Кириш Регистрация
15/05 00:00 Тоттенхэм 0-2 Манчестер Сити
15/05 00:30 Реал Мадрид 5-0 Алавес
15/05 01:00 Жирона 0-1 Вильярреал
15/05 22:30 Севилья 0-1 Кадис
15/05 22:30 Райо Вальекано 2-1 Гранада
15/05 23:45 Брайтон 1-2 Челси
16/05 00:00 Ман. Юнайтед 3-2 Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс 1-0 Марсель
16/05 00:00 Ницца 1-2 ПСЖ
16/05 01:00 Сельта 2-1 Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе 0-3 Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас - Бетис
17/05 00:30 Альмерия - Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад - Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи

Немисча «50+1» ёхуд немис футболидаги фундаментал қоида ҳақида...

Баҳо:
+ | -
Бўлим: ЕВРОПА

Одатда, айрим клублар бир киши ажратадиган катта пуллар эвазига муваффақият қозониш мумкинлигига ишонишади. Аммо шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, футболдаги харажатлар олигархнинг жонига тегади ва эртакдек туюлган хаёллар бир зумда фожиага айланади. Қуйидаги материалда эса шу каби янглиш қарорларга қарши курашда асқотиши мумкин бўлган жиҳат - Германия футбол клубларидаги оригинал бошқарув тизими ҳақида гап боради.

Немис футболидаги фундаментал қоида

«50+1» бўйича қарор 1998 йилнинг октябрида қабул қилинган ва 1999 йилнинг 1 январидан кучга кирганди. Ушбу янгиликни эскилик тарафдорлари ҳақиқий футболга зарба деб ҳисоблашган, зеро ўша пайтлари Германиядаги барча клублар аъзолик ассоциациялари ҳисобланишган - четдан инвес­торлар бўлмаган.

«50+1»дан кўзланган асосий мақсад, мухлислар ўз клубларини бошқариш бўйича тўлиқ ҳуқуққа эга бўлишади. Агар ғоя янада ривожлантирилса - клуб бутунлай бир кишига тегишли бўлолмайди, акс ҳолда, уни ўйинчоққа айлантириб юборишлари ҳеч гапмас. Яъни, четдан келадиган пулларга рухсат берилган бўлсада, у маҳаллий бойлар истаган даражада эмасди.

Нега энди «50+1»? Чунки мухлислар 49 фоиз акцияга эга чиққан тақдирда ҳам, ҳар қайси хўжайин уларни енгил қўлга киритиши мумкин эди. Фанатлар уюшмаси аъзолик ассоциациялари деб аталади, ҳар бир клубда аъзоликка даъвогарлар тўлаши керак бўлган муайян сумма белгиланган. Мисол учун, Мюнхеннинг «Бавария» клубида бу йилига 60 евродан кўп бўлмаслиги қайд этилган - айтиш мумкинки, рақам рамзий маъно касб этади. Тўлов эвазига клуб ҳаётига тааллуқли қарорлар чиқариш жараёнида қатнашиш ҳуқуқи берилади. Бу чипталар нархини белгилаш муҳокамасидан тортиб, янги бош мураббийни тайинлаш масаласигача бўлиши мумкин - мазкур ҳолатда қатъий чекловлар ўрнатилмаган.

Аммо белгиланган тартибга муносабат ҳамма ерда ҳам бир хил эмас. Аксарият фаол фанатлар, албатта, норозилик акциялари ва трибуналардаги баннерлар орқали ўз ҳуқуқларини талаб қилишади. Ўз навбатида, айримларга бу тизим халал беради.

Мартин Кинд

Масалан, узоқ йиллардан буён «Ганновер»га президентлик қилаётган, муваффақиятсиз фаолият юритаётган Мартин Кинд «50+1»га жиддий қаршилик билдирадиганлардан бири ҳисобланади. У 2011 йили мавжуд қоидани бекор қилиш йўлида муҳим қадамни қўйди: биринчи ва иккинчи Бундеслига клублари 20 йилдан узоқ муддат жамоани молиявий томондан қўллаб-қувватлаган инвесторларнинг назорат акцияларини сотиб олишларига рози бўлишди.

Қизиғи, 2017 йили Кинд ушбу қоидадан ўз манфаати йўлида фойдаланишга уринган, клубни тўлиқ қўлга киритиб, кейин уни сотишни режалаштирган - аммо уриниш самарасиз чиққан. Сабаби оддий - «50+1» қоидаларидан бирига кўра, инвестор 20 йиллик бошқаруви даврида клуб ҳомийлик шартномаларидан олган маблағдан кўпроқ пул сарфлашига тўғри келади. Қўпол қилиб айтганда, у клуб манфаати йўлида зиёнга ишлаши керак бўлган.

Зиқналиги билан донг таратган Кинд бунга муносиб эмасди ва Бундеслига унга клубни сотиб олиш масаласида рад жавобини берди. Якунда функционернинг ўйлаганлари амалга ошмади, фақат мухлислар билан муносабатлари ёмонлашгани қолди. Унинг айби билан «Ганновер» айни пайт иккинчи Бундеслигада сарсон, клубнинг ёрқин келажакдан умиди сўнган.

Немисча нафратнинг дастлабки  объекти

2015 йилда ушбу қоидадан Дитмар Хопп унумли фойдаланди. У 1989 йилдан буён «Хоффенхайм»ни пул билан таъминлаган, у пайтлари клуб Германия футболи элитаси узоқда эди. Немисларнинг «Лейпциг»ни қанчалик ёмон кўришларини кўпчилик яхши билади, ажойиб қишлоқ клуби ҳам худди шундай ҳолатга тушиши мумкин эди.

Германиялик фанатларнинг кўпчилиги «Хоффенхайм»ни ягона бадавлат шахс томонидан бошқариладиган клуб сифатида танийди. Умуман, аксарият давлатларда оддий ҳол деб билинадиган нарса олмон ўлкасида танқидий руҳда қабул қилинади. Гарчи ҳужжатларда бу ҳақда ёзилмаган бўлсада, жамоатчилик фикри мутлақо ўзгача.

«Доришунослар» ва «машинасозлар»

«Байер» ва «Вольфсбург» - алоҳида мавзу. Леверкузен клубига 1904 йили «Байер»номли фармацевтик компания ишчилари томонидан асос солинган. «Бўрилар» жамоасининг вужудга келиши эса «Фольксваген» автозаводи билан тўғридан-тўғри боғлиқ.

Мазкур икки клуб ҳозиргача юқорида номи қайд этилган йирик компаниялар - Bayer AG ҳамда Volkswagen Konzern томонидан бошқариб келинмоқда. Аммо Кинд давридаги тузатишлардан аввал ҳам улар буни расман тўлиқ ҳажмда амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлишган, корпорациялар ишчиларининг бошқарув масалаларига аралашувига йўл қўйишмаган. Бироқ компания ишчиларининг клуб ҳаётидаги фаол иштироки «Байер» ва «Вольфсбург»ни германиялик мухлислар нафратидан асраб турибди. Умуман, қуйида «Лейпциг» ҳақидаги банд билан танишганда, ўзингиз солиштириб кўришингиз мумкин.

«Ред Булл Лейпциг» - эътирозларнинг бош сабабчиси

Ҳа, гап ўша - 2009 йилда ташкил топиб, иштирокини Германия еттинчи дивизионида бошлаган, ҳозирда Чемпионлар Лигасида қатнашаётган «Лейпциг» ҳақида боради.

Бу клуб «50+1»ни қандай четлаб ўтди? Қоғозда «Ред Булл» концерни чиндан ҳам янги ташкил этилган клубнинг фақат 49 фоиз акциясига эга чиққан, қолган 51 фоизни ўз ассоциацияси вакиллари ўртасида тақсимлаган. Қўпол қилиб айтганда, клуб хўжайинлари атрофдагиларни аҳмоқ деб ўйлашган, зеро «Лейпциг»нинг «50+1» тўдасига кириш учун йилига 800 евро (эслатма: «Бавария»да 60 евро эди) ва қўшимча аъзолик бадали тўлашга тўғри келади. Тушунарлики, хоҳловчилар топилмади, аниқроғи... фақат «Ред Булл» компанияси ходимларидан бошқа. Бошқа клубларда юз минглаб кишилар томонидан тўпланадиган суммани «Лейпциг»да 17 киши қоплади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, агар шу каби ҳолат бошқа бирор клуб (дейлик, Франкфуртнинг «Айнтрахт»и) билан содир бўлганда, у ўша заҳоти фанатларнинг жиддий эътирозига учрар, ўйинлар пайти трибуналарда стадионга келмасликка чақирувчи ёзувлар кўпайиши аниқ эди. «Лейпциг»да эса бундай муаммо вужудга келмади - яқиндагина минтақавий лигадан чиққан тижорий клубда қандай фанатлар бўлиши мумкин? Ҳозир, албатта, жамоанинг ўзига яраша мухлислар бор, аммо у пайтлари ишқибозлар ҳақида гап-сўз бўлмаган. Яхшики, шаҳарда қуйи дивизионларда иштирок этаётган тарихий «Локомотив» жамоаси ҳам мавжуд ва катта ёшли мухлислар меҳри айнан шу клубга тегишли. «Лейпциг»га эса Германиянинг катта қисми нафрат кўзи билан қарайди.

Дарвоқе, яна бир қизиқ факт: клуб расман RasenBallsport Leipzig деб аталади. Нега? Чунки Бундеслига ва УЕФА тасаррувидаги мусобақаларда тижорий ном билан қатнашиш тақиқланади. Ҳа, ҳатто юқорида тилга олганимиз «Байер» ҳам гоҳида шунчаки «Леверкузен» деб аталишга маҳкум.

Сўнгги сўз ўрнида

Кўриб турганимиздек, ҳеч бир тизим идеал эмас, ҳаммасида четлаб ўтиш мумкин бўлган туйнук топилади. Кечирасизу, бундай туйнукларсиз катта мақсадларни амалга ошириш мушкул. Бироқ Германия футболи ҳаммаси бошқача бўлиши мумкинлигига яққол намунадир. Шуниси аниқки, мазкур тизим 100 марта идеалликдан йироқ бўлсин, ўнлаб клубларни йўқлик қаърига шўнғишдан асраб қолади.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 07:00, 21.05.2021.
Ўқилди: 3209 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.