Альфонсо Дэвис - ЕЧЛ кубогини боши узра баланд кўтарган канадалик дастлабки футболчи! "Бавария" топилмаси ўтган йили чинакамига ёғду сочиб, хоккей ватани ҳисобланмиш жонажон юртини фуқаролари "шалпангқулоқ" соврин соҳибига айланган мамлакатлар рўйхатига қўшиб қўйди. Қолаверса, Дэвис ҳозирда ўта шиддатли тараққиётга эришган ҳимоячилар сафида бормоқда.
***
Узоқ Канададан жалб этилган нотаниш йигитча қисқа вақт ичида Дитер-Ханс Флик томонидан шакллантирилган "Бавария"да ўз ўрнини топди, ишончли жангчилар қаторидан жой олди. У шунинг баробарида ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ва ташаббускорлиги билан ҳаттоки, футболга умуман қизиқмайдиган кишилар эътиборини ҳам тортди. Умуман олганда, Дэвис фаолиятидаги энг катта муваффақиятни ўтган мавсум нишонлади, "Бавария"нинг "требл" қайд этишига улкан ҳисса қўшган ҳолда, албатта. 20 ёшли вундеркиндга оид айрим қизиқарли фактларга эътибор қаратинг:
1. Канадалик ҳимоячи 2020 йилнинг июль ойида Германия чемпионатида тезлик суръати бўйича рекорд ўрнатди. У 32-турдан ўрин олган "Вердер"га қарши учрашув (1:0)да 36,51 километр|соатга тенг тезлик қайд этди.
2. 2020 йилнинг ноябрь ойида CIES Football Observatory спорт тадқиқотлари халқаро маркази Альфонсони дунёнинг энг яхши ёш футболчиси (21 ёшгача) сифатида тан олди.
3. Альфонсо Дэвис - Канада миллий жамоаси тарихида гол урган энг ёш футболчи.
4. Дэвис - УЕФА талқини бўйича тузилган Европанинг 2020 йилги рамзий терма жамоаси аъзоси.
5. Канадалик ҳимоячи EA Sports талқинидаги FIFA 21 терма жамоаси таркибидан ҳам жой олди.
Бу фактларга қараган киши беихтиёр ёш футболчи муваффақият йўлига енгилгина ўтганини ўйлаши мумкин. Бироқ кўпчилик Альфонсо не-не қийинчилик чийриғидан ўтиб келганини билмаса керак.
***
Оила бошлиқлари - Дебеа ва Виктория Дэвис фарзандлари туғилишидан олдин Либерияда фуқаролар урушини бошдан кечиришади. Канада миллий жамоасининг бўлажак юлдузи Альфонсо эса Шимолий Америкадан анча олисда - Ганадаги қочоқлар лагерида таваллуд топади. У профессионал футболда дебют қилганидан кейингина ўша қўрқинчли давр тарихидан тўлиқ хабардор бўлади. "Фарзандларим билан чинакамига фахрланаман. Баъзан қочоқлар лагерида егулик ва кийим-кечаксиз кун кўрганимиз кўз олдимга келади. Хайриятки, энди ҳеч камчилигимиз йўқ, барча шарт-шароитларга эгамиз", - деганди Альфонсо Дэвис ҳақида олинган Becoming Canadian: The Alphonso Davies Story ҳужжатли фильмида суратга тушган муштипар она Виктория кўз ёшларини тиёлмаган ҳолда...
***
Футболчининг ота-онаси Либерия пойтахти - Монровияда туғилиб-улғайишган. 1999 йили у ерда навбатдаги фуқаролар уруши бошланади. Турли манбаларда келтирилишича, 4 йил давом этган уруш 150000дан 300000гача киши ҳаётига зомин бўлган. "Жуда оғир ва даҳшатли давр. Бирор жойга бориб-келиш учун кўпинча чўзилиб ётган мурдалар орасидан юришга тўғри келарди. Одамлар фақат қурол ёрдами билан жон сақлаб қолишган. Биз эса урушни истамадик ва кўчиб кетишга қарор қилдик", - дейишганди Дебеа ва Виктория ўша йилларни эслаб.
***
Дэвислар ўн минглаб либерияликлар қатори Гана пойтахти - Аккрадан 44 чақирим узоқликда жойлашган Будубурам қочоқлар лагеридан қўним топишади. Дебеа Дэвиснинг айтишича, отишмалар овозининг йўқлиги Ганадаги ҳаётнинг ягона устун томони эди: "Сув, озуқа ва керакли жиҳозлар учун пул талаб этиларди. Лагерь ҳаёти - оиламиз учун жиддий синов. Қанчадан-қанча одам очлик ортидан ҳалок бўлди. Ҳа, Гана нисбатан хавфсиз эди. Лекин лагердаги ётоғимиз ёпиқ контейнерни эслатарди. Қолаверса, лагерь ҳудудидан четга чиқиш тақиқлаб қўйилганди".
***
Бўлажак футболчи айнан Будубурамдаги контейнерсифат ётоқда дунёга келади. Альфонсо 5 ёшга тўлгач, отаси қочоқларни қайтадан жойлаштириш дастурига мувофиқ, Канадага кўчиб кетиш имкониятига эга бўлади. Барча суҳбатлардан муваффақиятли ўтган Дэвислар оиласи шу аснода 2006 йили Эдмонтон шаҳрига йўл олади. Бутун Канадада бўлгани каби Эдмонтонда ҳам асосан хоккей билан нафас олишсада, Дебеа ўғлини футбол секциясига топширади. Бутса ва спорт формаси сотиб олишга пули йўқ Дэвисларга кам таъминланган ва ночор оилаларга моддий кўмак берувчи Free Footie ташкилоти ёрдами жуда асқотади. Альфонсо шу кўмак билан ўзи ёқтирган спорт тури билан шуғуллана бошлайди. Дэвис таҳсил олган мактабда унинг болалар миқёсидаги турли мусобақаларда қўлга киритган дастлабки совринларию, суратлари ҳамон сақланмоқда. "Ота-онаси доимо иш билан банд бўлишган, 10 ёшли Альфонсо эса укаси ва синглиси учун масъул эди. Тенгдошлари видеоўйинларга шўнғиган паллада у укаларига овқат тайёрларди, уларга қарарди", - дея хотирлайди "Эдмонтон Страйкерс" клубида Альфонсога сабоқ берган мураббий Ник Хусей.
***
Мураббийлар Дэвиснинг меҳнатсеварлиги, етакчилик ва жамоа учун ўйнаш хусусиятини эрта кунда пайқайдилар. Йил сайин маҳоратини ошириб борган йигитча 14 ёшида "Ванкувер Уайткэпс" скаутлари эътиборига тушади. Якунда Альфонсо UCL (United Soccer League) клуби билан профессионал шартнома тузган энг ёш футболчига айланади. "Албатта, Альфонсони Ванкуверга ёлғиз қўйиб юборишни истамагандим. Ўғлим безори болаларга қўшилмаслик ва тез орада биз фахрланадиган йигит бўлишга ваъда бергач, сафарига қаршилик қилмадим" - бу ҳам футболчининг онаси хотирасидан иқтибос. Дэвис дарҳақиқат, ўз сўзи устидан чиқади - 1 йилдан камроқ вақт ичида "Ванкувер Уайткэпс"нинг МLSда иштирок этадиган асосий жамоасида қанот ҳужумчиси позициясини эгаллайди. "Альфонсо тенгдошлари орасида яққол ажралиб турарди. Қўшимчасига, ўта камтар йигит эди, доимо кулиб турарди", - дея хотирлайди "Ванкувер" академияси техник директори Крейг Далримл.
***
Дэвис "Ванкувер" либосида КОНКАКАФ ЧЛ турнирида гол урганидан кейин эса, Европанинг номдор клублари ҳам унга назар сола бошлади. Аввалига "МЮ" йигитчани ўз томонига оғдиришга жуда яқин келди. Бироқ келишув амалга ошмади. Кейинчалик Россия клублари қизиқиши ҳам самара бермади ва Дэвис "Ванкувер"да қолди. Жамоадаги 3 мавсум давомида 60тадан кўпроқ ўйинда майдонга тушган асли африкалик футболчи шу аснода Канада фуқаролигини қабул қилди ва КОНКАКАФ миқёсидаги "Олтин кубок"-2017 турнирида қатнашди. Хусусан, миллий жамоадаги дебютини Франция Гвианаси термасига қарши кечган ўйинда нишонлаб, буни "дубль" билан безади. Альфонсо кейинги баҳсда Коста-Рика термаси дарвозасига ҳам гол урди ва турнирни энг яхши ёш футболчи сифатида якунлади.
***
Дэвис 2018 йилнинг августида МLS юлдузлари терма жамоаси таркибига кирди ва "Ювентус"га қарши кечган кўргазмали беллашувда майдонга тушди. Ўша паллада 18 ёшли иқтидорнинг январда "Бавария" либосини кийиши маълум бўлди (МLS учун рекорд сумма - 10 млн. евро эвазига). "Арьен Роббен билан кийиниш хонасида учрашганимда, ҳайратдан донг қотиб қолдим: "И-е, бу 2013 йили дунёнинг энг яхши футболчи мақомини олишга тўла ҳақли бўлган кумирим-ку!" Барчаси туш эмас, ҳақиқатлигини, компьютер ўйинларида ҳамиша мен жамоамга оладиган Роберт Левандовски билан гаплашаётганимни англаш - қандай ажойиб", - деганди Дэвиснинг ўзи.
***
Альфонсо муваффақиятга осонликча эришгани йўқ. Канадалик йигит Нико Ковач раҳбарлигидаги ярим йил ичида "Бавария II"да голлар уришига қарамай, асосий жамоада 90 дақиқадан камроқ ўйнади, холос. Ханс-Дитер Флик келганидан кейингина Дэвис чинакам имкониятга эга бўлди. Мураббий канадаликнинг тезлиги ва чаққонлигини ҳисобга олиб, унга чап қанот ҳимоясини топширди. Муҳими, футболчи янги ролга тезда мослашди ва Давид Алаба маслаҳатларига риоя қилган ҳолда, мислсиз ўсишга эришди. "Бавария" "требл"ни расмийлаштирган, ҳимоячи ўз юртида юлдуз даражасига чиқиб, қимматбаҳо футболчилар сафидан жой олган бўлсада, у ўз ўтмиши ва ота-онаси босиб ўтган машаққатли йўлни унутган эмас. Дейлик, Альфонсо пандемия даврида муҳтожларга кўмаклашиш масаласига бефарқ қарамади. У жумладан, ҳукумат томонидан жорий этилган "Биргаликда таҳсил оламиз" дастурининг фаол иштирокчига айланди. Бу лойиҳа Канадада қочоқларга сифатли таълим бериш билан шуғулланади. Айтганча, Дэвис шу йил мартда БМТнинг қочоқлар масаласи бўйича "Яхши ният элчиси" мақомига лойиқ кўрилди.
Сўз
- Қочоқлик нима эканлигини биламан, бу қисмат ҳаётимнинг бир қисми. Энди ўз тажрибамни бошқалар билан баҳам кўриш имкониятига эгаман. Бундай масъулият ҳар куни одамлар билан мулоқот қилишга ундайди. Бошқаларга ўрнак кўрсатиб, уларда келажакка умид уйғотишни истайман. Ишонч ва интилиш билан ҳар қандай муаммони ҳал этиш мумкин. Менинг тарихим кўпчилик ҳаётини изга тушириб юборишига ишонаман. Ўтмишимни унутмаганим ҳамиша астойдил ишлашга ундайди. Альфонсо Дэвис ("Бавария" ҳимоячиси).
О.АТАБОЕВ тайёрлади