12 ёшгача бўлган Ўзбекистон футзал терма жамоаси 26 март – 1 апрель кунлари Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган «Ҳалол ўйин» халқаро турнирида иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда ташкилий қўмита ЎФФ вице-президенти Сардор Раҳматуллаевга таклиф мактубини жўнатди.
МДҲ мамлакатлари-қатнашчилари ижтимоий ҳамкорлиги давлатлараро жамғармаси ва Бутунроссия мактаб спорти федерацияси ҳамкорликда ташкил қилаётган мусобақада МДҲнинг 8та мамлакати иштирок этиши кўзда тутилган. Унда 2000 йил ва ундан кичик ёшдаги футболчилар иштирок этиши мумкин. Ҳозирча Қозоғистон, Арманистон, Украина, Белоруссия, Молдавия, Озарбойжон ва Россия терма жамоаларининг турнирда қатнашиши аниқ бўлиб улгурган.
Мусобақа регламентига кўра 8та жамоа иккита гуруҳга тақсимланади. Дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар ярим финалда куч синашади. Ғолиблар финалда, мағлуб бўлганлари эса 3-ўрин йўлида залга чиқади. Агар ЎФФ мазкур турнирда иштирок этиш вариантини қўллаб-қувватласа 15 мартга қадар ташкилий қўмитага розилик хати тақдим этилиши керак. 12та футболчи, 1та мураббий ва 1та делегация раҳбари учун меҳмонхона ва бошқа ташкилий масалалар ташкилотчиларидан ҳисобидан қопланади. Сафар ҳаражатлари эса иштирокчи мамлакатлар футбол федерацияси зиммасида қолади.