Токио Олимпиадасида можаро содир бўлди. Енгил атлетика бўйича кумуш медалини қўлга киритган намибиялик спортчи қизнинг жинси борасида шубҳалар пайдо бўлмоқда, дея ёзади «РБК Спорт».
18 ёшли Кристин Мбома Токио Олимпиадасида ўзига хос натижани кўрсатди. У аёллар ўртасида 200 метрга югуриш баҳсларида кумуш медални қўлга киритиш баробарида ёшлар ўртасидаги жаҳон рекордини ҳам янгилади (21,81 сония). Бироқ Кристинда жинсий ривожланиш бузилган. Унинг организмида хромосомалар комбинацияси ноодатий бўлиб, тестостерон даражаси эркакларникига хос ва аёлларникидан бир неча баробарга кўп. Ушбу ҳодиса тиббиётда XY DSD деб аталади.
Қайд этиш жоиз, ушбу ҳолат Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси учун янгилик ҳисобланмайди ва Кристинга ўхшаган спортчиларга 400, 800 ва 1500 метргача бўлган масофаларда аёллар билан рақобатлашиш тақиқланган.
Ушбу тақиқнинг қўлланилишига жанубий африкалик спринтер Кастер Семеня туфайли 2019 йилда ўтказилган тадқиқот сабаб бўлганди. Ўшанда комиссия қарорига кўра, шунга ўхшаш хусусиятларга эга спортчилар махсус терапиядан ўтиб, тестостерон даражасини пасайтирсагина, 400 дан 1500 метргача бўлган масофаларда иштирок этиши мумкин. Кичик масофаларда (100 ва 200 метр) эса бундай тақиқ йўқ.
Тақиқдан олдин Мбома ҳам 400 дан 1500 метргача бўлган масофаларда чиқиш қиларди, унинг 200 метрга ўтганига 6 ой бўлган.
Мбома билан рақобатлашган спортчилар эса ташкилотчилардан «у аёл эканлигини исботласин» деб талаб қилмоқда.
«Аёлларни XY DSD хусусиятларига кўра ажратиш апартеид билан бир хилдир. Яъни, инсониятга қарши жиноят. Халқаро енгил атлетика федерацияси аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузмоқда ва уларнинг соғлиғига зарар етказмоқда», — дейди Камеруннинг БМТдаги вакили Дамиен Жорж Авуму.
ТАСС нашрига кўра, намибиялик Кристин Мбома иштирок этган 200 метр масофада аёллар ўртасидаги мусобақа натижалари адолатли деб топилган. Бу ҳақда журналистларга Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) расмий вакили Марк Адамс маълум қилган.
«Бу адолатли рақобат. Ҳа, бизда кўрсатмалар ишлаб чиқилган, лекин ҳар бир спорт тури бўйича интизом қоидалари халқаро федерациялар томонидан алоҳида ишлаб чиқилади», — дейди у.