Янги мавсумда «ПСЖ» Чемпионлар Лигаси совринини қўлга киритишга яна бир марта уриниб кўради, бунинг учун жамоа таркибни яна кучайтирди: Серхио Рамос, Жоржиньо Вейналдум ва Жанлуижжи Доннаруммани текинга қўлга киритди. Фақатгина Ашраф Ҳакимий учун «Интер»га 60 миллион евро тўлади.
Ҳар бир трансферга тўхталиб ўтамиз:
Вейналдумни Маурисио Почеттинонинг ўзи шахсан Парижга ўтишга кўндирди. Шайхлар футболчига йилига 10 миллион евро таклиф қилди ва шу тариқа нидерландиялик ярим ҳимоячи «Барселона» ҳақида унутди.
Рамос фаолиятини «Реал»да давом эттириши мумкин эди, лекин у Парижни танлади. Ҳимоячи маоши сақлаб қолинган ҳолда 2 йиллик шартнома сўраганди, лекин Флорентино Перес бунга рози бўлмади. Парижликлар эса бу шартга бажонидил кўнди.
«Париж замонамизнинг энг яхши футболчиларидан бирини қарши олди. Серхио Рамос сафимизга келиб қўшилганини айтишдан мамнунман. Серхио ажойиб футболчи, тарихдаги энг яхши ҳимоячилардан бири. У кураш учун туғилган, туғма етакчи ва профессионал. Унинг улкан тажрибаси бизга ёрдам беради», — дейди «ПСЖ» президенти Носсир ал-Ҳелайфий.
Рамос ҳам мамнун: «Парижда эканимдан хурсандман. Ҳаётимдаги катта ўзгариш, янги чақириқ. Бу кунни унутмайман. Катта лойиҳанинг бир қисми эканимдан фахрланаман. Клуб аллақачон ўзининг энг юқори даражасини намойиш этган ва мустаҳкам базага эга. «ПСЖ» билан бирга ўсишда давом этмоқчиман ва жамоага совринлар қўлга киритишда ёрдамлашаман».
Серхио ўзининг севимли 4-рақамини олди. Парижликлар сафида аввалги мавсумда Тило Керер ушбу рақам остида ҳаракат қиларди. Энди у 24-рақамни олди («Шалке» жамоасида ушбу рақам остида ҳаракат қилган).
«4-рақамни жуда ҳам қадрлайман, чунки у фаолиятим бошидан буён мен билан бирга. У бутун фаолиятим давомида мен билан бирга бўлган, омад ва ғалабалар келтирган. 4-рақам инсон ва профессионал сифатида бир қисмим. «ПСЖ»дек жамоада шу рақам остида майдонга тушиш — ғурур», — дейди Рамос.
«ПСЖ» Ҳакимийни 60 миллион евро эвазига харид қилди. Бундеслига ва А Серияда ўзини кўрсата олган 22 ёшли футболчи учун ажойиб нарх. Марокашлик футболчи 2020/21 йилги мавсумда 37 ўйинда 7 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди.
Доннарумма 2026 йилгача бўлган шартномани имзолади. «Топ-жамоага ўтганимдан хурсандман. Янги чақириқни қабул қилишга тайёрман. «ПСЖ» билан катта совринларни қўлга киритишни ва мухлисларни хурсанд қилишни хоҳлайман».
"La Gazzetta dello Sport" хабарига кўра, дарвозабон йилига 10 миллион евро олади («Милан»да 6 миллион эди). Доннарумма «россонери» мухлисларига атаб хайрлашув хатини ёзди. Унда барчага раҳмат айтди, жамоага омад тилади ва хайрлашиш вақти келганини ёзди.
Натижада, «ПСЖ» 4 нафар ажойиб футболчиларни қўлга киритди. Қишки трансферда жамоа етарлича харидларни амалга оширмаганди, ёзги трансфер ойнасида эса фаол. Ўтган мавсум бошида Мауро Икардини харид қилганди, Алессандро Флоренци, Мойзе Кин ва Данилу Перейрани ижарага олганди.
Қолганларнинг тақдири нима бўлади: Почеттино, Мбаппе ва Неймар қоладими?
Почеттино аниқ қолади. «Реал» ёки «Тоттенҳэм»га кетиши борасидаги гап-сўзларга Носсир ал-Ҳелайфий шундай жавоб берганди:
«Мавсум сўнгида Почеттино билан ҳар бири 2-3 соатдан иборат иккита учрашув ўтказдик. У кетиш ҳақида гапирмади. Аксинча, жамоадаги ишларга диққатини қаратган. Ҳар куни Леонардо (клуб спорт директори) билан суҳбатлашади».
Неймар жамоа билан 2025 йилгача мўлжалланган шартнома имзолади. Президент бразилиялик футболчи фаолиятини Парижда якунламоқчи эканини айтди.
Мбаппенинг тақдири эса номаълум. Ал-Ҳелайфийнинг қарори аниқ: «Биз уни ҳеч қачон сотмаймиз. Эркин агент сифатида жамоани тарк этмайди. Бу — Париж ва унинг мамлакати. Унинг нафақат футболчилик, балки Франция чемпионатини юксалтириш вазифаси ҳам бор».
Лекин Килианнинг режалари бошқа. Ҳозир ҳам унинг келажаги сўроқ остида. «Келажагим ҳақида қарор қилишга шошганим йўқ. Мен ўзим учун тўғри бўлган қарорни қабул қилишим лозим», — деганди Мбаппе Евро—2020 бошланишидан аввал France Footballга берган интервьюсида.
Marca газетасининг хабарига кўра, Килиан «ПСЖ»га янги шартномани имзоламаслигини айтган. Агарда янги шартномада «Реал»га ўтиши учун нарх белгилансагина имзо чекиши мумкин.
Франция профессионал футбол лигаси эса футболчиларнинг товон пули очиқланмаслиги тўғрисида қоида чиқарган. Шунинг учун «ПСЖ» ва Мбаппе «жентлменларча» келишувга эришиши лозим. Футболчининг шартномаси эса келаси йил ўз якунига етади.