Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Яманга қарши бўлиб ўтган ЖЧ-2022 саралаш учрашувидан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Бундай ўйинлар умрнинг ярмини олиб қўяди. Жуда қийин ўйин бўлди. Буни кутгандик. Яман ўйнашни биладиган жамоа эканини билардим. Бунгача улар йирик ҳисобда ютқазгани ҳеч нарсани англатмасди. Аввалроқ Яман Саудия Арабистони билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаганди. Биз ўз ўйинимизни ўйнай олмадик, рақибга мослашишимизга тўғри келди. Ҳар бир жамоа рақиб имкон берганича ҳаракат қилади. Мазкур баҳсдан хулосалар чиқарамиз.
Саудия Арабистони ҳам бугун қийналди: Сингапурга қарши баҳснинг 85-дақиқасигача гол ура олишмади. Энди Саудияга қарши учрашувга тайёргарлик кўрамиз.
Бугун ўз ўйинимизни намойиш эта олмадик. Аслида бундай ўйнамаслигимиз керак. Афсуски, Яманнинг ўйинига мослашишга тўғри келди. Тўпни кўп йўқотдик. Шунга қарамай, тўқнашув тақдирини эртароқ ҳал қилиб қўйиш учун бизда имкониятлар бўлди. Шунда учрашувнинг сўнгги дақиқаларини хотиржамроқ ўтказардик. Уларнинг дарвозабони яхши ҳаракат қилди.
Мен йигитларга миннатдорчилик билдираман. Қалтис ҳисобни ушлаб қолишга муваффақ бўлдик. Саудияга қарши ўйинга йўқотишларсиз келишни истагандик, бу мақсадимизга эришдик.
Жалолиддин Машарипов бугун ўз имкониятларидан пастроқ ўйнади. Сариқ карточка билан боғлиқ эҳтиёткорлик ўз таъсирини кўрсатди. Уни баҳс охирига қадар майдонда ушлаб туришга мажбур бўлдим. У ақлли йигит, сариқ карточка олмаслигига ишонардим.
Эшмуродовнинг алмаштирилиши? У биринчи бўлимда ҳаяжонланди, биринчи узатмаларни беришда хатога йўл қўя бошлади. Шу боис, майдонга тажрибалироқ Ашурматовни туширишга қарор қилдим. Рустам эса ишончли ҳаракат қилди", — деди Вадим Абрамов ЎФА матбуот хизматига берган интервьюсида.