АГМКнинг Суперлига 19-тур доирасидаги рақиби жорий мавсумни анча барқарор ўтказаётган Навоийнинг "Қизилқум" жамоаси бўлади.
Миржалол Қосимов бошчилигидаги жамоамиз мазкур турда Навоийга сафар қилади. Ушбу жамоалар ўртасидаги биринчи даврада ўтган беллашувда собиқ футболчиларимиз Эркин Байдуллаев ва Элгужа Григалашвилиларнинг голи "Қизилқум"га ғалаба келтирганди. Шу боис, АГМК Навоийга фақат ва фақат ғалаба илинжида сафар қилади ҳамда ўзаро ҳисоб-китобни тўғрилаб қўйишга интилади.
Айни пайтда олмалиқликлар 32 очко тўплаган ҳолда мусобақа жадвалида 3-ўринни банд этмоқда. Ҳамиджон Актамов бошчилигидаги "Қизилқум" 26 очко билан жадвалда 6-ўринда бормоқда.
Ушбу қарама-қаршиликда жамоалар 29 бор тўқнаш келган. Ўзаро ўйинларда устунлик жамоамиз тарафида. АГМК ҳисобида 13 ғалаба, «Қизилқум»да эса битта кам - 12 ғалаба мавжуд. Қолган 4 ўйинда эса ғолиб номи аниқланмаган. Тўплар нисбати ҳам АГМК фойдасига: 49-42.
Ўйин ҳаками этиб қашқадарёлик ёш ва истеъдодли ҳакам Фирдавс Норсафаров тайинланган.
Бу ўйин Норсафаров учун жамоамиз иштирокидаги 5-учрашувга айланади. Бунга қадар Фирдавс Норсафаров 2019 йили Лига Кубоги доирасида «Металлург»га қарши баҳсда ишлаган ва унда жамоамиз ғалабани тантана қилганди. Шунингдек, ушбу ҳакам ўтган йили биринчи даврада ҳамда иккинчи даврада АГМК ва «Локомотив» ўртасидаги ўзаро ўйинларни бошқарганди. Ўша тўқнашувнинг дастлабки баҳсида жамоамиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, жавоб беллашувида «Локо»нинг қўли баланд келганди. Жорий мавсумдаги "Турон"га қарши сафардаги ўйинимизда ишлаган Норсафаров бошқарган баҳсда жамоамиз ғалабани тантана қилганди.
Суперлига, 19-тур.
20 сентябрь, душанба.
"Қизилқум" – АГМК (19:00)
Навоий шаҳри, "Марказий" ўйингоҳ.
Ҳакамлар: Фирдавс Норсафаров, Олим Абдувосилов, Шавкат Раҳматов, Фарруҳ Янсупов
Назоратчи: Марат Исмоилов
Комиссар: Александр Давиденко