Кириш Регистрация

Жасур Абдураимов: "Мақсадимиз истеъдодли ўзбек футболчиларини етиштириш"

Баҳо:
+ | -

Суперлиганинг 20-туридан ўрин олган "Сўғдиёна" — "Металлург" (2:0) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Жасур Абдураимов ўз фикрларини билдирди.

— "Сўғдиёна"ни ғалаба билан табриклайман. Улар дарвозамиз томон бугун нечта зарба беришди? 3 тами, 4 тами? 2 та гол уришди. Биз эса кўплаб вазиятлар яратиб, уларни голга айлантиролмаяпмиз. Ўйинимиздан кўнглим тўлаяпти. Фақат натижа кутилгандек бўлмаяпти. Бугун албатта бизга ғалаба зарур эди. Бироқ бизнинг ўйлаганларимиз, режаларимиз амалга ошмай қолди. Мухлисларимиз хафа бўлмай туришсин. Тез орада бизнинг кўчамизда ҳам байрам бўлади.  Нима ҳам дердим, бу – футбол. Баъзан кўп ҳаракат қилган, изланган жамоа эмас, омади чопган жамоа ютиб кетади.

"Металлург" клуби ўз олдига катта мақсадлар қўйган. Бизда ўринбосарларни тарбиялашга , Академияга катта эътибор бериш орқали келажакка интилаяпмиз. Испаниядан яхши мутахассислар келишяпти, академиямизни кучайтиришади. Катта футболни ривожлантиришга ҳам ёрдам беришади.

— Охирги йилларда Суперлигадаги клублар академияга эътибор қаратишни бошлашди. Ўзбек клублари 80-90 фоиз маҳаллий футболчилардан иборат бўлиши учун неча йил керак бўлади?
— Ўзбек клубларини билмайман, аммо "Металлург"га 3-4 йил керак. Биз ҳозир ҳам фақат маҳаллий футболчилар билан ўйнаяпмиз. Бизга легионер керак эмас. Ўзимизнинг футболчиларни кўтаришимиз керак. Насиб қилса, 5 октябрь куни академиямизнинг очилиш маросимини ўтказишни режалаштираяпмиз.

— "Металлург" дарвозасига урилган иккинчи голда ҳакамлар офсайдни кўрмай қолишди. Клуб шикоят ёзадими?
— Бу саволга жавоб бера олмайман. Бир марта ҳакамлар ҳақида гапиргандим, кейин жарима тўладим. Мен мураббийман. Бир нарсадан хайронман: Ҳар доим ёки мураббий, ёки футболчи айбдор бўлади. Ҳамма хато қилади, тўғри, лекин "Металлург" клубининг ўзига қарши 6-7 марта хато кузатилмоқда. Бу кимгадир керакми ёки керакмасми, бу нарсаларга аралашмайман. Мен ёш истеъдодларни кашф этиш йўлидаман, иқтидорли футболчиларни кўтаришга ҳаракат қилаяпман, академиямизни кучайтирмоқчимиз. Шу билан "Металлург"нинг тараққиётига ҳиссамни қўшаман. Ҳакам хато қилдими ёки қилмадими, уни таҳлил этадиган ва жавоб берадиган инсонлар бор. Мен уларнинг позициясини тушунмаяпман ва билмайман. Мен ҳакам эмасман, — дейди Жасур Абдураимов.

Манба: https://t.me/metallurguz
Киритилди: 06:28, 27.09.2021.
Ўқилди: 1188 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.