтиши кўплаб резонанцларни келтириб чиқарди. Шу билан бирга, "кекса синёра"нинг нотўғри қарори деб аташ мумкин эмас эди. Чунки, 19 ёшли футболчи "Аякс" таркибида 117 учрашув ўтказган ва жамоа сардори бўлган. Футболчининг "Ювентус" клубига олиб келинишидан мақсад, у Жоржиьо Кьеллинининг ўрнини эгаллаши керак эди.
Де Лигт дарҳол "Ювентус"нинг асосий ўйинчисига айланди, чунки Кьеллини жиддий жароҳат олди ва узоқ вақт давомида майдонга туша олмади. Дастлабки, бир неча ой голландияликка қийин бўлди. Ёш ҳимоячи мунтазам равишда хато қилар, мухлислар ва ОАВ томонидан танқид қилинар эди. "Кекса синёра"нинг ўша пайтдаги мураббийи Маурицио Сарри очиқчасига айтган эди, агар Кьеллини сафда бўлса, де Лигт ҳар бир ўйинда майдонга тушмасди. Аммо йигит ўтиш даврига қатъий қаршилик кўрсатди. Чунки, мавсум охирига келиб, Маттиас елкасидан жароҳат олганида, унинг йўқлиги аллақачон жамоа учун катта йўқотиш деб номланган эди. Шундан кўриниб турибдики, футболчи ҳозир ҳам жамоанинг асосий футболчиларидан бири сифатида эътироф этилади.
Жоау Феликс (19 ёшида 126 миллион евро эвазига)
Феликснинг "Атлетико"га ўтиши ҳатто Антуан Гризманнинг ўша клубдан кетиши ҳақида хабарлар чиқишига ҳам олиб келган эди. "Матрасчилар" "Бенфика"нинг асосий таркибида атиги 1 мавсумни ўтказган 19 ёшли ҳужумчи учун 126 миллион евро тўлашди. Ёш футболчи "бургутлар" таркибида чиндан ҳам ажойиб ўйнади. Масалан, 2018/19 йилги мавсумда ҳужумчи Лиссабон клуби таркибида 43 ўйинда 20 та гол урди ва 11 та голли пас берди. Айнан, шу ҳолат уни "Атлетико"нинг диққатини ўзига тортдишига сабаб бўлди.
Аммо Феликс учун Мадриддаги биринчи мавсумни муваффақиятли деб бўлмайди. Биринчидан, португалияликка "матрасчилар" ўйинига қўшилиб кетиши қийин кечди. Иккинчидан, уни доимо жароҳатлар таъқиб қилиб келган. Натижада Феликс бутун мавсум давомида 36 ўйинда атиги 9 та гол урди, бу марказий ҳужумчи учун яхши кўрсаткич эмас. Ёш ҳужумчи 2020/21 йилги мавсумда яхшироқ ишлаши керак эди. Аммо, жорий йилда ҳам ишончли ҳаракат қилмаяпти. Шунингдек, ушбу мавсум бошида португалияликка Луис Суаресни шерик қилиб олишади ва бу Жоау учун айни муддао бўлди. Чунки, тажрибали Суаресдан Феликс кўп нарсани ўрганиши мумкин.
Килиан Мбаппе (18 ёшлигида; 145 миллион евро эвазига)
"ПСЖ" юқори даражадаги келишувларни тузишни яхши кўради. Неймар учун рекорд даражадаги 222 миллион евро сарфлаганидан бир йил ўтиб, парижликлар 18 ёшли ҳужумчи Мбаппе учун "Монако"га 145 миллион евро тўлашди. "ПСЖ"нинг ёш французга қизиқиши тушунарли эди. Мбаппе ўзини Лига 1 да ҳам, Европа мусобақаларида ҳам ажойиб тарзда намойиш этган эди. Ёш ҳужумчи мунтазам равишда Франция чемпионатида гол уриб келди. Қолаверса, "Монако"га Чемпионлар Лигасида "Бавария" ва "Манчестер Сити"ни мағлуб этишига ёрдам берди.
Мбаппени сотиб олиш тўлиқ самара берди. Биринчи мавсумдаёқ Килиан барча мусобақаларда "ПСЖ" таркибида 39 та гол урди. Форвард Франчия ички чемпионатининг деярли барча ўйинларида гол урган ва Чемпионлар Лигасида ўз жамоасига мунтазам равишда жамоасига ёрдам бериб келмоқда. Ўтган мавсум охиригача, ҳужумчи парижликлар сафида 91 та гол урди ва 51 та голли пас берди. Жорий йилда ҳам ушбу самарадорликни давом эттирмоқда. Ҳозиргача, Лига 1 мусобақасида 27 учрашувда, 21 гол уришга эришган. Чемпионлар Лигасида ҳам ажойиб ўйинлар кўрсатаётган Мбаппе 8 ўйинда майдонга тушиб, 8 марта рақиблар посбонини ранжитишга эришган. Ҳозирча "ПСЖ" футболчини ўз таркибида сақлаб қолишга муваффақ бўлмоқда. Аммо Килиан эртами-кечми Париж жамоасидан кетишини ҳамма тушунади.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.