ОЧЛ саралаш плей-офф биринчи босқичида «Зоб Оҳан»ни мағлуб, финал раунди йўлланмасини қўлга киритган Теҳроннинг «Истиқлол» жамоаси бош мураббийи Парвиз Мазлумий ўйиндан сўнг рақиб жамоа футболчиларига ҳам, ўз жамоаси ишқибозларига ҳам миннатдорчилик билдирди.
Эроннинг икки клуби ўртасидаги саралаш учрашуви «Истиқлол»нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди. Ҳусрав Ҳайдарий ва Ораш Бурҳоний томонидан киритилган голлар пойтахт клубига кейинги босқич йўлланмасини ҳадя этди. Ушбу учрашувда «Истиқлол» Андраник Теймуриён ва Мужтаба Жабборий каби асосий футболчиларидан фойдалана олгани йўқ.
«Бугун ажойиб футбол кўрсатгани учун «Зоб Оҳан» жамоаси футболчи ва мураббийларига, шунингдек, ёмғирли ҳавода бизни қўллаб-қувватлаб турган ишқибозларимизга миннатдорчилик билдиришни истардим», деди Мазлумий.
«Биз бугундан бошлаб Саудия Арабистонининг «Ал-Иттифоқ» клуби ҳақида ўйлашни бошлаймиз. Умид қиламанки, 18 февраль куни бўлажак ўйинга имкон қадар кўпроқ томошабин ташриф буюради, чунки бу кун биз майдонга Эрон шарафини ҳимоя қилгани тушамиз», деди «Истиқлол» устози.
ОЧЛ саралаш плей-офф финал раундида Теҳроннинг «Истиқлол» клуби Саудия Арабистонининг «Ал-Иттифоқ» жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу жуфтликда ғалаба қозонган жамоа ОЧЛнинг «А» гуруҳидан ўрин олади. Ушбу гуруҳда, Ўзбекистон вице-чемпиони ҳисобланган Қаршининг «Насаф» жамоасидан ташқари, Қатарнинг «Ар-Райян» ва БААнинг «Ал-Жазира» клублари бор.