Токио-2020 олимпиадасида энг кўп медаль кутганимиз — Ўзбекистон бокс терма жамоаси инқирозга учради. Японияга йўл олган 8 нафар эркак спортчимиздан фақатгина Баҳодир Жалолов ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Ҳозиргина 63 кг. вазн тоифасида Элнур Абдураимов арманистонлик Оганнес Бачковга қарши жанг олиб борди. Рақиб мунтазам равишда ҳамюртимизни босим остида ушлаган ҳолда жанг қилди. Элнур эса бу босимга дош бера олмади. Боз устига, Абдураимов яхши ҳимоялана олмади ҳам.
Якуний натижа — 0:5 (27:30, 27:30, 27:30, 27:30, 27:30).
Бугун куннинг иккинчи ярмида 60 кг. вазндаги боксчимиз Райҳона Қодирова бразилиялик Беатриз Феррайрага қарши чорак финал жангини ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бокс терма жамоаси Рио-2016 олимпиадасида 7та медаль (3та олтин, 2та кумуш ва 2та бронза) қўлга киритган эди.