Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Эътироф: Эми - ярим жамоа!

Баҳо:
+ | -

7 июль оқшомида бўлиб ўтган Америка Кубоги-2021 турнирининг Аргентина ва Колумбия терма жамоалари беллашуви тақдирини аргентиналиклар дарвозабони Эмилиано Мартинес ҳал қилди. Ўта муросасиз руҳда кечган учрашувнинг асосий ва қўшимча бўлимларидан кейин 1:1 ҳисоби ўзгармагач, томонлар пенальтилар сериясига мурожаат қилишга мажбур бўлишганди. Мартинес «нуқта»дан йўлланган 3та зарбанинг голга айланмаслигини таъминлаб, жамоасини 11 июль оқшомида бўлиб ўтган Бразилияга қарши ғолибни аниқлаб берувчи якуний учрашувга олиб чиқди. Мусобақа мезбонлари бир кун аввал Перу терма жамоасини кичик (1:0) ҳисобда маҳв этиб, финал йўлланмасини нақд қилишганди.

Пенальтилар сериясида рақибнинг ярим жамоасидан устун келиш орқали ўзининг ярим жамоа эканлигини исботлаган жамоадоши хусусида Лионель Месси тўлқинланиб шундай деди: «Учрашувнинг ўта оғир кечганлигига ҳамма гувоҳ бўлди. Лекин биз ҳақли равишда финалга йўл олдик. Чунки истагимиз рақибникидан кучлироқ эди. Айрим вазиятларда анча қийналдик, аммо сафимизда Эми бор. У - феномен! Биз унга ишонамиз».

Эмилиано Мартинес ярим финал баҳсини юксак савияда ўтказиб, учрашувнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди. Рақиб ҳимоячиси Йерри Минани қай тариқа руҳан синдирганлиги алоҳида эътиборга молик: «Асабийлашяпсанми?. Ҳаяжонингни яққол сезиб турибман. Шунингдек, тўпни қайси бурчакка йўллашингни ҳам биламан. Қараб тур - мен сени ямламай ютаман. Унутма, ямламай ютаман!»

Дарҳақиқат, ўша оқшом нафақат Мина, балки Санчес ва Борха ҳам Мартинес дарвозасини «нуқта»дан ишғол эта олмадилар. Эми нафақат бу беллашув, балки барча ўйинларда ишончли (5та учрашувда 2та гол ўтказиб юборди) ҳаракат қилди. Қисқаси, аргентиналик мухлисларга битмас-туганмас қувонч улашди.

Боиси, анчадан бери дарвоза чизиғи Аргентина терма жамоасининг асосий муаммоси бўлиб келаётганди - ҳозирнинг ўзида ҳам «альбиселесте» сафида юлдуз у ёқда турсин, ҳатто савиялироқ дарвозабонни топиш ҳам жуда мушкул. Узоқ вақт давомида дарвозани «МЮ»да асосий таркибдан жой олмай юрган Серхио Ромеро қўриқлади. Энди у умуман ишсиз юрибди. Охирги бир йил ичида жамоа Эстебан Андрада, Херамиас Ледесма ва Агустин Марчесинларни синовдан ўтказди. Бироқ улардан қониқиш ҳосил қилмади. Очиғи, Аргентинада шундай  шарифли дарвозабонлар борлигини биз ҳам биринчи марта эшитяпмиз.

Эмини «Арсенал» қандай топди ва нима учун Бразилия унинг учун азалий рақиб? Эмилиано Мартинес 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жанубий Америка чемпионатида «Арсенал» скаутларининг эътиборини ўзига тортганди. Ўшанда аргентиналик ёшлар финалда Бразилияга пенальтилар серияси натижасига кўра имкониятни бой беришганди. Ёш посбоннинг маҳоратига қизиқиб қолган «тўпчилар» 2009 йилнинг майида уни кўрикка таклиф этишди.

«Мени «Арсенал» кўрикка таклиф этганини маълум қилганларида, кимнингдир ҳазили бўлса керак, деб ўйлагандим. Кейин Аргентинанинг «Арсенали» чақиргандир, деган хаёлга бордим», - деганди Эми ўз интервьюсида. Мартинеснинг фаолияти ўта оғир кечмоқда. Лондонликлар таркибидаги илк учрашувини у шартномага имзо чекканидан кейин икки йил ўтгач нишонлаганди. Бу Англия кубоги доирасидаги «Ковентри Сити»га қарши беллашув эди. Бироқ мухлислар жамоанинг хоккейча ҳисоб (7:5) билан ниҳоясига етган «Рединг»га қарши муросасиз баҳсини ҳанузгача мароқ билан эслайдилар. Мартинеснинг ўзи ўйинни ишончли ўтказа олмади - 2та ажойиб сэйвни намойиш этди, бир марта жамоани яққол голдан сақлай олди. Аммо учинчи голда тўпни дарвозага тўғрилаб, қўпол хатога йўл қўйганди.

Бироқ ўшанда барқарор ўйин кўрсата олмаган ёлғиз Мартинес эмасди - Аршавиннинг икки ассисти Косьелнининг автоголи, Уолкоттнинг «хет-трики» ва «Рединг» сафида захирадан майдонга тушган Павел Погребнякнинг автоголи билан қоришиб, якунда «тўпчилар» биринчи бўлимдаги 1:4 ҳисобидаги мағлубиятни ғалабага айлантирган эдилар.

2014 йилнинг октябрида Эмилиано клублар ўртасидаги энг нуфузли турнирда дебютини нишонлади. Яъни, «Андерлехт»га қарши сафар учрашувида майдонга тушди. Умуман, «тўпчилар» учун омадсиз кечишига қарамасдан, 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан ниҳоясига етган ўша ўйинда аргентиналик дебютант бир жуфт рисоладагидек сэйвни амалган оширганди: «Ўша оқшом ўзгача ишонч билан майдонга тушдим, қандайдир қатъият пайдо бўлганди, менда. Ўзим орзу қилган ўйинни намойиш эта олдим. Агар футболчи ўзига бўлган ишончни йўқотиб қўйса, ҳеч нарсага эриша олмайди».

Энди лондонликларнинг ўша пайтдаги устози бўлган афсонавий Арсен Венгернинг аргентиналик шогирди хусусидаги фикрига эътибор беринг: «Бугун Эми «Арсенал» шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун барча керакли фазилатларга эга эканлигини майдонда исботлади. Унинг нафақат техник маҳорати, балки инсоний жиҳатлари ҳам талаб даражасида, ўта хотиржам, ўзига ишонган йигит. У бизда катта умид уйғотди».

Ўзининг АПЛдаги илк учрашувини Мартинес 2014 йилнинг 22 ноябрида, «МЮ» билан кечган ўйинда ўтказди. Учрашувнинг 59-дақиқасида Войцех Шенсни жароҳат олиб, майдонни тарк этгач, Эми захирадан майдонга тушганди. Ўйин «тўпчилар»нинг 1:2 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди.

Умуман олганда, Лондон жамоасидаги 7 йил ичида аргентиналик посбон 5 марта ижарага жўнатилди, фақат 2020/2021 йиллар мавсумида у Бернд Ленодан кейинги иккинчи дарвозабон мақомини қўлга киритди. Германиялик посбонни «тўпчилар» 2018 йилда «Байер»дан 20 млн. евро эвазига харид қилишганди.

Мазкур келишув ҳам анчайин жиддий тортишувларга сабаб бўлди. Боиси, Петр Чех у пайтда ўз фаолиятини якунлаганлигини эълон қилган эмасди. Давид Оспина «Наполи»га ижарага йўл олди, Мартинес эса айни паллада Испаниядаги ижарадан қайтиб келганди. Қисқаси, асосий дарвозабон ваколати кимга насиб этиши номаълум эди. «Арсенал»нинг ўзи эса мавсумни ўта беқарор ўтказди: ЕЧЛ йўлланмасини берувчи 4-ўринни эгаллашига 1 очко етмай қолди, ЕЛ финалида эса «Челси»га 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Фақат Бернд Лено мавсумни барқарор ўтказди, чемпионатни ўзгартиргани унинг ўйин сифатига таъсир этмади, барча учрашувларда юксак савияни намойиш этди.

2019 йилнинг ёзида Чех қўлқопларини михга илди, Оспина «Наполи» аъзосига айланди, Мартинес эса «сургун»дан қайтди.

Эми «Рединг» сафида 18 марта майдонга тушиб, 23та гол ўтказиб юборган, 5та учрашувда дарвозаси дахлсизлигини таъминлай олганди. Натижада жамоа Чемпионшипдаги ўрнини сақлаб қолган, дарвозабон эса мухлислар ёқимто­йига айланганди.

2019/2020 йиллар мавсуми рестартидан кейинги 30-турда Мартинес тақдирини ҳал қилган воқеа юз берди: «Брайтон»га қарши беллашувнинг 40-дақиқасида рақиб ҳужумчиси билан тўқнашиб кетган Лено майдонни тарк этди, Эми унинг ўрнини тўлдиришга мажбур бўлди. «Арсенал» эса 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Бу клуб тизимидаги 10 йиллик даврда бирор марта асосий дарвозабон ролига номзод бўла олмаган аргентиналик футболчи учун беқиёс имконият бўлди. Сабаби, Бернд ҳеч бўлмаганда, 4-6 ҳафтани ўтказиб юборишга мажбур эди.

Мавсумнинг ҳал қилувчи босқичини Эми муваффақиятли ўтказди. «Арсенал» якунда 8-ўринни эгаллаган бўлсада, Англия кубогини қўлга киритди. Мартинес бу зафарга муносиб ҳисса қўшди ва нафақат ўзи, балки касбдошини  ҳам дастлабки нуфузли соврин соҳибига айлантирди.

Лено-Мартинес жуфтлиги мавсумда 143та сэйвни намойиш этди. Бу лигадаги энг юқори кўрсаткич эди. Жамоа эса рақибларига 189 марта аниқ зарба йўллаш имкониятини тортиқ этганди. Фақат «Ньюкасл» ва Чемпионшипга қулаган «Норвич»нинг кўрсаткичлари бундан ёмонроқ, холос. Сэйвларнинг энг юқори фоизи ҳам «тўпчилар»га тегишли - 78,3. Англия суперкубоги учун баҳсга Лено тайёр, лекин бош мураббий Мартинесни тушириш ниятида. Бу аргентиналик дарвозабоннинг охирги ўйини эди. У жамоани муносиб тарзда тарк этди, рақобатда Ленодан устун келди, 2та совриннинг қўлга киритилишига сезиларли улуш қўшди ва футбол оламига танилди.

Дастлабки мавсумни Эми жуда муваффақиятли ўтказди. Ҳар бир учрашув учун бериладиган ўртача баҳо бўйича (7,18) энг яхши дарвозабон мақомини олди, 142та сэйв (учинчи натижа), 15та «қуруқ« ўйин (учинчи натижа) ва жарима майдончаси ичида 81та сэйв (тўртинчи натижа)ни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

11 июль санасида бўлиб ўтган Бразилия - Аргентина финали Мартинеснинг келажак фаолияти учун муҳим аҳамиятга эга эканлигига шубҳа йўқ. Буни Эмининг ўзи ҳам жуда яхши билади. Чунки катта футболда майдонга тушиш имкониятига 28 ёшда муваффақ бўлган футболчи бу ёғига бирор-бир имкониятни исроф қилмаслик учун бор куч-маҳоратини сафарбар этиши аниқ. Шундай экан, Эмидан мўъжиза кутишга ҳақлимиз. У - дарвозабон, дарвозабон эса - ярим жамоа! Буни Эми ярим финалда исботлади.

Буни қарангки, ҳал қилувчи баҳсда Мартинес ўша кутилган мўъжизани намойиш эта олди. Ҳар ҳолда, бразилияликлар унинг дарвозасини ишғол қила олишмади. Аргентина термаси эса номдор рақибини енгиб (1:0), бош совринни ўзиники қилди. Бу улкан муваффақиятда, албатта, Эмининг ҳиссаси катта бўлди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:00, 20.07.2021.
Ўқилди: 3880 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.