Евро-2020 мусобақасининг барча чорак финал жуфтликлари маълум бўлди.
Италия ва Бельгия
Испания ва Швецария
Дания ва Чехия
Англия ва Украина
Мазкур ўйинлар 2 ва 3 июль кунлари ўтказилади.
Евро-2016 мусобақасини яхши эсласангиз керак. Мусобақада Португалия терма жамоаси ғалаба қозонган эди. Умуман олганди ўшанда Уэльс, Германия ва Франция терма жамоалари ҳам ярим финалга чиқишганди.
Мазкур мусобақда эса уларнинг бирортаси чорак финалга чиқа олмади ва худди келишиб олгандек нимчорак финалдаёқ юришини тўхтатди.
Дастлаб Португалиядан бошлаймиз. Криштиану Роналду етакчилигидаги ёш ва иқтидорли футболчиларга тўла терма жамоа Бельгия тўсиғидан ўта олмади.
Сантуш шогирдлари Бельгияга қарши иккинчи бўлимда ҳақиқий кучларини намойиш этишди. Аммо, ҳамма вазиятларда омад Португалиядан юз ўгирди ва тўп Тибо Куртуа дарвозасига киргани йўқ. Торган Азарнинг биринчи бўлим охирларида киритган голи Роберто Мартинес шогирдларини чорак финалга олиб чиқди. Бошқа томондан қараганда амалдаги Европа чемпиони мусобақани тарк этди.
Иккинчи бўлиб Франция, яъни Евро-2016 финалчиларининг нимчорак финалдаги ўйини ҳақида қисқача тўхталамиз. Дешам мазкур баҳсда деярли оптимал таркибни майдонга туширди. Рабьонинг чап қанот ҳимоясида ўйнаганини инобатга олмасак, барча юқори салоҳиятли ўйинчилар ўз позицияларида ҳаракат қилишди. Швецария дастлаб ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса пеналтидан фойдалана олмади ва Бенземанинг 103 сонияда дубль қайд этиши, Погбанинг оригинал зарбасидан кейин французлар деярли чорак финал масаласини ҳал қилишганди. Аммо, Сеферович ва Гаврановичларнинг голлари ҳисобни тенглаштирди. Ғолиб номи экстра-таймларда ҳам аниқланмади. Пеналтилар сериясида эса 4:5 ҳисоби қайд этилди ва Килиан Мбаппе охирги зарбада адашди. Амалдаги Жаҳон чемпионлари ҳам мусобақани тарк этишди Швецария ҳам ажойиб камбэкни амалга ошириб чорак финал иштирокчисига айланди.
Охирги икки Еврода ярим финалга қадар етиб борган Германия терма жамоаси нимчорак финалда Англия томонидан тўхтатилди. Ушбу баҳсда Англия ҳақли ғалаба қозонди. Буни германиялик мутахассислар ҳам тан олишди. Англиянинг ҳимояда ишончли ва ҳужумдаги тезкорлиги эвазига Йоахим Лёв шогирдлари ожиз қолишди. Томас Мюллер 80-дақиқалар атрофида бирга-бир вазиятдан фойдалана олмади ва бу ҳам Англиянинг омадига ишлади. Бу катта эҳтимол билан Лёвнинг 15 йиллик Германия термасидаги фаолиятининг якуни эди.
Ўтган мусобақа кашфиёти бўлган Уэльс термаси нимчорак финалда Дания билан тўқнаш келди ва 0:4 ҳисобида йирик мағлубият билан мусобақани тарк этди. Гарет Бэйл бошчилигидаги жамоа ўтган мусобақа чорак финалида Бельгия термасидан устун келиб ярим финалга йўл олганди. Бу сафар эса жамоа нимчорак финалда ўз юришини тўхтатди.
Натижада, кутилмаган натижалари билан кўпчиликни ҳайрон қолдираётган Евро-2020 чорак финал босқичидаёқ Евро-2016 ярим финалчиларининг бирортаси қатнашмайдиган бўлди.