Африкалик йигитча яшил майдон жангчисига айланиш илинжида қулдорлар ва қочоқлар лагерини босиб ўтишга мажбур бўлди ва охир-оқибат, ниятига етди...
ЕЛ доирасидаги «Рома», «МЮ» жавоб учрашувидан кейин Поль Погба ва Бруно Фернандешлар «Рома» ўйинчилари томон йўл олишди ва улар орасидан 19 ёшли Эбрим Дарбони қидириб топишди. Ҳазил, мутойибага йўғрилган қисқа суҳбатидан сўнг, Фернандеш ва Дарбо ўзаро футболка алмашдилар.
Бу оқшом африкалик футболчи ўзи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган учрашувни ўтказганди, ЕЛдаги дебютидан кейин Дарбо Гамбиянинг еврокубоклар тарихидаги энг ёш футболчиси мақомига сазовор бўлди.
Ваҳоланки, бундан атиги 6 йил аввал Эбрима бошига оила аъзолари тирикчигини таъминлашдек ўта мушкул вазифа тушганди. У онаси, укаси ва 2 нафар синглиси билан эски бир вайрона уйчада истиқомат қилар, отаси 2 йил аввал вафот этганди. Уйида егулик учун бирон,бир таом ҳам, пул ҳам қолмаган, атрофда иш ҳам йўқ эди. Кейинчалик Дарбо туъкидлаб ўтганидек, ҳаётнинг қизиғи қолмаганди.
Оила аъзоларини ўз ҳолига ташлаб, тиқилинч автобусда Ливияга отланган пайтида Дарбо 14 ёшли йигитча эди. Ливиядаги турмуш даражаси Гамбиядагидан сезиларли фарқ қилмасди. Шунга қарамасдан, йигитча бирон,бир юмуш топишдан умидини узмади. Бироқ тез орада умидлари бутунлай пучга чиқди. Браиманинг Ливиядаги ҳаётига оид қисқа чизгилар:
Муҳожирликда қулдорлар лагери тасарруфига тушиб қолди. Ёмон муносабат, санитария талабларидан йироқ бўлган оғир шароит, озиқ,овқат ва сувнинг етишмаслиги йигитчанинг ўша даврдаги турмуш тарзини тўла ифодалайди.
Кейинчалик тақдир тақозоси билан Дарбо тасодифан қочоқларни тақсимлаш лагерига ўтишга муваффақ бўлди. У ерда салбий муносабатлар давом этди. Браиманинг айтишича, уни бошқа қочоқлар аёвсиз калтаклашар ва унинг озиқ,овқати, дори,дармонларини тортиб олишар экан.
Қочоқлар лагеридаги 2 ойлик умргузаронликдан сўнг, Дарбо 2 вариантдан бирини танлаш имкониятига эга бўлди: Ганага йўл олиш ёки Италиядаги оилалардан бирининг таклифини қабул қилиш. Дастлабки вариант гамбиялик муҳожирга умумий ётоқхона ва рисоладагидек иш ҳақи билан таъминлайдиган юмушни кафолатларди. Иккинчи имкониятда Дарбони мавҳум келажак, тил билмаслиги билан боғлиқ мураккаб адаптация, нотаниш халқ турмуши билан танишиш ва унга кўникма ҳосил қилиш қийинчиликлари кутарди.
Дарбо Италия вариантини танлади. Кейинчалик у ўз қарорини қуйидагича изоҳлаганди:
«Мен доимо футболни орзу қилганман. қочоқлар лагеридан онам билан боғланиб, Европага йўл олиш борасида унинг розилигини олдим. Мен барча шахсий ҳужжатларга эга бўлсамда, виза олиш осон иш эмасди. Шу сабабли, бошқа эмигрантлар билан биргаликда Сицилияга қайиқда отландим. Кейин у ердан такрорий тақсимланиш учун Римга йўл олдим. Мени қабул қилган оила Италия муҳитига мослашиб олишим учун барча шароитларни яратиб берди».
Ҳаваскорлар жамоасидан «Рома»га
Италияга етиб келган пайтида Дарбонинг бўйи 180 см., вазни эса бор,йўғи 50 кг. эди. Уни ўз бағрига олган оила бир неча ой давомида турли шифохоналарда даволатиб, куч,қувватга тўлишини таъминлади. Охир,оқибат, Браима рисоладагидек вазн ва қувватга эга бўлиб, майдонга туша бошлади.
Аввалига ўз туманининг маҳаллий жамоаси , «Аск Янг Риети» клубида у таянч ярим ҳимоячиси позициясида тўп суриб, 21та ўйинда 43та гол урди. Туман чемпионатининг ғолиби сифатида шаҳар мусобақалари иштирокчисига айланди. Айнан шу турнирда Дарбо «Рома» скаути Мириам Петрццининг эътиборини тортди.
«Мириамдан жуда миннатдорман. «Рома»га қай тариқа келганман? Бир куни уйимизга менга нотаниш бўлган бир киши ташриф буюрди. У ўзини таништирмаган ҳолда мен билан футбол ҳақида суҳбатлашди. Орадан 2, 3 кун ўтгач, менга «Рома»дан қўнғироқ қилишди. Мен аввалига буни ҳазилга йўйдим. Бироқ улар шундай жавоб қайтаришди: «Ундай бўлса, Тригорияга етиб кел, биргаликда қаҳқаҳлашамиз.
Бу менинг орзуларим амалга ошганидан далолат эди. Кейин Мириам билан мулоқотда бўлиб, ундан қандай қилиб эътиборини тортганлигим ҳақида сўрадим. У кутилмаганда қоқилиб кетганим ва майдонга қулаган ҳолатда тўпни рақибдан олиб қўйганим ёқиб қолганлигини айтди».
Дарбонинг «Рома»даги ҳаётидан лавҳалар:
2019 йилдан бери «Бўрилар» тасарруфида. 50000 евро миқдоридаги йиллик иш ҳақини ўзини асраб олган оила ва Гамбиядаги онасига жўнатади. Маблағнинг қолган қисмини нима қилиши хусусидаги саволга ҳар куни эрталаб маҳаллий қаҳвахонада нонушта қилишини айтди.
Тилни билмаганлиги туфайли, Браима жамоа ичида муаммоларга дуч келганди. Унга оз бўлсада хотиржамлик бахш этиш мақсадида, 19 ёшгача бўлган жамоа мураббийлари уни Тотти билан таништириб қўйишди. «Император»нинг даъвати туфайли Дарбо тил ўрганишга янада кучлироқ қизиқиш билан шуғуллана бошлади.
Браима Дарбо 2018 йилан бошлаб асосий жамоа машғулотларига жалб этилмоқда. «Энг қўпол рақиб? Де Росси. Бир марта у орқадан оёғимга тепганди. Ваҳоланки, ўшанда тўп менда эмасди. Ҳайрон бўлиб қарасам, менга бақира бошлади: «Нималарни ўйлаяпсан, йигитча? Ерга тушгинда, эс,ҳушингни йиғиб ол»
Дарбога «Лацио» вакиллари таклиф билан чиқишди. Табиийки, футболчи таклифни рад этди.
Қочоқ мақоми бўлмагани туфайли, Дарбо 1 йил ёшлар жамоалари чемпионатида иштирок эта олмади. Шундан кейин ФИФА унга футболга боғлиқ барча расмиятчиликларни ҳал этадиган ижтимоий хизматчини бириктириб қўйди.
«Рома»? Келажакни олдиндан тахмин қилишни хуш кўрмайман. Аммо фаолиятимни фақат шу жамоада ўтказсам, ажойиб иш бўларди. Мен Италияни ва Римни жуда яхши кўраман! Бироқ Италия фуқаролигини қабул қилиш хусусидаги савол мен учун ортиқчалик қилади. Мен , Гамбия ўғлониман. Бошқа мамлакат фуқаролигини қабул қилиш , ўз ўтмиши, авлодлари ва оиласидан воз кечишни англатади».
С.РАҲМОНОВ тайёрлади.