"Андижон" бир қатор янги футболчиларни қўшиб олди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.
«Янги мавсумга пухта тайёргарлик кўраётган «Андижон» клуби 21-миллий чемпионатда ўз ўйинлари билан мухлисларини хушнуд этишни мақсад қилиб қўйган. Бош мураббий Александр Аверьянов таркибда у қадар жиддий ўзгаришларга қўл ураётгани йўқ. Чунки россиялик мутахассис асосий эътиборини маҳаллий ёшларга қаратмоқда. Нега деганда, мураббий ёш иқтидорли ўйинчиларнинг келажакда жамоа учун фойда келтиришини яхши ҳис қилиб турибди. Шунингдек, йиғин давомида таркибда бир қатор футболчиларни ҳам синовдан ўтказди. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам мураббийлар штабига маъқул келгани йўқ. Фақатгина ўзларини кўрсата олган футболчиларгина «Андижон»да қолдилар», деб ёзилади клуб расмий сайтида берилган хабарда.
Ўтган мавсумни «Сўғдиёна»да ўтказган ярим ҳимоячи Санжар Тўрақулов, «Насаф»дан Адҳам Нормуҳаммедов, «Ёрқўрғон» жамоасидан Рустам Аъзамов янги мавсумни «Бургутлар» сафида бошлашади. Ушбу ўйинчилар клуб билан шартнома имзоладилар.
Айтиш жоизки, истеъдодли қанот ярим ҳимоячиси Рустам Аъзамов ўз вақтида «Пахтакор» учун ҳам тўп сурган. Булардан ташқари белоруссиялик дарвозабон Александр Петухов ҳам «Андижон» шарафини ҳимоя қилади. Украиналик Александр Половков эса шартномасини яна бир йилга узайтирди. Белоруссиялик яна бир футболчи Константин Якубовский эса ҳозирча кўрикдан ўтмоқда.