Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

“Бироз халқаро тажриба ва омад етишмади”. Футболчи қизлар Тошкентда ўтган саралаш ўйинлари ҳақида

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, 17-25 сентябрь кунлари пойтахтимизнинг “Бунёдкор”, “Пахтакор” ва “Жар” стадионларида аёллар футболи бўйича Осиё кубоги саралаш ўйинларининг “Е”, “F” ва “G” гуруҳлари бахслари бўлиб ўтди.

Тошкентда ўтган саралаш ўйинларида “F” гуруҳида Гонконг ва Непал термаларини ортда қолдирган Филиппин, “G” гуруҳида Иордания ва Бангладеш термаларидан устунлик қилган Эрон термалари финал босқич йўлланмаларини қўлга киритишди. “Е” гуруҳида икки кучли жамоа даъвогарлик қилди – Жанубий Корея ва Ўзбекистон.

Ҳар иккала терма жамоа Мўғулистон термасини бир хил – 12:0 ҳисобларида мағлубиятга учратишди. Бироқ ҳал қилувчи ўйинда кутилмаган натижа қайд этилди. Ўйиннинг дастлабки ўн беш дақиқаси ҳақиқатдан ҳам тенг курашлар остида кечаётганди. Футболчи қизларимиз ўз дарвозасини нишонга олиб қўйишди. Шундан сўнг рақиб жамоа ташаббуси ортиб борди. Якунда эса кореяликлар йирик ҳисобда зафар қучиб, Осиё кубогининг финал босқичига йўлланма олишди.

Хўш, нима учун биз кутган натижа қайд этилмади? Мағлубиятимизнинг сабаблари нимада бўлди? Шу ҳақида терма жамоанинг етакчи вакиллари фикрлари билан қизиқдик.

Диёра Хабибуллаева, терма жамоа ярим ҳимоячиси, “Сўғдиёна” вакили, миллий чемпионатда айни пайтда 23 та голи билан тўпурарлар рўйхатини бошқариб турибди:

- 2017 йилда илк бор миллий термага таклиф этилганман. Баҳром Норсафаров қўл остида кўп расмий ўйинларда, йиғинларда қатнашганман. Лекин бу галги тайёргарлик аввалгиларидан яхшигина фарқ қилди. Биз учун яратилган аъло шароитлар, Туркия, Беларус каби давлатларда ташкил этилган йиғинлар, бир сўз билан айтганда юқори эътибор қаратилганлиги ҳар жабҳада кўриниб, сезилиб турди. Шунга яраша  якунда ижобий натижа қилишимиз шарт эди. Таркиб борасида ҳам ҳар галгидан кўра мукаммаллик бор эди – айни пайтдаги энг кучли қизларимиз жамланишганди. Мўғулистонга қарши кўпроқ гол уриб, тўпларимиз нисбатини яхшилаб олишга уриндик, лекин кореяликлардан ортиғига улгурмадик. Ҳамма гол уришга қизиқди, шошилдик ҳам, аммо ҳужумларнинг аксариятига нуқта қўядиганимиз бўлмади.

Кореяликларга қарши ўйинда ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр ҳолда майдонга тушдик. Руҳиятимизни 15 дақиқа ичида исботлай олдик ҳам – ҳаракатларимиз асосан рақиб ҳудудида кечди. Аммо 17-дақиқада ўз дарвозамиздан гол ўтказиб юборганимиз, ҳужумларимиз якунига етмай қолаверганлиги, ҳатто бир гал тўп рақиб дарвозаси тўсинига тегиб қайтганлиги руҳиятга ҳам таъсир кўрсатди. Аслида кореяликлар сиз ўйлаётгандек биздан у қадар кучли эмас, лекин бизнинг руҳиятимиздан улар фойдаланишди. Ташаббусни қўлга олишди, шу куни омад ҳам улар томонда бўлди. Тўғри, улар техник ва тактик жиҳатлардан анча ривожланган. Чунки таркибида Европада тўп сурадиган ўйинчилари бор. Айтайлик жамоа сардори Англиянинг “Челси” клубида ўйнар экан, техникаси зўр, фикрлаши ҳам тезкор ва аниқ ишлайди, деярли ҳамма ҳужумлар унинг пасидан кейин бошланяпти. Бу гал ниятимизга эриша олмадик. Лекин бизда ҳам аёллар футболи анча ривожланган. Фақат эътиборни сусайтирмаслик лозим. 5-6 кунлик йиғинлар билан кифояланмасдан, доимий ташкил этиш, аёллар футболи ривожланган хорижий давлатлар тажрибаларидан фойдаланиш талаб этилади. Миллий чемпионатимиз ҳам анча йўлга тушиб олди, 14 ва 16 ёшли қизларимиз мусобақаларини ҳам кучайтирсак, футбол мактаблар қошида қизлар гуруҳларини очсак, уларни малакали мураббийлар билан таъминласак, расмий мусобақалар сони ва сифатини кўпайтирсак, яқин йиллар ичида кореяликлар ҳам, японияликлар ҳам, ҳаттоки европаликлар ҳам биз учун оддий рақибларга айланади. Мен бунга ишонаман.

Мафтуна Шойимова, терма жамоа ҳимоячиси, “Севинч” клуби аъзоси, миллий чемпионатда 11 та голи билан тўпурарлар баҳсида 6-ўринда боряпти. Аёллар футболи бўйича ўсмирлар, ёшлар, Олимпия терма жамоаларида тўп сурган. 16 ёшидан мамлакат миллий терма жамоасига жалб этилган:

- Мамлакатнинг барча терма жамоаларида ўйнаганман. Ҳар гал эътибор яхши бўлган. Лекин бу галгиси ҳаммасидан яхши бўлди. Саралаш ўйинларига тайёргарлик ҳам ҳар галгисидан кўп жиҳатлари билан фарқланди. Биз фақат тўп тепишимиз, гол уришимиз керак эди холос. Ўйиндан олдин кореяликларнинг нималарга қодир эканлигини билардик, лекин чўчимадик, қўрқмадик. Яна билганимиз, ким биринчи гол урса ўйинни қўлга олиши аниқ эди. Афсуски, ўзимизга ўзимиз гол урдик ва кутганимиз бўлди. Ғалабага бўлган иштиёқимиз жуда кучли эди, лекин иштиёқнинг ўзи камлик қилди. Жамоамизда Людмила Карачикдек тажрибали, маҳоратли футболчи бор, лекин биз уни тўп билан таъминлай олмадик. Иккинчи бўлимда эса халқаро тажрибамиз камлиги сезилиб ҳам қолди. Таркибимиз кучли эди, аммо захирани бундай деб бўлмасди. Кореяликларда захирадан тушган футболчи ҳам ўйинни кучайтиряпти, бизда эса аксинча. Корея термаси жисмоний ва техник, ҳаттоки руҳий томондан шу куни бизни доғда қолдирди. Мен Баҳром Норсафаровнинг шогирдиман, лекин устозим бўлгани учун айтмаяпман, у қўлидан келганини қилди. Футболчининг клубидаги 5-6 йилда бермаган маҳорат ва тажрибани терма жамоа устози қисқа 5-6 кунлик йиғинларда қандай қилиб бериши мумкин? Бош мураббий футболчиларни клублардан олади, клубларнинг энг яхшилари шулар – бизлар бўлганидан кейин, танловга имконият зўр эмас. Бунинг учун клубларда ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни келгуси расмий мусобақаларга яхшилаб “пишириш” зарур. Кореяда миллий чемпионатининг олий лигасида 20 тага яқин жамоалар бор экан. Албатта, терма жамоа бош мураббий у қадар бош қотирмайди – ҳар биридан энг яхши бир нафаридан олса етади. Хуллас, Австралия ва Янги Зеландия орзулари барҳам топди. Лекин мақсадим аниқ – Жаҳон чемпионатига чиқмагунимча футболдан кетмайман.

Миллий терма жамоа аъзолари ўз клублари ихтиёрига 24 сентябрь куни кўйиб юборилди. Бугун — 29 сентябрь куни аёллар Олий лигаси 17-тур учрашувлари бўлиб ўтади.

Манба: pfl.uz
Киритилди: 22:00, 29.09.2021.
Ўқилди: 2027 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.