Маълумки, муҳим учрашувларда Ер куррасининг қайси шаҳрида бўлмасин, ўзбек мухлислари миллий ва олимпия терма жамоамизни стадиондан туриб қўллаб-қувватлашлари яхши анъана тусига кириб бўлди.
21 февраль куни Тошкент вақти билан 18:45 да Олимпия терма жамоамиз Қатар пойтахти Доҳадаги «Ал-Аҳлий» стадионида Ироқ олимпиячиларига қарши майдонга тушишади.
ФИФАнинг дабдурустдан БАА олимпиячиларига 3 очко ва 3 гол совға қилиб юбориши Олимпия терма жамаомиз олдида қолган ҳар икки учрашувда ҳам максимал натижага эришиш заруриятини пайдо қилди. Бу вазиятда нейтрал майдонда олимпиячиларимизга ўз уйидагидек муҳит яратиб беришни режа қилган фан-клубимиз аъзоларидан 30 нафари айни дамда Доҳа шаҳрида бўлиб туришибди.
Абдураҳмон Фозилов бошчилигида Истанбул орқали Доҳага учган фанатларимиз – Қатар пойтахтида ўзбек мухлисларининг доимий «бошпанаси»га айланиб бораётган «Ле-Парк» меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда. Бугун улар Қатар пойтахтининг диққатга сазовор жойларини томоша қилишади: Доҳа тарихи музейи, Суқ Вақиф бозори, Осиё чемпионати очилиш учрашуви ва финали бўлиб ўтган «Халифа интернейшнл» стадиони кабилар.
Эртага эса фанатларимизга Доҳада истиқомат ва меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз ҳам қўшилишади. Фан-клуб Тошкентдан барча зарур атрибутикаларни ўзлари билан олиб кетган. Хуллас, Олимпия терма жамоамиз навбатдаги 3 очкони қўлга киритишлари йўлида 12-ўйинчи вазифасини бажариш учун ҳамма нарса шай.