Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Рашид Ғофуров: “Маҳорат меҳнат туфайли юзага чиқади”

Баҳо:
+ | -

Биринчи лигада иштирок этаётган, “Навбаҳор”нинг собиқ таниқли  футболчиси  Рашид Ғофуров бошқараётган  “Навбаҳор-фарм” жамоаси жорий мавсумнинг биринчи даврасини 3-ўринда якунлади. Фарм-жамоамиз ортда қолган 1-давра баҳсларида 11 та  ўйин ўтказиб, 7 та ғалаба, 1  дуранг ва 3 та мағлубиятни қайд этиб, рақиблар дарвозасига 22 та гол уриб, ўз дарвозасидан 12 та тўп ўтказган ҳолда, жами 22 очко тўплади. 

Эътиборлиси, турнир жадвалининг  2-поғонасида бораётган “Ғиждувон”  ҳисобида ҳам 22 очко бор. Ғиждувонликлар фақатгина тўплар нисбати бўйича фарм-жамоамиздан бир поғона юқори ўринни эгаллаб туришибди.  

Биз маҳоратли мураббий Рашид Ғофуровдан “Навбаҳор - фарм” жамоасининг Биринчи даврадаги иштироки, шунингдек, “Навбаҳор”нинг Coca Cola Суперлигада биринчи даврада қайд этган натижаси ва бошқа мавзулар бўйича интервью олдик. ­­­­­­­­­­

- Суҳбатимизни “Навбаҳор-фарм”нинг 1-даврада қайд этган натижаси  борасидаги фикрингиз билан бошласак. Жамоа ўтган йилга қараганда, бу йил ижобий натижа қайд этмоқда...

- Жаҳон футболи тажрибасидан маълумки, ҳар бир мураббийга камида 3 йил вақт берилади.  Чунки 1-2 йил ичида яхши жамоа шакллантириш қийин. Бу ўз тажрибамдан ҳам ўтган. Ўтган йилги мавсум футболчилар билан танишув, уларнинг салоҳиятларини ўрганиш даври бўлди. Бу йил таркибга 2-3 нафар янги футболчилар қўшилди. Лекин уларнинг маҳоратларидан самарали тарзда фойдаланиш ҳам бор. Шогирдларимнинг салоҳиятларидан тўғри фойдаланган ҳолда, шундай ижобий натижани қайд этишга муваффақ бўлдик. Аслида давралар оралиғидаги танаффусга бундан ҳам  юқорироқ ўринни эгаллаган ҳолда, чиқиб кетишимиз мумкин эди. Аммо 1-ўриндаги “Зомин” ва жамоамиз билан бир хил очко тўплаган ҳолда, 2-поғонада бораётган “Ғиждувон” жамоалари ўз олдига Про-лига йўлланмасини қўлга киритиш вазифасини қўйган. Мазкур жамоаларга қарши кечган  баҳсларда жамоамиз яхши ўйин намойиш этди. Зоминликларга қарши кечган баҳсда ҳаттоки, 70-дақиқага қадар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётгандик. Лекин кейинчалик, жамоамиз дарвозасига белгиланган пенальти шогирдларимнинг руҳиятларига салбий таъсир кўрсатди. Натижада якунда 1:2 ҳисобида имкониятни бой бердик (4-тур).  

Гарчи жорий  мавсум арафасида фарм-жамоамиз олдига жиддий мақсад қўйилмаган, асосий вазифамиз “Навбаҳор”нинг асосий таркибига маҳоратли футболчиларни етказиб бериш бўлса-да, клуб раҳбарияти ва мухлислар ишончини оқлаш мақсадида, муносиб ўйнашга ҳаракат қилдик. Бу эса ижобий  натижани қайд этишимизга замин яратди. “Навбаҳор”нинг асосийдан тортиб, ёшлар, фарм, U-18, умуман олганда, барча жамоалари ҳар қандай ўйинда, ҳаттоки, у ўртоқлик учрашуви бўлса ҳам, доимо ғалаба қозонишга интилади. Албатта, фарм-жамоамиз ҳам бундан мустасно эмас. 

– Иштаҳа овқат пайтида келади, деганларидек, энди Про-лига йўлланмасини қўлга киритишни мақсад қиляпсизларми?

-  Фурсатдан фойдаланиб, бизга яхши шароитларни яратиб бераётган клуб  раҳбарияти, жумладан, “Навбаҳор” ПФК президенти Отабек Саматовга жамоамиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман. Клуб раҳбарияти билан мазкур масалани муҳокама қиляпмиз. Иккинчи даврада фарм-жамоамиз олдига Про-лига йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилса, таркибни янада кучайтиришимиз талаб этилади. Айни пайтда  бир қатор футболчиларни кўрикдан ўтказяпмиз. Улардан жамоамиз мураббийлар штабида яхши таассурот қолдирганлари таркибдан ўрин олишади. Шунингдек, ҳужумчи Илҳом Алибоев давралар оралиғидаги танаффусда таркибимизга қўшилди. У асосий таркибда ўйин амалиётисиз қолиб кетди. Тўғри, Илҳом “Навбаҳор-U-21” ёшлар жамоасида яхши ўйин намойиш этди. Лекин бу Алибоев савиясидаги жамоа эмас. Унинг ёшига ушбу жамоа тўғри келмайди. Ёшлар жамоасида 2003, 2004 ва айрим жамоаларда ҳаттоки, 2005 йилларда туғилган футболчилар ўйнашмоқда. Илҳом эса оила тебратиши керак ва ёшлар жамоаси унга тўғри келмайди. 

Биринчи давра баҳсларини номинал ҳужумчисиз ўтказдик, яъни, олдинги чизиқда ҳужумкор ярим ҳимоячиларнинг хизматларидан фойдаландик. Тўғри, улар ҳам рақиблар дарвозасига 22 та гол уришди. Шунингдек, ярим ҳимоячилар тўпни яхши назорат қилиб, коптокни жамоадошларига аниқ етказиб беришда устунлар. Лекин улар бир ўйин давомида яратилган 10 та голли вазиятнинг  фақатгина 2 – 3 тасидан самарали фойдаланишади, холос. Илҳом Алибоев ҳужум самарадорлигини анча оширади, деб умид қиламан. 

Фарм жамоамиз состави Лочин ўйинидаги

-  Биринчи даврадаги қайси учрашув энг эсда қоларли бўлди?

- Жамоамиз иштирокидаги ҳар бир ўйин ўзига яраша қадрли. Айрим баҳсларда мағлубиятга учраётиб, ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик. Энг эсда қоларли ўйин сифатида Тошкентда “Нефтгазмонтаж” жамоасига қарши кечган ўйинни эсга олиш мумкин. Ўша баҳсда сафарда ўйнашимизга қарамай, 1:0 ҳисобида зафар қучгандик (10-тур). Боиси, ушбу жамоа юқори ўринлар кураш олиб бораётган, асосий рақобатчиларимиздан бири эди. Кейинги турда эса “Нефтгазмонтаж” “Ғиждувон”ни сафарда 2:1 ҳисобида ютиб келди (11-тур), яъни, жамоамиз билан ўйинда йўқотган очкосини “Ғиждувон” билан ўтказилган баҳсда олди. Бу ҳам қандайдир маънода бизга фойда бўлди.

Шунингдек, Уйчининг “Пахтакор-79” жамоасини сафарда мағлубиятга учратганимиз (1:0)  энг ёқимли ўйинлардан бири бўлди. Тўғри, кўпчилик , ушбу жамоа турнир жадвалининг 8-поғонасини эгаллаб турганлигини таъкидлаши мумкин. Лекин ўзингизга маълум, бу “Наманган дербиси” ҳисобланади. Бундай баҳсларда зафар қучиш эса икки карра ёқимли. Эсингизда бўлса, ўтган мавсумда уйчиликларга ҳар икки ўйинда ҳам имкониятни бой бергандик. Бундан кўриниб турибдики, “Пахтакор-79” жамоаси учун ҳам бу ўзгача аҳамиятга эга учрашув саналади.Биз бу сафар мазкур жамоа устидан ғалаба қозонганимиздан хурсандман. 

Рашид расми 2

- Энг аламли ўйин сифатида қайси баҳсни мисол келтира оласиз?

- Ўз майдонимиздаги “Бунёдкор-фарм” (9-тур, 1:2), сафарда “Чиғатой” (6-тур, 2:3) жамоаларига қарши кечган  баҳсларни энг аламли ўйинлар сифатида келтиришим мумкин. Мазкур ўйинларда зафар қучганимизда, айни пайтда турнир жадвали пешқадами сифатида давралар оралиғидаги танаффусга чиқиб кетган бўлардик.

- “Навбаҳор”нинг собиқ футболчиси сифатида “лочинлар”нинг 1-даврада қайд этган натижалари борасида нима дея оласиз?

- Тўғрисини айтсам, Наманган вилоят ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, клуб раҳбарияти, жумладан, клуб президенти Отабек  Саматов томонидан яратиб берилаётган шундай шароитларга бундай натижани қайд этиш... буни гапиришга, таърифлашга тил ожиз.

Нима дейишгаям ҳайронман. Шундай шароитларга яраша ҳар бир  футболчи жон куйдириб ўйнаши керак. Бу ҳақда бошқа бирор сўз          гапира олмайман.

- Бир пайтлари “Навбаҳор” кашфиёт футболчиларни етказиб берадиган жамоа бўлган. Ўзингиз ҳам “Навбаҳор-фарм” жамоасидан чиққансиз. Лекин сўнгги пайтларда ушбу ёқимли анъана узилиб қолди. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?

- Бир пайтлари вилоятимизнинг Тўрақўрғон туманини “Ўзбекистон Бразилияси” дейишарди. “Навбаҳор”нинг мазкур ёқимли анъанасини айни пайтда “Насаф” футбол клуби давом эттирмоқда. Боиси, қаршиликлар таркибидан ҳар йили  3-4 нафар янги футболчилар етишиб чиқишади. Шу боис, бошқа вилоятдагилар, жумладан, наманганликлардан кўпчилик “Насаф”га мухлислик қилади. Қаршиликлар ҳар йили 2-3 нафар футболчиларни бошқа жамоаларга сотиб, 2-3 миллиард сўм пул ишлаб олишади. Бир сўз билан айтганда, “Насаф”да ишлаш тизими ажойиб тарзда йўлга қўйилган.

Умуман олганда, сўнгги йилларда Наманган футболида ўсиш кўзга ташланмаяпти. Бунга эса футболчиларнинг ўзлари ҳам сабабчи бўлмоқда. Ҳаммамиз Криштиану Роналду ва Лионель Мессига ҳавас қиламиз. Лекин улар қандай қилиб, шундай даражага чиқишганини унутиб қўямиз. Уларнинг шундай даражага етишларида ўз устиларида тинимсиз меҳнат қилишгани  сабаб бўлган. Ҳозирги футболчилар эса тезроқ 1,5-2 соатлик машғулот тугаса-ю, уйга бориб, ижтимоий тармоқларни кузатиш билан банд бўлса. Аксинча, улар ўз устиларида ишлашлари керак. Икки соатлик машғулотда қатнашгани билан ҳамма футболчи бўлиб кетаверса, қўйни ким боқади? (кулади).

Биз футбол ўйнаган даврларда ҳозиргидек, сифатли майдонлар, шунингдек, машғулот учун ювиб, тайёрлаб қўйилган спорт кийимлари йўқ эди. Илгари биз футболка ва шортиларни ўзимиз ювардик ҳамда машғулотга қадар қуришини кутардик. Қуримаса, нам ҳолатда ҳам машғулотда иштирок этишга мажбур бўлардик. Ҳозир эса  футболчилар машғулотларга келишса,  ювиб, қуритилган спорт кийимлари тайёр туради. Бундай шароитлардан эса футболчилар самарали тарзда фойдаланишлари шарт. 

Фарм-жамоамизнинг асосий мақсади, асосий таркибга футболчилар етказиб бериш. Шунингдек, “Навбаҳор”дан ортса, мамлакатимизнинг бошқа клубларида ҳам тўп тепиши мумкин. Футболчилик  фаолияти қисқа бўлади ва шу давр мобайнида футболчи ўз молиявий аҳволини яхшилаб олиши талаб этилади.

Худди шунингдек, мураббийлар ҳам ўз устиларида ишлашлари, маҳоратларини оширишлари лозим. Ютуб орқали мураббийлик ишини ўрганиш билан иш битмайди. Бу гапларим билан эртага “Навбаҳор”нинг асосий таркиби мураббийи лавозимида ишлаш ниятим йўқ. Футбол ичида фаолият юритсам ҳам, бошқа лавозимда ишламоқчиман. 

-  Сизнингча, футболда нима муҳим – маҳоратми ёки меҳнат?

- Иккаласи ҳам муҳим. Буларни бир-биридан айро тарзда тасаввур қилиш қийин. Айрим пайтларда интервью берган футболчилар: “Омадимиз келмади”, дейишади. Аммо омад ҳам кучлиларга кулиб боқади. Маҳорат ҳам меҳнат туфайли юзага чиқади.

-  Фарм-жамоа таркибида айни пайтда “Навбаҳор”нинг асосий таркибида ўйнашга тайёр футболчилар борми?

-  Албатта, бор. Тўғри, ушбу гапим айримларнинг нафсониятига тегиб кетиши мумкин, лекин ҳозир “Навбаҳор”нинг асосий таркибида айрим футболчилар ҳаттоки, фарм-жамоамизда ҳам ўйнолмайди. Уларнинг исм-шарифини айтишим шарт эмас. Фарм-жамоамизда кўплаб маҳоратли футболчилар бор. Улардан айримлари “Навбаҳор”нинг асосий таркиби  машғулотларида ҳам қатнашишяпти. Худо хоҳласа,  қишда, яъни, мавсумлар оралиғидаги танаффус пайтида ушбу масала бўйича Виктор Романович Жалилов билан гаплашамиз ва келаси йилги мавсумда  фарм-жамоамизнинг 4-5 нафар футболчиси асосий таркибда тўп тепиши мумкин. Фақат уларга бироз эътиборни кучайтириш лозим, холос.

Ёзги трансфер даврида таркибимизга бир қатор иқтидорли ёш футболчиларни жалб этиш ниятидамиз. Улардан бири Наврўз Иминжонов. Унда Аллоҳ томонидан берилган иқтидор бор. Худо хоҳласа, Наврўз ўз устида ишлайдиган бўлса, ажойиб футболчи бўлиб етишади.

“Навбаҳор-Умид” футбол мактаби, Наманган вилоят 1-сонли маҳорат мактабида ҳам иқтидорли футболчилар кўп. Улар ҳар ҳолда мактаб кўрган ва бу футболчиларнинг иқтидорларини юзага чиқариш учун меҳнат қилиш лозим.

- Яқинда Евро-2020 мусобақаси ўз якунига етди. Мазкур турнирда қайси терма жамоага мухлислик қилгандингиз?

- Бизга яқин бўлганлиги учун Украина ва Россия терма жамоалари, шунингдек, Германия ҳамда Испания термаларига мухлислик қилгандим. Афсуски, ушбу жамоаларнинг барчаси мазкур мусобақада кутилганидек иштирок эта олмади.

Испания терма жамоаси асосан “Барселона”  жамоаси ўзаги бўлганлиги боис, жуда чиройли ўйин намоийш этди.

Германия термасида эса тартиб-интизом кучли. Лекин немисларга ҳам омад етишмади. Германияликлар мағлубиятга учраётганда ҳам пала-партиш ўйин намойиш этишмайди.

- Қайси жамоани чемпион бўлади, деб тахмин қилгандингиз?

- Англия ушбу финалга қадар қийинчилик билан етиб келди. Бундан ташқари, инглизлар финал баҳсини ўз майдонлари, ўзлари учун қадрдон бўлган ”Уэмбли”да ўтказишди. Шунинг учун англияликлар ўз имкониятларини қўлдан бой беришмаса керак, деб ўйлагандим. Лекин  пенальтилар сериясида омад италияликларга кулиб боқди. Нимаям деймиз, бу футбол. Унда эса кутилмаган натижалар кўп қайд этилади.

- Евро-2020 да қайси мураббийларнинг ўйин тактикаларини диққат билан кузатдингиз?

- Таъкидлаганимдек, кўпроқ, Испания ва Германия терма жамоалари, яъни, Луис Энрике ҳамда Йоахим Лёвнинг ўйин услубларини кузатдим. Масалан, немислар португалияликлар билан бўлган баҳсда 0:1 ҳисобида ортда боришаётганига қарамай, пала-партишлика йўл қўйишмади. Аксинча, секин-аста яхши ўйин намойиш этиб, якунда 4:2 ҳисобида ғалаба қозоишга муваффақ бўлишди.

- Футболчилик пайтингизда майдонда жон куйдириб, тўп тепгансиз. Шу боис, мухлислар меҳрини қозонгансиз.Умуман олганда, футболчилик даврингиз ажойиб тарзда кечган. Бу борада ёш футболчиларга қандай маслаҳат берасиз?

- Бунинг ортида тинимсиз меҳнат ётибди, албатта. Мухлислар меҳрини қозониш қийин. Бунга аввало жамоа манфаатини ўйлаганим, шунингдек, тинимсиз меҳнат қилганлигим сабаб бўлди.

- “Бунёдкор” таркибига 30 ёшдан кейин қўшилган бўлсангизда, мазкур жамоада иккинчи “ёшлигингиз”ни бошдан кечиргандингиз. Бунга қандай эришгандингиз?

- Ҳозирги ёшлар жамоа танлайди. Олдин ўзингни нималарга қодирлигингни майдонда намойиш эт. Шунда сен пулнинг ортидан эмас, пул сенинг ортингдан югуради. Футболчилик давримда “Нефтчи” ва “Андижон” клубларидан таклифлар бўлган. Лекин мазкур жамоалар “Навбаҳор”нинг азалий рақиблари бўлишгани  боис, мазкур клубларга ўтмаганман. Ҳаттоки, “Андижон” раҳбарлари уйимга автомашинанинг калитини ҳам кўтариб келишган. Лекин мен 1996 йилдан “Навбаҳор”да ўйнаган бўлсам, 2005 йилгача ўзимни “Навбаҳор”дан бошқа       жамоада тасаввур ҳам қилолмаганман. Лекин тақдир тақозоси,    айримларнинг айби билан 2005 йили жамоадан кетишга мажбур бўлдим.

Таъкидлаш жоизки, айрим футболчилар катта миқдорда маош олишади. Лекин майдонда шунга яраша ўйин намойиш эта олишмайди. “Навбаҳор” тарихида орқасидан тош отиб кузатилган, шунингдек, миннатдорчилик билдирилган ҳолда, ўзгача услубда кузатилган футболчилар ҳам бўлган. Қисқасини айтганда, барчаси футболчининг ўзига боғлиқ.

- Бизга маълумки, сиз олдин болалар мураббийи бўлгансиз. Мураббийликда босқичма-босқич кўтарилиш ўз самарасини берса керак?

- Албатта, самарасини беради. Мураббийликни босқичма-босқич босиб ўтсангиз, футболчиларнинг психологиясини яхши тушунасиз. Шу боис, ёш мураббийларга фаолиятларини болалар футболидан бошлашларини маслаҳат берган бўлардим. 

- 2016 йили “Навбаҳор”ни бошқарганингизда сизга тажрибасизлик ҳам панд берган, шундайми?

- Ўшанда жамоани бошқаришга тайёр эмаслигим, бунга ҳали тажрибам камлигини таъкидлаганимга қарамай, “Навбаҳор”га бош мураббий этиб тайинлашганди. Тўғри, ўшанда тажрибасиз эдим. Бундан ташқари, атрофимдаги айрим кишилар ҳам менга панд беришганди. Ҳозиргача ўшанда қаерда хатога йўл қўйганлигим борасида кўп ўйлайман. Мабодо ўшанда ҳозирги ақлим ва тажрибам бўлганида, жамоани ўзгача тарзда бошқарган бўлардим. Бу гапимдан кейин айримлар мени нотўғри тушунишмасин. “Навбаҳор”ни ҳозир бошқариш ниятим йўқ. Бундан ташқари, Наманганда босим остида ишлаш қийин. Шунчаки, ўз фикримни билдирдим, холос.

- Мухлисларга тилакларингиз... 

- Ишқибозлар бахтимизга ҳамиша соғ-саломат бўлишсин, жамоаларимизни доимо қўллаб-қувватлаб туришсин.

Бизнинг маълумот    

Рашид Ғофуров - 1977 йил, 26 сентябрда Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида туғилган.

Футбол билан 7 ёшидан шуғулланишни бошлаган.

Биринчи мураббийи: Абдулло Жўрабоев.

Герман Титов номидаги футбол мактаб-интернатида таҳсил олган.

Амплуаси: ярим ҳимоячи.

Ўйнаган жамоалари: “Чилонзор” (Тошкент, 1995 йил), “Навбаҳор” (Наманган, 1996 - 2005 йилнинг 1-давраси), “Машъал” (Муборак, 2005 йилнинг 2-давраси – 2006 йил), “Бунёдкор” (Тошкент, 2007 – 2009 йиллар).

2010 – 2015 йилларда  “Бунёдкор” академиясида мураббий сифатида фаолият юритган.

2016 йили “Навбаҳор”да бош мураббий сифатида ишлаган.

2020 йилдан “Навбаҳор - фарм” жамоаси бош мураббийи.

Оилали, 4 нафар фарзанд - 3 ўғил, бир қизнинг отаси.

Мухлислик қиладиган жамоалари: “Барселона” (Испания), “Манчестер Сити” (Англия).

Ўйинини ёқтирадиган футболчилари: Лионель Месси, Кевин де Брюйне.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.  

Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 22:06, 15.07.2021.
Ўқилди: 1884 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.