«Челси» бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш «Эвертон»га қарши Англия Премьер-лигаси 25-тур учрашуви олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, рақибни менсимаслик ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда «Челси» расмий сайти хабар бермоқда.
Португалиялик мутахассиснинг айтишича, Дэвид Мойес шогирдларига қарши «Гудисон Парк»да тўп суриш ҳар қандай жамоага ҳам оғир.
«Эвертон»га қарши меҳмондаги ўйин осон бўлмаслигини биз жуда яхши тушуниб турибмиз. Ўз ишқибозлари қўллаб-қувватлаши остида бу клуб исталган рақибга етарлича бошоғриқ бўлиши мумкин», деди португалиялик мураббий.
«Бундан ташқари, уларнинг мусобақа жадвалидаги ўрни ҳам кўп ёмон эмас: «Эвертон» 11-ўринда бораётган бўлса-да, саккизинчи ўриндан уни жуда ҳам кичкина фарқ ажратиб турибди», дея қўшимча қилди «Челси» бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш.
Англия Премьер-лигасида 24 учрашувдан сўнг 43 очко тўплаган «Челси» «Эвертон»га қарши баҳсни 11 февраль, шанба куни ўтказади. Ўйин Тошкент вақти билан 20:00да бошланади.