Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания - Германия
06/07 00:00 Португалия - Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия

«Тўпчилар»га кучли «порох» керак

Баҳо:
+ | -

Шонли клуб «Арсенал» ўз тарихидаги энг қора кунларни бошдан кечирмоқда. Ҳозир жамоа мухлисларининг кайфиятига ҳавас қилиб бўлмайди. 2019 йил охирида «Арсенал» хўжайини Жош Кронке Лондон клуби мухлисларини сабрли бўлишга чақирди. Тўғри, жамоага ҳозир вақт керак. Ёш ва умидли Микель Артета кутилган ишончни оқламаяпти.

«Канонирлар» собиқ ўйинчиси энди клуб ёқимтойи эмас. Хосеп Гвардиоланинг шогирдидан бошиданоқ кўп нарсалар кутилганди. Мутахассиснинг ўзи бош мураббий сифатида ишлаш тажрибасига эга бўлмаган ҳолда «тўпчилар»ни қабул қилиб олди. Арсен Венгер давридан буён жамоа юқори натижаларга эриша олмаяпти. Орада бир муддат пайдо бўлган Унаи Эмери даврида «Арсенал» Европа Лигаси финалига чиқди. Бироқ энди шимолий Лондонликлар бундайин ютуқларни орзу қилишлари мумкин холос. Венгернинг кучли тўртликка киритган «Арсенал»идан қониқмаган мухлислар бугун 20-ўринга термулган ҳолда кўз ёшларини артишмоқда.

Тан олиш керак, Артета мавсумни яхши бошлади. «Канонирлар» ёш мутахассис қўл остида Англия кубоги, кейин эса Суперкубокни қўлга киритишди. Аммо ички чемпионатда Лондон клуби яхши ҳаракат қила олмади. 2019/20 йилги мавсумда «Арсенал» АПЛ турнир жадвалида 8-ўринни эгаллади. Ўтган мавсумда ҳам «канонирлар» худди шу позицияни банд этишганди.

Жорий мавсум «тўпчилар»нинг Премьер-лигадаги ишлари ёмондан ёмон. «Арсенал» 67 йил ичида биринчи марта мавсумнинг илк 3 ўйинида мағлуб бўлди. «Канонирлар» «Брентфорд», «Челси» ва «Манчестер Сити»га ютқазишди. 3 учрашувда умумий 0:9 ҳисоби қайд этилди. Кўриб турганингиздек, бу жуда шармандали ҳолат. Бу вақт мобайнида футболчилар рақиб дарвозасига 29 марта зарба берган, бироқ бирорта ҳам гол ура олишмади. Ҳозирда «Арсенал» АПЛ турнир жадвалининг сўнгги, 20-поғонасидан жой олган.

Англия ва бутун футбол оламида «канонирлар», шубҳасиз, мавсум бошидан буён энг кўп гапирилган жамоа бўлиб турибди. Албатта, ҳеч ким «Арсенал»ни юқори дивизионидан тушиб кетиши мумкинлигини жиддий ўйлагани йўқ. Аммо шу билан бирга Лондон клубида жиддий муаммолар борлиги аниқ. Раҳбарият трансферлар учун катта пул ажратди, янги жамоа қурилаётгандек таассурот бор, лекин барибир тизимда нималардир нотўғри кетмоқда.

«Арсенал»нинг ўз олдига қўйган стратегияси аниқ. «Канонирлар» грандлар билан тенг шароитда рақобатлаша оладиган ёш, истиқболли ва самарали жамоа яратмоқчи. Зеро, бунга мос таркиб ҳам шаклланган. Артете ўз жамоасида кўришни истаган ҳар бир футболчини сотиб олишнинг уддасидан чиқди, раҳбарият унга барча шароитларни яратиб берди. Энди фақат ҳаракат қилиш вақти келган.

Якунига етган ёзда ҳисобланган статистика бўйича «Арсенал» Англияда трансферлар учун энг кўп пул сарфлаган жамоага айланди. «Канонирлар» 23 ёшгача бўлган олтита футболчи билан шартнома имзолаган. Уларнинг барчаси «канонирлар»га 156,8 миллион фунтга тушди. Нуну Тавареш («Бенфика», 8 млн), Самби Локонга («Андерлехт», 15 млн), Такехиро Томиясу («Болонья», 19,8 млн), Аарон Ремздейл («Шеффилд Юнайтед», 30 млн) каби футболчилар шулар жумласидандир.

Мартин Эдегор («Реал» 34 млн) ва Бен Уайт («Брайтон», 50 млн), Габриел ва Томас Партилар ҳам ўтган мавсумда «Арсенал» сафига келиб қўшилганди. Улар ҳам албатта қариялар сирасига кирмайди - бири 22, иккинчиси 27 ёш. Баъзи бир ҳисоб-китобларга кўра «канонирлар» ҳозирда Премьер-лигада «Норвич» ва «Брентфорд»дан кейин таркиб бўйича энг ёш жамоа ҳисобланади.

Бу ерда «тўпчилар»нинг трансфер сиёсати умуман олганда тушунарли, лекин лондонликларнинг баъзи қарорлари ҳайратланарли даражада. Масалан, Жо Уиллокни сотиш асосий планга чиққан. Ярим ҳимоячи «Ньюкасл»да яхши мавсум ўтказди, ярим мавсум давомида АПЛда 8 та гол урди. Бу марказий ярим ҳимоячи учун яхши кўрсаткич албатта. Аммо лондонликлар барибир ўйинчини «Ньюкасл» га сотишни уддалашди.

Унинг ўрнига жамоа янги лигага мослашиши осонроқ бўлган Локонга билан шартнома имзолади. Шу билан бирга, «канонирлар» ҳужумчи Эдди Нкетиа ва яримҳимоячи Энсли Мейтленд-Найлсларни таркибда ушлаб қолишнинг уддасидан чиқди. Иккала футболчи ҳам «Эмирейтес»да кам вақт ўйнашади, лекин уларнинг асосий таркибда ўз ўрни бор.

Аммо «Арсенал» нинг муаммолари фақат топ футболчилар камлиги билан чекланмайди. Жамоада муҳит тинч эмас. Тушунарлики, мағлубиятли серия ҳаммани хафа қилади, бу аниқ. Лекин футболчилар ижобий натижа учун қайси критерияларни ўзгартиришлари керак? «Канонирлар» ҳозирда ўзларини майдонда тўлиқ йўқотиб қўйган деса ҳам бўлаверади. «Арсенал» ўйинида жамоавий ҳам, якка тартибда ҳам камчиликлар етарли.

Лондонликлар тўп учун кураш санъатини батамом йўқотишгани билиниб турибди. Ҳимояда жиддий хатоларга йўл қўйишмоқда ва рақиб жарима майдончаси яқинида ноаниқ ҳаракатлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетган. Муаммо фақат ўйинчилар ўртасидаги тушунмовчиликларда бўлгандику, майли, буларнинг ҳаммасини ҳал қилиш мумкин. Аммо бу ерда кўп нарса психологик ҳолатга боғлиқ ва бош мураббий бундан воқиф бўлиши керак. Зеро, "Арсенал" АПЛда бу каби қуйи поғоналарда юрадиган жамоа эмас.

Киритилди: 07:00, 09.09.2021.
Ўқилди: 3461 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.