Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Жейми Каррагер: «Саутгейтнинг ютуғи – ОАВ таъсирига тушиб қолмади»

Баҳо:
+ | -

Англия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Жейми Каррагер Евро-2020 ярим финали доирасидаги Англия - Дания учрашуви арафасида Sky Sports вакилларига берган интервьюда инглизлар миллий жамоаси ўйини, мураббий ва футболчилар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Саутгейт тузган жамоа сизда қандай таассурот қолдирди?

- Гаретнинг устун томони шундаки, у жамоатчилик фикри ва матбуот таъсирига тушиб қолмаяпти. Унинг жамоасини ҳали ҳеч ким мағлуб этолгани йўқ, шунинг учун у ташқаридан бўладиган босимдан ҳоли. Англиянинг собиқ ва албатта, менинг фаолиятимдаги мураббийларда айнан шу катта муаммо эди. Улар жамоатчилик ва ОАВнинг ким ўйнаши керак, ким формада каби фикри билан овора эди. Мазкур турнир бошида атрофдагиларнинг босими остида қолган шахс - бу Жек Грилишдир. Бундай футболчи ҳар доим бўлади, аммо у босимга берилмади. У ишонган нарсасига содиқ қолди. Қарама-қаршиликлар мавжуд ва газетадаги сарлавҳа, интервью ёки ўйиндан кейинги твитларимиздан сўнг барчамиз ақлли ёки аҳмоқдай кўринамиз. Ҳаммамиз «отишга» тайёрмиз, ўзимизни мураббийлардек тутамиз. Сиз хоҳламаган нарса - бу мураббийларнинг шундай баҳсда қатнашиши. Айримлар сарлавҳаларни ҳаддан зиёд берилиб ўқишади. Ўйинчи формада, мураббий эса уни жамоага жалб қилиш, таркибдан жой топиб, амаллаб уни тиқиштириши керак, деб ўйлайди. Йўқ, йўқ ва яна бир бор йўқ. Сизга жамоатчилик фикри билан иш тутиш учун эмас, жамоани бошқариш учун маош тўланади. Гарет эса маошини ортиғи билан оқламоқда.

- Немисларга қарши ўйинда танланган тактика ўзини оқлади...

- Албатта, шундай фикр билдиришга лойиқмиз, зеро улар ғалаба қозонишди ва рақибга кўп имконият беришмади. Бундан ташқари, уларнинг бошқа схема бўйича ўйнашгани сезилмади. Бир неча кун олдин Франциянинг ўйинларини томоша қилдим, улар орқа чизиқда уч нафар ҳимоячи билан ўйнашди ва нима қилаётганларини билмаганга ўхшаб қолишди. Рақиб ҳам айни тактика туфайли уларга ҳақиқий муаммолар яратди. Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, Англия тўрт ҳимоячи билан ўйнаганида ҳам рақибнинг кўп имконият яратишига имкон бермади. Ушбу тактикадан фойдаланиб, улар саккизта ўйинда биттагина гол ўтказиб юборишди. Шунинг учун эски схемада ўйнаш муаммолар келтирмади ва гол ҳам ўтказиб юборилмади. Дастлабки дақиқаларда уч нафар марказий ҳимоячи билан ўйинга мослашиш осон бўлмади. Футболчилар бироз асабийлашиб, хавотирга тушишди. Дастлабки ўн дақиқаликда немислар ҳайратда қолдиришди - Германия жуда яхши ўйнади. Кейин нима ўзгарди? Аслида, Раҳим Стерлинг ва Букайо Сакаларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига Англия ўйинга қайтди: уларнинг фаол югуришлари ва бир қатор жарима зарбалар ишлашлари орқали жамоа ўйинида кучайиш кузатилди. Ўйлайманки, уларнинг 12 ёки 13-дақиқалардан бошлаб ҳаракатга тушишлари жуда муҳим роль ўйнади. Бу шунчаки жамоани уйғотди, Англияга ўз жарима майдонида тўпни олиб қўйиб, шу заҳоти рақиб майдони томонда унча бўлмасада хавф туғдиришни бошлашига имкон берди. Бу шунчаки тўлқинни ўзгартириб, уларга комбинацион ўйинга ишонч бағишлади ва баҳснинг кейинги 15 дақиқасида Англия устунлик қилди. Германия эса танаффусдан сал олдин яна ўйинга қайтиб, ҳисобни очиш имкониятига эга бўлди. Тимо Вернер билан бўлган вазиятда...

- Пикфорднинг ўйинига қандай баҳо берасиз?

- Германияга термасига қарши кечган учрашув пайти Вернерда ажойиб имконият бор эди. Ўйлайманки, Жордан Пикфорднинг мусобақадаги энг яхши дарвозабон ёки ҳеч бўлмаса, улардан бири эканлигини ҳеч ким рад этолмайди. Вазият тақозо этганда, у гол ўтказмади ва муҳим сейвларни амалга оширди. Кўпчилик ундан хавотирда эди, чунки Жорданнинг Премьер-лигадаги ўйинини кўриб, терма жамоа либосини киймаслиги керак, деб ўйлаганлар кам эмасди. Аммо Англия МТЖдаги Жордан Пикфорд ҳеч қачон бизни хафа қилмаган. Унинг ўтган мундиалдаги пенальтилар сериясидаги роли, шунингдек, ҳимоя билан ўзаро алоқаларини эслашингиз мумкин. Бу ҳар доим унинг сейвлар борасида кучли ҳисобланган бошқа дарвозабонлардан устунликка эришишига сабаб бўлади. Англия термаси либосидаги энг зўри айнан у. Жордан ўйинларнинг энг шиддатли дақиқаларида ишончли ва хотиржам ҳаракат қилди. Вернер билан қарама-қаршиликда эса у ўта муҳим сейвни амалга оширди.

- Жамоадаги яна қайси футболчиларни эътироф этасиз?

- Гарри Магуайр - бизнинг энг яхши марказий ҳимоячимиз. У ўз ўйини билан жамоага совуққонлик ва хотиржамлик бахш этади. Гарри айни вақтида қайтди. Тайрон Мингс ҳақиқатан ҳам ривожланмоқда, аммо Магуайр ҳеч ким жамоага беролмайдиган нарсаларни олиб келади. Мен ҳам кўпчилик қатори Раҳим Стерлингнинг ашаддий мухлисиман ва турнир давомида унинг ўйнамаслиги кўп бора айтилди. Қачонки, мендан ўз талқинимга кўра, Англия терма жамоаси таркибини танлашимни сўрашса, албатта, ундан Раҳим Стерлинг, Гарри Кейн ва уларнинг ёнида яна бир футболчи жой олади. Стерлингнинг сўнгги икки йил мобайнида Саутгейт жамоасидаги голлари сони ҳайратланарли, шу боис, унинг Евродаги иштироки шубҳа остида қолишига ишонмасдим. У ажойиб ўйинчи.

- Гарри Кейн мавзусига батафсилроқ тўхталсангиз.

- Бугун Кейн ҳақида жуда ғайрат билан гапирмайман. Бу мен энг яхши кўрган футболчи ва Sky каналидаги сўнгги саккиз йиллик фаолиятим ҳаққи уни танқидларим билан қийнай олмайман. Атрофдагиларнинг фикрига кўра, ҳозирги пайтда бошқа футболчилар унга имконият яратишмаяпти ва ўйинга етарлича қўшишмаяпти. Бироқ ўзи кўпроқ нарсани қилиши керак. Бу унинг муаммоси. Масъулият юки ҳар доим бошқа ўйинчилар зиммасида. Такрорлайман, Кейн ўзи кўпроқ иш қилиши керак. Агар унда имконият бўлса, албатта, гол уради. Унда биринчи бўлимда битта, иккинчисида ҳам битта имконият бўлди ва натижада, мусобақадаги дастлабки голини урди. Ҳужумчиларда ҳар иккинчи имконият голга айланса - бу ёмон эмас, деб ҳисоблашади. Шунинг учун унда имкониятлардан фойдаланиш борасида муаммо йўқ. Одатда, Гарри Кейнга мавсум бошида ўйинга киришиши учун беш ёки олтита ўйин керак бўлади ва бу муаммо эмас, чунки ҳамма бу воқеа барибир содир бўлишини билади. Турнирларда эса бироз бошқачароқ, чунки биз бу ерда ва ҳозирда нима бўлаётгани ҳақида гаплашамиз. Агар Тимо Вернер ушбу эпизодни англаганида, Англияни йўқ қилиши мумкин эди. Менимча, у ўйинга ўзини бироз кўпроқ жалб қилиши керак.

- Кейнни қандай ўзгартириш мумкин?

- Энди у янада чуқурлашиши керак. Аксарият ҳужумкор ўйинчилар кучи ва тезлиги йўқ бўлганида ёки озгина ўйинини йўқотганида, тўп учун курашга чуқурроқ чекинишни, орқароққа қайтишга уринишади. Жорий мавсум Кейн буни катта самарадорлик билан амалга оширди. Унинг ўйинини ўзгартирганлиги ақлга сиғмайди. У АПЛда йилнинг энг яхши футболчисига айланмагани ачинарли. Битта ўйиндан кейин уни шарҳларда дунёнинг энг яхши ассистентларидан бири деб атаганман. Адашмасам, бу «Вест Хэм»га қарши баҳсда эди, у орқадан ўйнаб, тўпни Сон Хюн Минга узатганди. Агар Гарри орқароқ позицияга қайтиб ўйнаса, унинг янада фаолроқ бўлишини кутиш мумкин. Жарима майдони ичида узатмалар сони камроқ, аммо ярим ҳимоядаги тўпга кўпроқ эгалик қилиш ҳаракатлари етарлича. Мен унинг фаолроқ бўлишини истардим, чунки Гарри Кейн энг яхши ўйинига яқинроқ борса, демак, Англия ушбу турнирда ғолиб чиқади.

- Сизнингча, Грилишнинг доимо захирадан майдонга тушиши тўғрими?

- Мураббий қайсидир футболчи захирадан майдонга тушиб, ажралиб турган бўлса, кейинги ўйинга асосий таркибга киритиши керак, деб ўйламайман. У ғалаба тактикасини ўзгартириши, шу билан бирга, мувозанатни сақлаши мумкинлигини аллақачон кўрсатиб қўйган. Мураббийнинг ҳимоядаги тўртликка қайтишини кутяпман. Мейсон Маунт майдонга қайтади ва биз мусобақанинг кўп қисмида кўрган 4-3-3 схемасини яна кўрамиз. Раҳим Стерлинг майдонга тушганда, ўнг томондан яхши ўйнаганини ҳисобга олсак, бу Жек Грилиш учун чап қанотда майдонга тушиш имкониятини беради. Сака ўз ишини жуда яхши бажарди, аммо мураббий яна бир нарса керак, деб ўйлаши мумкин, чунки Жек майдонга кирганда, анча ижодкор кўринди.

- Англиянинг Евро-2020да муваффақият қозониш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Ушбу вазифа бажарилиши мумкиндек кўринмоқда. Турнир арафасида, қуръа туфайли, менга термамизнинг ярим финалга чиқиш имкониятлари каттадек кўринди. Биз уларнинг Германия, Португалия ёки Францияни мағлуб этишлари шартлигини, аммо бу қийин бўлишини билардик, чунки Англия тарихга кўра, 1966 йилдан буён «плей-офф»да 90 дақиқа ичида ҳеч қачон кучли жамоаларни мағлуб эта олмади. Бу биринчи марта содир бўлди. Бизга ишонч бераётган жиҳат - ярим финал ва финалнинг «Уэмбли»да ўйналишидир. Данияликларга қарши кечадиган ярим финал қийин биз учун қийин ўтиши шубҳасиз. Улар бу турнирда барчада бирдек катта таассурот қолдиришмоқда. Агар жамоа финалга чиқса, у ерда энг кучли терма жамоалардан бири бўлади - Италия ёки Испания. Аммо Англия мезбон фактори эвазига фаворит бўлиб қолади ва бу тушунча сўнгги паллагача ўзгармайди, деб ўйлайман.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:30, 10.07.2021.
Ўқилди: 3280 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.