«Йўл бўйида сув сотганман, машиналар ортидан югуриб, шу тариқа пул топганман. Кўчада сарсон бўлганмиз, акаларим газета тарқатишарди, опаларим апельсинни овқатга алмашишарди. Қашшоқлигимизни ҳамма биларди. Бир сафар бошқа жамоадаги бола ўйин пайти уйимда пулим йўқлигини, отам унинг онасидан егулик сўрашини айтганди. Йиғлаб юборганман. Тез-тез кўз ёши тўкардим. Уйини ижарага берган кишининг ташрифи, жаҳл аралаш отамдан пул талаб қилгани, мен эса бурчакка яшириниб, бизни кўчага қувмасликларини сўраб, Яратганга илтижо қилганим ёдимда».
Бу бугунги кунда «Наполи» асосий таркибида майдонга тушаётган Виктор Осимхеннинг хотираларидан парча. Қаҳрамонимиз Нигериядаги қашшоқлик таъсирида улғайган, у ерда футбол учун чин маънода муштлашишга тўғри келган. Ҳаттоки, Осимхен биринчи бутсаларини ҳам ахлатхонадан топган, бир неча йил керакли анжомларни айнан ўша ердан олишга мажбур бўлган. Турли ишлаб чиқарувчиларнинг ҳар хил ўлчамдаги бутсаларида майдонга тушиш унинг учун одатий ҳол бўлган - қўлига нима илинса, олаверган.
Футбол Осимхеннинг жону дили эди. Масалан, 2008 йили Чемпионлар Лигаси финалида Жон Терри пенальтидан фойдалана олмаганда, йиғлаб юборган - ваҳоланки, у «Челси» мухлиси эмасди. Шунчаки, нуфузли турнир финалида зарбани ноаниқ йўллаш қанчалик оғирлигини тасаввур қилган. Шу боис, 2015 йили Чилида ўтган жаҳон чемпионати U-17да Осимхен дарвозабонлар ортидаги тўр жим турмаслигига эришишга интилган. Нигерия мусобақада ишончли тарзда муваффақият қозонди, чорак финалда Бразилия тор-мор этилди, Виктор эса 7та ўйинда 10та гол урди ва сал қолса, Арсен Венгернинг «Арсенал»ига ўтишига бир баҳя қолди. Лекин якунда бир йилдан сўнг «Вольфсбург» таркибидан жой олди.
У ерда ишлари юришмади: икки мавсумда атиги 16та ўйин ўтказиб, бирорта ҳам гол урмади, шунга қарамай, Марио Гомес ва Дивок Ориги билан бирга машғулотларда қатнашди. Осимхеннинг фикрича, ушбу футболчилардан кўп нарса ўрганган: «Улар билан шуғулланиш - ажойиб мактаб. Бундай моҳирлар ёнида ишлаш тажрибаси бўлмаганда, нимагадир эриша олармидим, билмайман».
Охир-оқибат нигериялик футболчи Бельгиянинг «Шарлеруа» клубига ўтди, «Брюгге» ва «Зюлте-Варегем» талабларига мос тушмаган йигитчани ижарага олишди. У ерда Осимхен маҳаллий лигани «портлатди»: 36та ўйинда 20та гол урди, 2019 йилнинг ёзида унинг трансферини 3,5 миллион еврога сотиб олишди ва ўша ёздаёқ 22,4 миллион эвазига «Лилль» сафига қўшилди. Гўёки, французлар спорт директори Луиш Кампуш ҳаддан зиёд кўп пул сарфлагандек, «Шарлеруа» эса йўқ ердан бойлик орттиргандек туюлганди, аммо якунда воқеалар ривожидан барча мамнун бўлди. Францияда Осимхен мавсум давомида 18та гол ва 6та ассист муаллифига айланиб, кейин йирик сумма эвазига «Наполи»га ўтди. Неаполликлар президенти Аурелио Де Лаурентис нигериялик учун қарийб 70 миллион еврони аямади.
Италиядаги фаолият кўнгилдагидек бошланмади. Дастлаб елкасидан жароҳат олди, оқибатда 14та ўйинни ўтказиб юборди, 2021 йилнинг январида коронавирусга йўлиқди, февралда «Аталанта»га қарши баҳсда Кристиан Ромеро билан тўқнашув пайти ҳушини йўқотди. Шунга қарамай, «Наполи»даги 24та ўйинда Виктор 10та гол уриб, 3 марта шерикларига ассистентлик қилди - бундай специфик лигадаги дебют мавсум учун чаккимас. Ахир унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммоларини ҳам унутмаслик керак.
Ундаги сермаҳсулликка ажабланмаса ҳам бўлаверади, зеро Осимхен майдонда деярли барча нарсани уддалайди: қисқа ва узун масофаларга яхши югуради, шерикларига мослашади, вазиятни ўнглашни, сўнгги пасни қулай тарзда амалга оширишни билади, муайян ҳолатларни аввалдан аниқлайди. Жисмонан етук, қойилмақом замбарак зарбага эга.
Ўз вақтида Ле Лаурентис ва Кампуш африкалик футболчи учун йирик суммадан воз кечишгани кимнидир ҳайрон қолдирган бўлса, билиб олишсин, Осимхендаги сифатлар чиндан ҳайратланарли.
Дарвоқе, Европа Лигаси биринчи турида қаҳрамонимиз ушбу сифатларини яна бир бор намоён этди, «Лестер»га қарши сафарда кечган мураккаб баҳсда иккита қийин вазиятда гол урди. Шу тариқа неаполликлар 0:2 ҳисобини 2:2га ўзгартириб, гуруҳдаги асосий рақобатчилари билан баҳсда стратегик жиҳатдан муҳим дурангга имзо чекишди. Умуман, жорий мавсум ЕЛдан ташқари, «А» серия ҳам Виктор учун сермаҳсул кечмоқда. 5та ўйинда 4 марта тўп киритишга улгурди. Статистика нигериялик футболчининг имкониятлардан оқилона фойдаланишини кўрсатмоқда (InStat маълумотларига кўра, кўрсаткич 53 фоизга тенг), шунингдек, уларнинг аксариятини ўзи яратмоқда (бир ўйинда ўртача 0,3та). Сўнгги 10та ўйинда Осимхендаги xG 0,5га тенг, яъни деярли ҳар бир ўйинда кафолатланган гол ва ҳужумдаги яккакурашларнинг 41 фоизида устунлик бор. Умуман ҳисобласак, африкалик футболчи ҳозир ажойиб формада. У жаҳон футболининг порлашга шайланаётган юлдузи, унга талабгор бўлаётганларга Де Лаурентис нарх ҳам белгилаган - камида 120 миллион.
Шундай мақомга эришганига қарамай, Осимхен қадрдон Нигериясидаги муаммоларга бефарқ эмас (голларини нишонлаётганда, мамлакатдаги полициячилар зўравонлигини тўхтатишга даъват этувчи ёзувлар туширилган футболкасини намойиш этади), яқинларини завқли ҳаёт билан таъминлаш ниятида. Афсуски, 6 ёшлигида онасидан айрилган, отаси эса ўтган йили вафот этди, акалари ва опалари эса Осимхендан миннатдор. Улар орзу қилган барча нарсани бермоқда.
Эндиликда Осимхен шунчаки футбол ўйнашни хоҳлаган нигериялик йигитчанинг кучини кўрсатиш учун Диего Марадона номидаги стадион майдонига тушмоқда. Эҳтимол, у буюк аргентиналик сингари даҳо эмасдир, лекин атлетизм билан уйғунлашган юксак иқтидор ошиб-тошиб ётибди. Келгусида ҳам «Наполи»га қарши ўйнайдиган жамоаларга осон бўлмаслиги турган гап, Виктордек ҳужумчиси бор экан, ундан қўрқиш керак.
Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади