Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2012 йилги Ўзбекистон чемпионати ва Кубок ўйинлари, шунингдек, Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви учун оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш жараёнини давом этаётганини маълум қилади.
Аккредитациядан ўтиш учун ОАВ вакиллари таҳририят бланкасида ЎзПФЛ бош директори Ф.А.Магометов номига хат, паспорт нусхаси, шахсий маълумотлар, телефон рақамлари ва электрон почта манзиллари кўрсатилган анкета, 3х4 ҳажмдаги иккита фотографияни Профессионал футбол лигаси матбуот хизматига тақдим этишлари керак. Талаб қилинган маълумот ва ҳужжатларни электрон кўринишда media@the-uff.com манзилига жўнатиш шарт.
Аккредитация жараёни 2 март, жума, соат 17:00га қадар давом этади. Кўрсатилган муддатгача ЎзПФЛда аккредитациядан ўтмаган журналистлар бундан кейин фақат Ўзбекистон клублари матбуот хизматларига мурожаат қилганларидан сўнг чемпионат ва кубок ўйинларига киришлари мумкин бўлади.
Йил сўнггида ўтказиладиган Ўзбекистон Кубоги финал учрашуви учун ОАВ вакиллари алоҳида аккредитациядан ўтишлари керак бўлади. 2012 йилги Осиё Чемпионлар Лигаси ҳамда ОФК Кубоги ўйинлари учун аккредитация жараёни ушбу мусобақаларда иштирок этаётган Ўзбекистон клублари томонидан амалга оширилади.