Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Карим Бензема: «Ҳар ким услубига мослаша оламан»

Баҳо:
+ | -

Биласиз, Криштиану Роналду кетгач, «Реал»да бош голеадор ролини ўз зиммасига олган Карим Бензема ниҳоят, узоқ танаффусдан кейин Франция миллий жамоасига чақирилди. Дидье Дешамнинг бу қароридан ҳамма хурсанд, албатта, рақиблардан ташқари. Жумладан, L’Equipe нашри Бенмазенинг Евро-2020да эффект беришига шубҳаланмаяпти. Футболчининг ўзи ушбу газетага берган интервьюсида миллий жамоа йиғинига жалб этилишидан олдин бош мураббий билан учрашиб, алоҳида гаплашиб олганини яширмади. Асли жазоирлик йигит шунинг баробарида бўлажак Европа чемпионатига катта умид боғлаётганини таъкидлади ва «Реал»даги мавсум таассуротларига ҳам тўхталди.

- Мана, ниҳоят, Франция миллий жамоасига қайтдингиз. Хўш, нималарни ҳис қиляпсиз?

- Менга жамоадан қайта чорлов тушган кун ҳаётимда алоҳида аҳамият касб этади, албатта. Бинобарин, ўзим анчадан буён шундан умидвор эдим, қолаверса, ўйлайманки, кўпчилик миллий жамоага қайтишимни кутаётганди. Ҳозир таклифни қандай хурсандчилик билан қабул қилганимни тавсифлаб беролмайман. Ўша куни Мадриддаги уйимда эдим. Янгилик тарқалганидан кейин телефонимга кўплаб қутлов хабарлари келиб тушдики, бу ҳам воқеа моҳиятини янада оширди. Умуман, кўпчилик алоқага чиқиб, мени алоҳида табриклади. Демак, атрофимдагилар менга бефарқ эмаслар ва бу ҳолат одамга кўтаринкилик бағишлаши тайин. Қайтараман, ўша куни оилам билан бирга эдим ва телефон қўнғироқларига жавоб беришдан бўшаганим йўқ, хусусан, ота-онам билан узоқ вақт гаплашдим.

- Қизиқ, терма жамоа рўйхатида ўз фамилиянгизни биринчи марта кўрганингизда кўзларингизга ишонмагандирсиз...

- Ҳаммаси жуда тез рўй берди. Ўша лаҳзада ноодатий қувонч ва ғурур туйғусини ҳис қилдим. Кейин беихтиёр иродамни синдиролмаган барча воқеалар, ўтган кунларни эсладим. Шунчаки, ҳақиқий «шок»ка тушдим, ахир орадан анча вақт ўтиб кетди...

- Ўзи шу йил таклиф тушишини кутганмидингиз?

- Очиғи, аниқ жавоб беролмайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, ҳамиша умид билан яшадим, ҳеч қачон таслим бўлмадим. Қисқаси, ҳар лаҳзада қайтишга тайёр эдим. Хусусан, якунланган мавсум «Мадрид»да ўта эътиборли бўлиб, бор имкониятимни ишга солдим.

- Дидье Дешам билан гаплашдингизми?

- Албатта, у ҳаммасини атрофлича тушунтирди. Биз узоқ вақт гаплашдик, суҳбатимиз турли масалаларни қамраб олди. Бир-биримизга олдинроқ айтилиши зарур саналган гапларни борича баён этдик. Мароқли суҳбат. Бугун рўйхатдаманми, демак, ўзаро суҳбатимиз самара берди, Дешам мени тўғри тушунди. Айтишим керак, Дидье билан телефон орқали эмас, юзма-юз учрашиб, бафуржа гаплашдик. Ўзи терма жамоага охирги марта 2015 йили борган бўлсам, шундан буён кўришмагандик. Ваҳоланки, ҳамиша ўзаро яхши муносабатда эдик. Мана, энди атиги 3 дақиқалик суҳбатдан кейин ҳаммаси яна ўз ҳолига қайт­ди. Йўқ, Дешам мени Европа чемпионатига олиб бориши ҳақида аниқ гап айтмади. Бу икки эркакнинг самимий ва узоқ суҳбати бўлди ва тафсилотлар орамизда қолади. Фақат ҳаммаси - футбол, ҳаёт, оила ҳақида суҳбатлашганимизни айтишим мумкин. Бундан бир нарсани аниқ англадим - биз олдинга катта қадам ташладик.

- Терма жамоада «10» эмас, «19» рақамини олдингиз...

- Инсон мудом камтарликни жойига қўйиши керак. Сен жамоа­да янгимисан ёки узоқ вақтдан бери ўйнайсан, ёшмисан ёки тажрибали - бунинг аҳамияти йўқ, ҳар доим камтарликни эсдан чиқармаслигинг керак. Бундай ёндашув менинг бир қисмим. Ҳа, илгари бошқа рақам остида ўйнардим, аммо кейинчалик уни бошқа футболчилар олишди. Энди жамоага қайтиб, «Бу менинг рақамим» қабилида тортишишим ярамайди. Қисқаси, бўш турган рақамни олдим. Қолаверса, «Лион»да айнан 19-рақамли футболкада ўйнаганман. Бу мен учун «10+9» демакдир...

- Чамаси 6 йил давомида Франция терма жамоадан ташқарида қолдингиз. Бу даврда қийналмадингизми?

- Қийналдим, албатта, айниқса, бошида ўзимни қўярга жой тополмагандим. Кейинроқ бу фаолиятимдаги энг катта тўсиқ эканлигини тушундим. Дейлик, терма жамоалар йиғини бошланган вақт Мадридда қолиб, асосан ёшлар билан шуғулландим. Бироқ ҳарчанд уринмайин, миллий жамоага қайтиш орзусидан воз кечолмадим, тўсиқ олдида таслим бўлолмадим. Аксинча, терма жамоа йиғинидан четда қолган паллаларда ўзимни ҳам руҳан, ҳам жисмонан кучлироқ ҳис қила бошладим. Мана, бу бежиз эмас экан.

- Франция терма жамоаси ҳужумчиси Оливье Жиру билан муносабатларингиз қандай?

- Уни охирги марта «Челси» билан ўйнаганимизда кўргандим. Ўшанда хотиржам гаплашдик. У ҳаттоки, гол урганим билан табриклади. Иккимиз олдин ҳам бирга ўйнаганмиз. Кўринишидан, эски давр яна такрорланади, шекилли.

- Евро-2020да Винисиус Жуниор ва Мариано эмас, Антуан Гризманн ҳамда Килиан Мбаппе билан бирга тўп сурасиз...

- Ҳа, ҳаммаси бошқача бўлади, чунки улар турли услубга эга футболчилар. Менимча, Гризманн услубига ҳам, Мбаппеникига ҳам бемалол мослаша оламан. Футбол талаби шу. Ўзи ҳар бир ўйинчининг хусусиятларини таҳлил қилиб бориш керак. Ҳа, Мбаппенинг жамоадаги роли Гризманникидан кескин фарқланади, ўз нав­батида, Жиру ҳам бошқача, Усмон Дембеле яна ўзгачароқ. Қисқаси, ҳаммамиз бошқачамиз.

- Айтингчи, Гризманндан устунмисиз ёки Мбаппедан?

- Терма жамоага бировни соя­да қолдириш ёки кимнингдир ўрнини эгаллаш учун қайтганим йўқ. Антуан ва Килиан мамлакат учун ғалаба қозониш нимани анг­латишини аллақачон ҳис қилишган, билишади. Оддий жавоб берсам, жамоага ўз кўникмаларимни олиб киришга уринаман, холос.

- Бордию, Франция терма жамоаси Евро-2020да муваффақиятсизликка учраса, ҳамма айнан сизни айблаши мумкинлигидан чўчимайсизми?

- Ҳозир қандайдир эҳтимолий сценарийлар ҳақида ўйлаш вақти эмас. Франция миллий жамоаси - жаҳоннинг амалдаги чемпиони ва Европанинг вице-чемпиони. Бўлажак турнирда ҳам чемпион эканлигимизни исботлай олишимизга ишонаман.

- Энди клуб футболи ҳақида: «Реал»нинг мавсумни совринсиз якунлагани оғир ботмаяптими?

- Ҳаммасига жамоанинг ўзи айб­дор эканлигини айтишса, бунга асло қўшилмайман. Тасаввур қилинг, мавсум бўйи бизда нақ 60 марта жароҳатланиш ҳолати кузатилди. Дейлик, оптимал таркиб билан майдонга тушиш имконияти лоақал бир марта юзага келгани йўқ. Жуда мураккаб мавсум. Лекин унутмаслик керак, шунда ҳам Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиқдик, Ла Лигада финишга қадар ғолиблик учун курашдик. Аслида олтин медалга эга чиқишимиз керак эди, аммо озгина етишмади...

- Иккинчи ёшликни бошдан кечираётганингизда Зайниддин Зиданнинг қўллаб-қувватлаши катта ўрин тутишини кўп бора таъкидлагансиз.

- Зизу ҳар доим мен билан самимий ва тўғри муносабатда бўлди. Уни айнан дангал, рўй-рост гапириши учун алоҳида ҳурмат қиламан. Зидан чиндан ҳам, майдонда менга катта ишонч бағишлади. Унинг келажаги? Буни мендан сўраманг. Аммо «Мадрид»ни Зидансиз тасаввур қилишнинг ўзи қийин.

- «Лион»га қайтиш вариантига қандай қарайсиз?

- Ҳозирча ортга қайтиш ниятим йўқ. Бу ҳақда ўйлашга ҳали эрта. Ахир ҳамон «Реал»даман.

Сўз

 

— Шахсан мен Дидье Дешамга тўлиқ ишонаман. Менимча, у Бенземани таркибга қайтариб, тўғри қарорга келди. Франция терма жамоасига энг кучли футболчилар жалб этилди. Майдонда ўйинчилар ўртасида бирдамлик шаклланиши муҳим. Эммануэль Макрон (Франция президенти).

Карим Бензема якунланган мавсумда

Турнир                             Ўйин     Гол    «Пас»   «Сариқ»|«қизил»

Испания чемпионати         34          23      1           -

Европа ЧЛ                       10          6        -            -

Испания кубоги                -            -         -            -

Испания суперкубоги       1            1        -            -

Жами: 45та ўйин, 30та гол, 2та самарали узатма

 

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 05:17, 11.06.2021.
Ўқилди: 2976 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.