Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Можаро: Исёнкор иккиюзламачи

Баҳо:
+ | -

«Ювентус» соҳиби Европа Суперлигаси лойиҳасида мунофиқларга хос йўлни танлаб, 200та клубга қарши иш олиб борди ва ўзининг дўсти, қизининг тутинган отаси бўлмиш УЕФА президентига хоинлик қилди.

Андреа Аньелли - «Ювентус» президенти. Суперлига лойиҳасида у «Реал» президенти Флорентино Переснинг асосий ўринбосари ва шериги. Шунингдек, яқинда бўлиб ўтган воқеалардаги энг муҳим шов-шувнинг сабабчиси. Перес Суперлига хусусида анчадан бери ва очиқ-ойдин гапираётган бўлса, Аньелли унинг жосуси сифатида хуфёна иш юритган. У евроклубларнинг етакчи маслаҳат кенгаши органи ва УЕФА президентининг шахсий ҳаётига суқилиб кирган, «Ювентус»ни янги воқеликка тайёрлаган ҳолда ўз режаларини сир сақлаганди.

Суперлига лойиҳасининг барбод бўлиши Аньеллини жиддий йўқотишларга олиб келди. Деярли барча исёнчи клублар соҳиблари бирор-бир муаммосиз аввалги позицияларига қайтиб, фаолиятларини давом эттира оладилар. Аммо Аньелли бундай қила олмайди. Чунки у ўзгача тоифадаги исёнчи.

Аньелли УЕФАга мақбул бўлган ягона топ-клублар гуруҳининг раҳбари сифатида оппозицион Суперлига таклифини рад этганди. 2017 йилнинг сентябрида у Европа клублар ассоциацияси (ЕКА) раҳбарига айлангач, футбол структурасида катта таъсир доирасига эга бўлди.

ЕКА «кўҳна қитъа»нинг 247та клубидан ташкил топган йирик ташкилот эди. У ерда аъзолар ўзаро мулоқотда бўлиб, манфаатли ислоҳотлар, еврофутбол тараққиётига оид қарорларни кўриб чиқишар, ўз муносабатларини билдиришарди. УЕФА учун ЕКА клублар манфаатини ҳимоя қиладиган бирдан-бир қонуний орган, яъни клублар касаба уюшмаси эди. У билан бамаслаҳат фаолият юритиш УЕФАга қитъа футболини назорат қилиш имкониятини берарди. Унгача ташкилот муқобил позициядаги, баҳслашишни хуш кўрадиган G-14 гуруҳи билан ҳамкорлик қилар ва асосан футболчиларнинг терма жамоалардаги иштироки учун клублар оладиган товон пулларини белгилаш масалалари билан шуғулланарди. Кейинчалик ўтказилган ислоҳотлар натижасида G-14 ҳажм жиҳатидан улкан, лекин тажовузкорлиги суст бўлган ЕКАга айланди.

Ассоциация УЕФАга қарши кескин қадамларни қўллаб-қувватламасди. 2018 йилнинг охирида Аньелли Европа Суперлигасини ташкил этиш ғоясини олға сурди. Топ-клублар бу лойиҳани Аньеллининг иштирокисиз муҳокама қилишди: «Келажак белгиланган эмас, аммо «Юве» ва ЕКА номидан Суперлига ғоясини рад этишим мумкин».

«Реал» 5 йил ичида 3 марта ЕЧЛ ғолиблигига эришган пайтда нима учун Пересга Суперлига керак бўлиб қолди? Унинг пули озми ёки таназзулга юз тутдими? Ёки ғоялар шайдосими?

Аньелли эса ўз вақтида ФИФА томонидан олға сурилган КЖЧнинг кенгайтирилган вариантига қарши чиққанди. У четдан келадиган ҳар қандай янгиликни рад этарди. Бироқ учинчи еврокубок ғоясига қарши эмасди. Март ойида у ЕЧЛнинг янги формати хусусида баёнот берганди.

Аньелли ва УЕФА раҳбари дўст эдилар. Аммо...

Андреа Аньелли ва Александер Чеферин деярли бир пайтда йирик футбол ташкилотлари бошқарувини ўз қўлларига олиб, тезда дўстлашиб кетишди. Яқинлик шу даражага етдики, Чеферин Аньелли қизининг чўқинтирган отасига айланди. Ва албатта, дўстона муносабатлар учун турли айбловларни ҳам эшитди. Мана, улардан бири: қизига кўрсатилган эҳтиром учун Аньелли Чеферинга «Феррари» совға қилган ва хусусий самолётидан фойдаланиш ҳуқуқини берган экан. Чеферин буларни инкор этди: «Феррари»да ҳатто ўтирган ҳам, самолётда учган ҳам эмас.

Бироқ идеология фронтида уларнинг ўзаро таъсири сезилиб турарди. Ўзининг сайловолди дастурида УЕФА раҳбари митти клублар ва давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш режасини олға сурганди. Лекин кейинчалик ўзгаришлар киритиб, топ-клубларга ён боса бошлади.

УЕФА ҳамда ЕКА ўртасидаги муносабатлар раҳбарларнинг шахсий муносабатларидан андоза оларди. Аньелли «Суперлига бўлмайди» деган баёнотни эълон қилганида Чеферин унинг ёнидаги стулда ўтирганди. 2017 йилнинг ноябрида улар ўзаро келишув меморандуми мухлатини 2024 йилга қадар узайтиришни маълум қилганларида, яъни мавжуд форматга зид бўлган турнирларга йўл қўймасликлари хусусида келишувни имзолашни айтишганди.

Энди ҳаммаси барбод бўлди.

Чеферин буни душанба оқшомида, матбуотдаги «портлаш»дан кейин тушунди: «Ҳаётда кўплаб воқеаларга гувоҳ бўлдим. Ҳуқуқшунос лавозимида ишладим, жиноий ишларни кўриб чиқдим, турфа кишиларга дуч келдим. Аммо бунақасини ҳеч қачон кўрган эмасман. Аньелли хусусида кўп гапиришни истамайман. Бу мен учун ҳаётимдаги энг катта кўнгилсизлик. Шу қадар кўп ёлғон гапирган кишини кўрмагандим. Ақл бовар қилмайди. Шанба куни турли миш-мишлар тарқаганида, у шундай деганди: «Хавотир олма, ҳеч нарса бўлмайди», кейин қўшимча қилди: «Бир соатдан кейин қўнғироқ қиламан». Ва телефонини ўчириб қўйди. Бир кундан кейин янгиликдан хабардор бўлдим».

Аньелли «Юве»нинг

йўналишини ўзгартирди. Энди бутун футболни ўзгартирмоқчи

У 11 йилдан бери «Ювентус»ни бошқармоқда - бу давр ичида клубда глобал ўзгаришлар юз берди: спорт, бизнес-лойиҳа ва бренд сифатида.

Аньелли келган пайт клуб можаролар чангалида қолган, молиявий муаммоларга дуч келганди. Қаторасига икки мавсумни жамоа 7-ўринда якунлади, таркиб ўртамиёна, мураббийлар қўнимсизлиги авж олганди.

Шу пайтгача «А» серияда ишламаган Антонио Контени айнан Аньелли бош мураббий лавозимига олиб келди. Жузеппе Мароттани ҳам у таклиф этиб, клуб менежментини жонлантирди, бир қатор самарали келишувларни амалга оширди. «Милан»да омадсизликка дуч келган Аллегри ҳам Аньелли туфайли «Юве»га ўтди. Аньелли даврида жамоа 9та чемпионлик, 4та Италия кубоги, 5та суперкубокни қўлга киритди, 2 марта ЕЧЛ финалига чиқди.

Шу билан биргаликда, Аньелли Роналдуни Туринга олиб келди, улкан ўзгаришларни амалга оширди. «Ювентус» рамзи ўзгарди, стадион номи сотиб юборилди ва 1903 йилдан бери илк марта клуб либосидаги йўл-йўл чизиқ олиб ташланди. 10-йиллар ўртасида президент клубни МБА ва МХЛ жамоаларидан ибрат олишга даъват этишга киришди: «Бизни ўзгаришга мажбур этишларидан аввал ўзгаришимиз лозим. Биз «Ювентус» миллениаллар, аёллар ва болакайлар қизиқишини тортишини истаймиз. Шанхайдаги қизалоқ ёки Мехикодаги тинейжер биз ҳақимизда қандай фикр­да эканлигини билишни истаймиз».

«Кекса синьора» президентидан яна бир муҳим баёнот: «Эмишки, мен «Юве»га услубини қайтарибман. Бироқ мен унинг услубидан бехабарман. Бу борада нуқул четдаги кишилар мунозара қиладилар, аммо клубда ишлаётганлар жим. Балки «Ювентус»нинг услуби ғалаба қозонишдир. Мен учун - нафақат майдонда юз берадиган ва мухлислар томоша қиладиган ғалаба, балки қўлга киритилган совринлар ва молиявий барқарорликдир».

Бироқ совринларни кўпайтириш анчадан бери Аньеллининг бирдан-бир мақсади эмас. Унинг фалсафаси ўзгарган. «Ювентус» бизнесга муккасидан кетди. Сарри, Роналду, Пирло - буларнинг барчаси ўйин учун эмас, бренд учун мўлжалланган. Яъни, президент «Юве»ни аввал тижорат йўлига бурди ва мақсадига эришди. Энди у муваффақиятни бутун футболга татбиқ этмоқчи.

«Амалдаги тизим замонавий мухлисга мўлжалланган эмас. Ёш мухлисларнинг 2|3 қисми топ-клублар беллашувларини томоша қиладилар. Келажак ҳақида қайғуриш бизнинг бурчимиз. Футбол кейинги ўн йилликда биринчи рақамли спорт тури мақомида қолиши лозим. Ҳозирги аудиториянинг диди ривожланиб, нозиклашиб бормоқда. Янги авлод вакиллари 5 йилдан кейин маҳсулотимизнинг асосий истеъмолчиларига айланишларини инобатга олган ҳолда, ўзимизга савол берайлик: ўшанда ҳам уларни бугунги маҳсулотимиз - ўйинимиз сифати қониқтира оладими? Уларни қизиқарли турнирлар билан таъминлашимиз шарт».

Қандай қилиб Аньелли Италиянинг энг бадавлат оиласи меросхўрига айланди?

1. Андреа - Умберто Аньеллининг ўғли.

2. Умберто Аньелли - Жанни Аньеллининг укаси.

3. Жанни Аньелли - FIAT ҳамда «Ювентус» тарихидаги асосий шахс ва Италиянинг ХХ асрдаги энг муҳим кишиларидан бири.

Жанни туринлик уруғ-аймоқларини кўтарди: автокомпаниядаги шерикларини сиқиб чиқариб, Европада биринчи бўлиб ишлаб чиқаришда конвейер усулини жорий этди. Биринчи жаҳон уруши даврида қурол-аслаҳа ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Урушдан ке­йин мамлакат қашшоқлашиб қолди, иқтисодиётнинг 75 фоизи қишлоқ хўжалиги зиммасига тушди. Жанни Аньелли иқтисоди оқсаб қолган ўлкани ажойиб Шимолга эга бўлган қудратли саноат марказига айлантирди. Ялпи маҳсулот ҳажми бўйича Италия жаҳоннинг етакчи давлатлари қаторига кўтарилди.

Бир неча ўн йилликлар давомида Жанни маҳаллий автосаноат корхоналарини ўз тасарруфига олиб, қурилиш, нефтни қайта ишлаш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва медиа тармоқларига сармоялар киритди. 80-йилларда FIAT дунёдаги энг йирик автокомпания мақомига эга бўлди.

Италия иқтисодиётининг 25 фоизи Аньеллилар оиласига тегишли эди. У ўзига хуш келмаган давлат арбобларининг тайинланишига йўл қўймас, бизнесга халал берадиган давлат қарорларини бекор қиларди. Шунингдек, манфаатли қонунларни жорий этарди. Масалан, япон автомобилларининг Италияга импортини тақиқлаб қўйди. Халқ орасида пайдо бўлган ҳикмат бежиз эмасди: «Аньеллига ёққан нарса - Италияга ёқади».

Жанни ва укаси Умберто ўртасидаги муносабат ота-бола муносабатидан фарқ қилмасди. Шу боис, Андреа аслида Жаннининг жияни бўлсада, амалда набира мақомида. Ўғли дунёга келгунига қадар, Андреа Аньеллилар сулоласининг сўнгги эркак вакили эди. У аввал Оксфорд коллежида, кейин Миландаги «Боккони» университетида таҳсил олган. Университетдан кейин Европадаги йирик компанияларда савдо ва маркетинг масалалари билан шуғулланди. 90-йиллар охирида «Юве»нинг тижорат бўлимида брендни ривожлантиришга ёрдам берди. Маркетинг соҳасидаги узоқ фаолиятдан сўнг у ҳомийлик ва ташқи алоқалар йўналишида ҳам хизмат қилди. Кейин ўз компаниясини очиб, бизнес билан шуғуллана бошлади. Шу билан бирга, спорт оламига кириб келди: Андреа аввалига гольф-клубда бош директор лавозимида ишлади. Кейин футбол тизимига ўтиб, 34 ёшида «Ювентус» президенти лавозимини эгаллади.

Х.ЮСУПОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:30, 10.05.2021.
Ўқилди: 3467 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.