"Барселона" клуби ёзги трансферлар ойнасида бир қатор футболчиларни ўз сафига қўшиб олди. Катта эҳтимол янги мавсумда таркибда анчагина ўзгаришлар бўлади. Келинг, янги мавсумдаги "Барселона" қандай кўринишда бўлишини фараз қилиб кўрамиз.
Янги трансферлар
"Кўк-анорранглилар" бир ойча аввал "Манчестер Сити" клубидан Эрик Гарсияни 0 қийматида ўз сафига қўшиб олди. Гарсия эркин агент сифатида Каталонияга келди. Ёш, шижоатли марказий ҳимоячи, бироқ унинг асосий таркибдан ўрин олиши аниқ эмас. Лангле ишончли ўйин кўрсатмаяпти, бироқ барибир унда тажриба бор. Шунингдек, Араухо ва Мингеса борлигини ҳам унутмаслик керак. Депай ва Агуэро ҳам эркин агент сифатида Каталония клубига келиб қўшилди. Бири Месси билан тўп тепиш орзусида ва яна бири топ клубларда яна бир бор ўз омадини синаб кўриш мақсадида. Яхши томони иккала футболчи ҳам иш ҳақини қисқартириш шартига рози бўлди. Буни ёдда тутган ҳолда, «Барселона» яхши шартномалар тузди десак адашмаган бўламиз. Бундан ташқари, клуб Эмерсонни «Бетис»дан 9 миллион еврога сотиб олди, у асосий бўладими ёки йўқми, билиш қийин. Чунки, Дест ўнг қанот ҳимоясида устувор аҳамият касб этади.
Ярим ҳимоячилар
«Барселона»да ярим ҳимояда кўплаб футболчилар бор. Сардор Бускетс ва Пьянич (нега иккинчисини олишганини ҳали ҳам тушунмаяпман) ва ёш Пуч, Де Йонг, Мориба ва Педри. Кўпчилик янги мавсумда Педрига қаттиқ ишонмоқда, у ўзини ҳам "Барса"да, ҳам терма жамоада ажойиб тарзда намойиш қилди. У Испания олимпия терма жамоаси билан ўйинларини давом эттирмоқда. Шунингдек, клубни тарк этиши мумкин бўлган Коутиньо ҳам бор. Майдон маркази ўзгармай қолади деб ўйлайман: Бускетс, Де Йонг ва Педри. Бускетс ва Педри Еврода яхши ўйнашди, Френки эса «Барселона»да тобора яхши ўйин кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Пуч кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши мумкин.
Жамоадан кетганлар
"Барселона"га 4 футболчи келишидан ташқари, бир қатор футболчилар ҳам клубни тарк этди. Жуниор Фирпо "Лидс" клубига ўтди ва чап қанотда ягона номинал ҳимоячи Альба бўлиб турибди. Шунингдек, Тринкау бир мавсумга "Вулверхэмптон" клубига йўл олди. Буни каталонияликлар учун кичик йўқотиш десак ҳам бўлади. Бундан ташқари Аленья "Хетафе"га, Тодибо эса "Ницца" клубига йўл олди. "Кўк-анорранглилар" таркибида атиги 1 та ўйинда асосий таркибда майдонга тушган Матеус Фернандес ҳам Каталония клубини тарк этди. Кетган футболчилар орасида кўп маош оладиганлар йўқ ва уларнинг аксарининг клубдаги ўрни сезилмас эди. Шундай экан, ҳали каталонияликлар катта йўқотишларга дуч келганича йўқ.
Клуб инқирози
Айни дамда «Барселона» эҳтимол Европадаги энг инқирозли жамоалардан бири ҳисобланади. Клубнинг катта қарзлари, янги келганларни клубда рўйхатдан ўтказиш, Месси билан шартнома имзолаш каби муаммолар клуб олдида турибди. Бундан ташқари, Бартомеу қилган ҳамма нарсадан қутулиш керак, яъни Бартомеу бир неча ўн миллионлаб ойлик берган футболчиларни сотиш лозим. Мисол учун, Умтити майдонга деярли туширилмайди, лекин йилига 16 миллионга яқин маош олади. Клуб Умтити, Пьянич ва Гризманни сотиб юбормоқчи, аммо ҳозирча натижа йўқ. Футболчилар маошини пасайтиришни истамайдилар. Албатта, нейтрал инсон сифатида "Барселона"га тезроқ қарзларидан қутулишни ва Бартамеунинг хато қарорлари асоратларидан тезроқ халос бўлишини тилаб қоламиз.
Яқин вақтлар ичида Мессининг клуб билан шартномасини узайтиришини, клубга янги келиб қўшилганларнинг рўйхатдан ўтишини ва Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятли ўйинлар кўпчилик томонидан кутилмоқда. Катта эҳтимол содир бўлаётган ўзгаришлар ижобий тарафлама ўз эффектини кўрсатмай қолмайди.
Келинг, "кўк-анорранглилар"нинг янги мавсум учун тахминий асосий таркиби билан танишиб чиқамиз.