Ўзбекистон футбол федерацияси ўзбек футболининг 100 йиллик юбилейини нишонлаш бўйича тадбирлар режасини тасдиқлади. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар тарқатмоқда.
Ўзбек футболининг довруғини дунёга ёйиш орқали мамлакатда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда футболнинг ролини янада кучайтириш, ёшлар ўртасида футболни тарғиб қилиш ҳамда оммалаштириш, шунингдек, 1912 йилда Ўзбекистон Республикасида пайдо бўлган Ватанимиз футболининг 100 йиллик юбилейини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда муносиб нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Бюроси «Ўзбек футболининг 100 йиллик тўйига бағишланган тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш тўғрисида» қарор қабул қилди.
Қарор билан тасдиқланган тадбирлар режасига кўра, 2012 йилнинг апрель ойига қадар ўзбек футболининг 100 йиллик юбилейи ўтказиладиган жойни аниқлаш ва тадбир сценарийсини йил давомида жойлар ўтказиладиган тантаналар асосида тайёрлаб бориш кўзда тутилган. Режага кўра, март ойигача ҳудудий федерациялар юбилейни ҳудудларда нишонлаш бўйича таклифлар киритиши керак. Апрель ойидан бошлаб эса фахрий футболчилар, спорт журналистлар билан биргаликда вилоятларга юбилей сафарларини давом эттириш режалаштирилган.
ЎФФ қошидаги «Soccer Pro» шўъба корхонаси юбилейга бағишланган миллий логотип дизайнини ишлаб чиқиши, ушбу логотип ташкилий қўмита томонидан тасдиқланганидан сўнг унинг тасвири туширилган махсус сувенир ва босма маҳсулотлар, байроқ ва байроқчалар ва бошқа эсдалик совғаларни тайёрлаши режалаштирилган. Шунингдек, июль ойидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кўчма фотосурат кўргазмаларини ташкил этиши ҳам режага киритилган. Шунингдек, ўзбек футболининг 100 йиллиги логотипини янада оммалаштириш мақсадида футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ва Кубоги, Биринчи лига ва Ёшлар лигаси мусобақаларида, шунингдек, бошқа тегишли турнирларда ўйнайдиган футболчи, мураббий ва расмий шахсларнинг логотип тасвири туширилган либосда майдонга тушиш мажбурияти юкланади.
Юбилей тадбирлари доирасида ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишланган эксклюзив почта маркаларини тайёрлаш, юбилейга бағишланган махсус китобни тайёрлаш ва чоп этиш ҳам режага киритилган. Маркалар июль ойида тайёрланаса, махсус китоб тақдимоти август ойида ўтказилади. Юбилейга тайёргарлик жараёнини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш доимий равишда амалга оширилади.
Июнь ойидан бошлаб ўзбек футболи тўйига бағишланган республика миқёсидаги турнирлар старт олади. Ёзнинг биринчи ойида республиканинг барча ҳудудларида 1999, 2000 ва 2001 йилларда туғилган болалардан тузилган жамоалар ўртасида, август-сентябрь ойларида ЎФФ Кубоги учун ОАВ ходимлари ўртасида, июль-август ойларида давлат корхоналари ўртасида, август ойида эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда футбол фахрийлари ўртасида турнир ташкил этилади.
Қарорнинг 1-иловасига кўра, 2012 йилнинг августи ойида ўзбек футболининг ватани ҳисобланган Қўқон шаҳрида 100 йиллик тўйга бағишланган мемориал ёдгорлик ўрнатилиши режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаларни тайёрлаш маркази (А.Толибжонов) бўлим бошлиқлари бириктирилган бошқа мутахассислар билан биргаликда ЎФФнинг тадбирлар режасига мувофиқ, Тошкент шаҳрида ўтказиладиган марказий тантаналар доирасида Ўзбекистон терма жамоасининг 100 йиллик юбилейга бағишланган халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказиш бўйича ФИФА тақвими асосида кун белгилаб, Европа жамоаларидан бири билан ўйиннинг юқори савияда ташкил этилишини таъминлаши белгиланган.
Юбилейни биргаликда нишонлаш мақсадида ФИФА, ОФК ва бошқа мамлакат футбол федерацияларидан меҳмонларни таклиф этиш кўзда тутилган бўлиб, август-сентябрь ойларида ўзбек футболининг 100 йиллик юбилейини тантанали ўтказиш учун «Бунёдкор» стадионини тайёрлаш кўзда тутилган.