Одил Аҳмедов Россияга Осиё кубоги-2011нинг энг яхши футболчиларидан бири сифатида Россия чемпионатига йўл олганди. Бир йил ичида у "Анжи" мухлисларининг энг севимли футболчиларидан бирига айланиш билан бирга, клубда Это'О, Карлос, Жирков каби футболчилари бўлишига қарамай, жамоанинг 2011 йилдаги энг яхши футболчиси деб тан олинди. "Советский спорт" нашри мухбири у билан суҳбатлашишга қарор қилди.
Қизиқ томони, "Советский спорт" мухбири ундан интервью олишни мақсад қилганини бошқа ҳамкасбига айтганида, "Мен бу футболчининг қиёфаси қандай эканини яхши билмайман!", деди. Ҳа, Одил ташқи кўриниши билан ёдда қолмас, аммо унинг ўйини...
— "17 йиллик фаолиятим давомида бундайин камтар футболчини учратмаганман, — дейди "Анжи" клубининг ташкилий бўлими директори Дмитрий Балашов. — У умуман овозини кўтариб гапирмайди. Ҳеч қандай ортиқча сўз айтмайди. Уни ҳаётда кўриб, майдонда шиддат билан ўйнашига, ҳар бир қарич ер учун охиригача курашишига мутлақо ишонмайсан".
— Ҳаётда қайсар ва сурбет бўлишдан нима фойда? — ҳайрон бўлади Аҳмедов, 20 дақиқадан кейин суҳбатдошининг ёнига, креслога ўтирар экан. — Инсонларнинг жаҳлини чиқариш учунми? Майдонда ўжар бўлиш керак. Валерий Кузьмич Непомняший мени "Пахтакор"нинг асосий таркибида тушираётганида буни ўргатганди. Камтарлик менга майдонда халал бермайди. Ахир "Пахтакор"нинг сардори бўлганман...
"Голларни ҳисоблаб юрмайман"
Аҳмедов — "меҳнаткаш от" тоифасига кирадиган футболчи ҳисобланади. У ҳар бир ўйиннинг бошидан охиригача майдон марказида тиним билмай меҳнат қилади. Нафақат майдон марказида, балки бутун майдон бўйлаб.
— Ман "Анжи" сафига Осиё кубогидан кейин келиб қўшилдим, — дейди Одил. — Терма жамоада марказий ҳимояда ўйнадим. Умуман олганда, барча позицияларда ўйнаб чиқишга улгурганман — қанотлардан, ҳужумчи ортида. Фақат дарвозани қўриқлашим қолган. Ўзбекистон чемпионатида ҳужум ортида ўйнаб, 20га яқин гол урганман...
— Нима учун "яқин", Одил?
— Мен голларимни ҳисоблаб юрмайман. Мен учун энг асосийси, меҳнатсеварлик ва ўйинни тушуниш. Бунда гол уришни ҳам унутмаслик керак. "Анжи" сафида эса битта гол урдим — "Волга"га қарши Кубок баҳсида. Клубда гол урадиган футболчилар етарли. Мен бу ерда таянч ярим ҳимоячида ўйнамоқдаман.
Юрий Красножан клубда фақат Аҳмедов ва Жусилей таянч ярим ҳимоячиси эканини таъкидлаб, яна бир нафар таянч ярим ҳимоячиси кераклигини яширмаяпти. Аҳмедов бу хабарни табассум билан қарши олди:
— Мен рақобатни яхши кўраман. Боиси, шу пайтгача ҳали рақобатда ютқазмаганим учундир. Кучли жамоада рақобат бўлиши шарт.
"БААга таклиф қилишган"
"Анжи" бошида Аҳмедовни ижарага олганди. Махачқалъаликлар унинг трансферини "Пахтакор"дан сентябрь ойида тўлиқ сотиб олишди.
— Тўғрисини айтсам, бошида қўрққандим, — дея эслайди Аҳмедов. — Лекин Ўзбекистонда мен барча ютуқларни қўлга киритиб бўлгандим — чемпионлик, кубок, мамлакатнинг энг яхши футболчиси соврини... Агар юртимда қолсам, ўсишдан тўхтаб қолишимни тушунардим.
Аҳмедовнинг сўзларидан унинг хорижга йўл олиш истаги юқори бўлганини ҳис қилиш қийин эмас. Шунинг учун "Анжи"дан таклиф тушганида шартнома бандлари билан қизиқиб ўтирмаган.
— Осиё кубогидан кейин Саудия Арабистони ва БАА клубларидан таклифлар бўлди. Лекин мен айнан Россияга боришни истадим. Ўйин ва тил борасида мослашишим осонроқ бўлишини тушунардим. Менга курашларга бой Россия футболи ёқади. Ўзбекистонда Россия клубларининг ўйинларини трансляция қилиб туришади.
— Ҳозир ҳамма "Анжи"га мухлислик қилаётган бўлса керак-а?
— Ҳа! Ўтган йили "Анжи"нинг ўнга яқин ўйинлари маҳаллий телевидение орқали трансляция қилинди.
"Укам ҳам таянч ярим ҳимоячиси"
Аҳмедовнинг айтишича, Ўзбекистонда миллий терма жамоа футболчилари деярли миллат қаҳрамони экан. Кўчада уларни танишади. Яхши ўйинларда стадион тўлади, 40 минг нафар мухлис йиғилади.
— Бундай мухлис терма жамоа ўйнаганда ёки "Пахтакор" ва "Бунёдкор" ўртасидаги дерби ўйинида содир бўлади. Ўртача эса ўйинларга 10-15 минг мухлис йиғилади. Ҳар ҳолда, Россиядагидан кам эмас, — дейди Аҳмедов. — Онам Россияга келишимга қаршилик қилганди: "Ўғлим, нима қиласан узоққа кетиб, шу ерда ҳам яхши-ку". Агар отам онамни кўндирмаганида, билмадим, ҳозир қаерда бўлардим. Дарвоқе, бувам қаршилик қилгани учун отам профессионал футболчи бўла олмаган. Шунинг учун дадам мени қўлдан келганича қўллаб-қувватлайди. Мени ва укамни. У ҳозир "Навбаҳор"да ўйнайди. У ҳам таянч ярим ҳимоячиси. Биргаликда терма жамоада ўйнаш ниятимиз бор.
Аҳмедовлар оилада беш киши. Одил — ўртанча фарзанд. Энг катта фарзанд эса — қиз, қолганлари эса ўғил. Оила қийинчилик кўрган деб бўлмайди, аммо муҳтожлик пайтлари ҳам бўлган.
— Мен Тошкентдаги олимпия захиралари коллежида ўқиганимда, чўнтагимда пул бўлмасди. Лекин бундан хафа бўлмасдим. Мен футбол ўйнардим ва бундан бахтли эдим, — кулади Одил. — "Пахтакор" билан биринчи шартномамни 17 ёшимда имзолаганман. Маошим 100 доллар эди, ўзимни бой ҳисоблардим.
"Скайпда уч соат"
— Назаримда, жамоамизни катта муваффақиятлар кутмоқда, — ишонч билан гапиради Аҳмедов. — Бу ерда барча ўз ишига жиддий ёндашади. Ушбу йиғинни олиб қарайдиган бўлсак, раҳбарият, администраторлар барча нарсани ҳозир қилишган, биз эса фақат мавсумга тайёргарлик билан бандмиз.
Лекин, Одил оиласи учун ҳам қайғурмоқда. Турмуш ўртоғи қўлида бир ярим ёшли ўғли билан янги фарзандга ҳомиладор.
— Ҳар куни 2-3 соат скайп орқали яқинларим билан суҳбатлашаман. Одатда сафарга чиқаётганимда детектив фильмларни ўзим билан олиб кетардим. Бу сафар эса ёдимдан кўтарилибди. Бундан уйдагилар хурсанд бўлишди — энди улар билан суҳбатлашишга кўпроқ вақт ажратаман, — кулади Одил.
Роберто Карлос "Анжи" администратори Марат Ботировни Бразилияга таклиф қилганди. "Анжи" қачон Ўзбекистонга боради? Аҳмедов эса кулиб жавоб беради:
— Мен жамоани ҳар доим таклиф қиламан. Сизни ва барча мухлисларни ҳам. Ҳаттоки шахсан ўзим ош дамлаб беришга ваъда бераман. Дарвоқе, ош пиширишни мен Москвада ўргандим. Бу ҳам катта муваффақият...
Юрий Красножан, "Анжи" бош мураббийи:
— Фикримча, Аҳмедов "Анжи"нинг 2011 йилдаги энг барқарор футболчиси бўлди. Жамоанинг оёққа туришига кўп ҳисса қўшди. Балки, матбуот "Анжи"нинг бошқа ўйинчиларига кўпроқ эътибор қаратиб, Аҳмедовнинг ўйинига етарли баҳо бермагандир, аммо Одил бундан хафа бўлмаган, деб ўйлайман. Унинг характеридан келиб чиқадиган бўлсак, у журналистларнинг юқори баҳосига муҳтож эмас, унга жамоадошлари ва мухлисларнинг баҳоси муҳим.
Аҳмедовдан ош рецепти
— Агар ош пиширишни истасангиз, аввал қозонга 200 грамм пахта ёғини солинг. Пиёзни майдалаб тўғраб, гўштни бўлакларга бўлинг. 15 дақиқа давомида уларни қовуринг. Кавлаб туришни унутманг! Тахминан бир кило сабзини тўғранг ва уни ҳам қозонга солинг. Бир ош қошиқда туз солиб, яна 15 дақиқа давомида қовуринг. Кейин эса бир-бир ярим литр сув ва махсус зираворлар — барбарис, магиз, саримсоқ пиёз солинг. Қозоннинг қопқоғини ёпиб қўйинг. 20 дақиқадан кейин қопқоқни очиб, унга бир кило гуруч солинг. Гуруч сувни тортиб олганидан кейин, яна қозоннинг қопқоғини ёпиб, ярим соат кутинг. Ош тайёр! Огоҳлантириб қўяман: бу қисқартирилган рецепт. Агар барча икир-чикирлари ҳақидаги гапирадиган бўлсак, сиз билан кулинария ҳақида китоб ёзишимизга тўғри келади.