Бразилия терма жамоаси Олимпиада-2020 футбол турнири гуруҳ раунди 1-турида германиялик олимпиячиларни айтарли муаммосиз маҳв этди - 4:2. Бу ўйин тақдирини «Эвертон» ҳужумчиси Ришарлисоннинг ёлғиз ўзи ҳал қилди - дастлабки ярим соат ичида «хет-трик». Бразилияликлар кейинчалик пенальти тепиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритишди, аммо Кунья 11 метрли жарима зарбасидан самара чиқаролмади. Асосий факт - Opta Joe маълумотларига қараганда, Ришарлисон Олимпиада тарихида «хет-трик» қайд этган АПЛнинг биринчи футболчиси бўлди.
«Эвертон» вакили айниқса, 1-голни нишонлашда ҳамманинг эътиборини тортди - қизиқарли сюжет. Ҳа, Ришарлисон голларини одатдагидек рақс тушиш билан нишонлади. Лекин биринчисидан кейин қўлини бир неча марта томоғи бўйлаб «юрғизди». Ҳужумчи шунинг баробарида Бразилия терма жамоаси рамзини тишлади. Табиийки, ушбу лаҳзалар видеоси яшин тезлигида тарқалди. «Твиттер» аккаунти эса, дарҳол Ришарлисонга хос яна бир гол нишонлаш саҳнасини эслади. У одатда бунда кабутар юришидан нусха кўчирарди.
Умуман олганда, Ришарлисон 73-дақиқагача тўп сурди ва шу паллада ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Эслатма, «Эвертон» ҳужумчиси яқиндагина Бразилия миллий жамоаси сафида Америка кубоги-2021да ҳам қатнашганди. Ришарлисон айнан Бразилияда ташкиллаштирилган турнирда 7 марта майдонга тушиб, 1та гол урди ва якунда кумуш медаль билан чекланди. Футболчи жумладан, 5та ўйинда жамоасининг бошланғич таркибидан жой олди.
Қарангки, ҳужумчи Америка кубогидан «Эвертон»га қайтиш ўрнига мамлакатнинг бошқа терма жамоаси билан Япония сафарига чиқди. У Олимпиадага йўл олган Бразилия термасида асосий юлдуздир. Аслида Ришарлисон ҳар 4 йилликнинг бош турниридан четда қолиши ҳеч гап эмасди. Эслатиш керак, Олимпиадада асосан 23 ёш ёки бундан кичик футболчилар қатнашадилар (истисно тариқасида 3 нафар катта ёшли футболчи олиш мумкин). Шунингдек, клублар ўз футболчиларини Олимпиадага қўйиб юборишга мажбур эмас. Бинобарин, айни паллада етакчи чемпионатларда янги мавсумга тайёргарлик жараёнининг сўнгги босқичи кетмоқда.
Маълум бўлишича, Америка кубоги якунлангач, Ришарлисоннинг шахсан ўзи дарҳол «Эвертон» раҳбарларига қўнғироқ қилган. «Кун бўйи клуб вакиллари билан баҳслашдим, бош мураббийга тинмай қўнғироқ қилдим. Чунки Олимпиадада қатнашишим жуда муҳим эди, айниқса, ЖЧ-2022дан олдин. Охир-оқибат, «Эвертон» рухсат берганини эшитиб, қувончдан сакрадим», - дейди Ришарлисон.
Агар бразилияликлар Олимпиада финалига чиқишса, ҳужумчи «Эвертон» сафида янги мавсумга қаратилган тайёргарлик жараёнида қатнашишга улгурмайди. Зеро, Токио-2020 тугаганидан атиги 1 ҳафта ўтиб, АПЛга старт берилади. Шу боисми, «Эвертон» аввалига Ришарлисоннинг Токиога боришига қарши чиқди. Фақат футболчи қаттиқ туриб олди ва жамоа рухсат беришдан ўзга чора тополмади. Якунда клубнинг янги бош мураббийи Рафаэль Бенитес алоҳида баёнот орқали вазият юзасидан мухлисларга алоҳида тушунтириш ҳам берди. Испаниялик мутахассиснинг айтишича, Ришарлисоннинг август ойида бўлмаслиги жамоа фойдасига ишлаши ҳам мумкин: «У билан гаплашдим, ҳозир хаёлида фақат Олимпиада. Футболчининг ушбу ҳолатини тушуниш керак. Мана, унга рухсат бериб, кайфиятини кўтардик. Энди қўллаб-қувватганимизга яраша, жавоб бериши керак. Ўйлайманки, Ришарлисон бўйнидаги қарзни узиши шартлигини англаб турибди. Қисқаси, мавсум стартида ҳужумчидан фойдаланолмасмиз, аммо чемпионат узун ва у кейинчалик катта иштиёқ кўрсатиб, етарлича ёрдам бериши мумкин». Маълумот учун, Ришарлисон бугунги «Эвертон»нинг етакчиларидан бири ҳисобланади. Дейлик, у мавсум-2020|2021да 34та ўйин ўтказиб, 7та гол ва 3та самарали узатма муаллифига айланди.
«Эвертон» энди ижтимоий тармоқларда бразилияликнинг стартдаги муваффақиятини нишонламоқда. Бунга футболчининг собиқ клуби - «Флуминенсе» (Бразилия) ҳам қўшилди. Ҳаттоки, ФИФАнинг «Твиттер»даги расмий саҳифасида Ришарлисоннинг қатъийлиги алоҳида эътироф этилди: «У Олимпиадада ўйнаш йўлида илтимос қилди, тортишди, ёлворди. Кейин шунга яраша, дебют ўйинининг дастлабки 30 дақиқасида «хет-трик» қайд этди. Помбонинг вақти келди».
Д.АЛИМОВ тайёрлади