«Милан» ҳимоячиси Тео Эрнандес ниҳоят, Франция миллий жамоасига чақирилди. 2017 йили кузатилган тушунарсиз ҳолат (у Франция ёшлар термаси ва мамлакат футбол федерацияси вакиллари билан алоқага чиқмаган, қолаверса, айни ўша пайт ОАВда дўстлари билан пляжда тушган сурати чоп этилганди)дан кейин иқтидорли ҳимоячи «қора рўйхат»га тушиб қолганди. «Ўшандан буён кўп вақт ўтди. Ҳозир мутлақо бошқа Теоман, эндиликда профессионал ишимга жиддий эътибор қаратяпман. Ниҳоят, терма жамоа сафига қўшилганимдан хурсандман. Албатта, Дидье Дешам ишончини оқлаш йўлида бор кучимни сарфлайман», - деди Эрнандес L`quipe нашрига берган интервьюсида.
- Миллий жамоа чорлови сиз учун аввало, нимани англатади?
- Мамлакатнинг бош жамоасига тушиш - фахр. Футболчилар билан танишман. Энди миллий жамоада қолишга муносиб эканлигимни исботлаш учун ишлайман. Бундай имконият туғилганидан хурсандман.
- Ҳозирга қадар умрингизнинг катта қисмини Испанияда ўтказдингиз. Қайси мамлакат жамоасини танлаш борасида нечоғли иккиландингиз?
- Йўқ, асло иккиланиш бўлмади. Чунки бошидан айнан Франция терма жамоасида ўйнаш ва унинг шарафини ҳимоя қилишни хоҳлаганман.
- Энди чап қанот ҳимоячиси роли учун акангиз билан рақобатлашишингизга тўғри келади...
- Ҳар кимнинг ўзига хос устун жиҳатлари бор. Албатта, ўз устимда ишлашда давом этаман. Баъзан акам билан ҳазиллашаман: «Қараб тур, ҳали бу жойни сендан тортиб оламан!» Жиддий гапирганда, иккимизда ҳам ўзимизга хос фазилатлар йўқ эмас. Қолаверса, ўйин услуби бўйича ўртамизда фарқ бор. Эҳтимол, акамдан тезкорроқдирман, аммо унда тажриба етарли. Умид қиламанки, кейинги сафар терма жамоада бирга ишлаймиз.
- Ҳужумкор сифатларингиз билан танилгансиз...
- Табиийки, клубда ўз зиммамдаги ишларни бажараман. Қисқаси, «Милан»да ҳимоявий ҳаракатларни кучайтиришимни талаб қилишмоқда. Ҳозир 23 ёшдаман ва кўпроқ интилишим кераклигини яхши тушунаман. Умуман, ҳам ҳимоя, ҳам ҳужум масаласида мукаммаллик сари интилишим керак.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади