Кириш Регистрация
28/03 19:00 Динамо 2-1 Металлург
29/03 19:00 ОКМК - Бунёдкор
29/03 19:15 Қизилқум - Локомотив

Футбол ва иқтисодиёт: Ла Лига молия тизими қандай?

Баҳо:
+ | -

Маълум бўлишича, Испанияда «Реал»нинг умумий маош харажати «Барселона»никига нисбатан нақ 7,5 баравар кўп. Қанақасига? Soccer.ru сайтининг таҳлилий мақоласида айнан Ла Лиганинг молия тизимига боғлиқ нюанслар ҳақида сўз боради. Хўш, Испания чемпионатида қандай молиявий қоидалар амалда?

Испания чемпионатида молиявий чегара, яъни маошнинг юқори меъёри хилма-хил. Мамлакатдаги барча профессионал клублар учун алоҳида ички молиявий «Фэйр-плей» қоидалари жорий этилган. Унга мувофиқ, лига раҳбарияти ҳар бир клубга муайян мавсум учун алоҳида маош чегарасини белгилайди. Бунда клубларнинг айни молиявий ҳолати инобатга олинади. Оддий айтганда, ҳар бир жамоа футболчиларга ўз чўнтагидаги маблағга қараб маош беради - пул борми, марҳамат, тўлайвер! Маош харажатини умумий ҳолатга мувофиқлаштириш, барчасини назорат остига олиш тизими клубларни молиявий таназзулга олиб бориши мумкин бўлган оғир оқибатлардан ҳимоя­лашга қаратилган, албатта. Хуллас, ҳар мавсум арафасида махсус аудит қўмитаси клубларнинг моддий ҳолатини обдон ўрганиб чиқади ва унинг хулосасига асосан иш ҳақи чегараси белгиланади. Клублар трансферлар бозорида ҳам ўз сиёсатини белгиланган чегарадан чиқмаган ҳолда олиб бориши шарт. Бордию, қайсидир футболчи ёки мураббийга белгиланган маош меъёрдан ошиб кетса, Ла Лига улар билан тузилган шартномани рўйхатга олишдан бош тортади.

«Барселона» айни шу қоида туфайли Лионель Месси билан шарт­нома муддатини узайтиролмади. Каталония клубига белгиланган мақбул маош чегарасини кўрсангиз, аргентиналик юлдузнинг таркибда олиб қолиш чиндан ҳам, имконсиз бўлганини тушунасиз. Умуман, маош чегараси асосий таркиб футболчиларига алоҳида белгиланмайди, балки мураббийлар, шифокорлар, маъмурлар, ёшлар жамоалари ва академия тарбияланувчилари учун кетадиган харажат миқдори ҳам ҳисобга киритилади. Қисқаси, қоида бутун спорт блокини қамраб олади.

Энди 2021|2022 йиллар мавсуми учун белгиланган маош чегарасига эътибор қаратамиз. Қаранг, «Реал» космосда, «Барселона» атиги 7-қаторда. «Реал Мадрид» жорий мавсум энг юқори маош чегарасига эга - 739 миллион евро. 2-ўринда қайд этилган «Севилья» учун белгиланган меъёр бундан нақ 539 миллион еврокам. «Қироллик клуби» ўтган йилги чегарасини бирданига 271 миллион еврога оширди - бу Примеродаги энг яхши кўрсаткич. Айни пайт «Реал» белгиланган лимитнинг 50 фоизини ҳам ишлатаётгани йўқ. Демакки, жамоа ҳозирги ҳолатида таркибини кучайтириш учун кенг имкониятларга эга. Яъни «қаймоқранглилар» Килиан Мбаппе ва Эрлинг Холанд билан шартнома тузишда иш ҳақи чеклови борасида ортиқча бош қотиришмайди. Буни Ла Лига корпоратив директори Хосе Гера ҳам тасдиқламоқда: «Мадрид» тартибли менежмент туфайли ўтган йилги маош меъёрига 271 миллион евро қўшиб қўйди. Чунончи, клуб охирги 2 йилда анча маблағ тежади, қолаверса, Серхио Рамос ва Рафаэль Варан каби юқори иш ҳақига эга футболчилар билан хайрлашди. Қисқаси, «Реал» бу йил Килиан Мбаппе ёки яна қайсидир юлдуз билан бемалол шарт­нома тузиши мумкин эди».

«Барселона» аксинча, собиқ президент Хосеп Бартомеунинг тартибсиз бошқаруви оқибатида ўтган йилги лимит чегарасидан 285 миллион евро йўқотди ва Каталония суперклубининг жорий мавсумдаги маош меъёри 98 миллион еврога тушиб қолди. «Барса» ҳозирги ҳолатда рухсат этилган маош миқдори бўйича Ла Лигада атиги 7-ўринда. Дейлик, «Вильярреал», «Реал Сосьедад» ва «Атлетик» каби моддий жиҳатдан ҳам ўртамиёна саналган клублар каталонияликларга нисбатан кўпроқ маош тўлаш ҳуқуқига эга. Бу борада «Барселона» ва «Реал» кўрсаткичлари ўзаро таққосланса, ҳар қандай киши оғир хўрсиниб қолиши тайин. Хулоса шуки, агар Жоан Лапорта «Барселона»даги молиявий ҳолатни тезроқ тубдан ўзгартирмаса, яқин йиларда Испаниянинг икки гранди турли вазн тоифаларига мансуб клублар сифатида гавдаланиши ҳеч гап эмас. Ахир «Реал» 2021|2022 йиллар мавсумининг ўзида «Барселона»га нисбатан 7,5 баравар кўпроқ маош тўлаш ҳуқуқига эга ва бу таркибни тобора кучайтириб бориш имкониятидир.

Ўтган мавсум кўрсаткичларига таққослаганда, Испаниянинг амалдаги чемпиони - «Атлетико»га белгиланган маош чегараси ҳам пасайиб, 172 миллион еврога тушди. Бу аввалги меъёрга нисбатан 81 миллион кам. Умуман, «матрасчилар»да маош чегараси «Реал»никига қараганда, 4 баравар паст. Эътиборни тортадиган яна бир томони - «Севилья» (чегара - 200 миллион евро) амалдаги чемпиондан кўпроқ сарфлаш ҳуқуқига эга. Андалусия футболи байроқдорининг кўзга ташланиб турган ҳозирги мавқеси асосан «тийин»га харид қилиб, «сўм»га сотиш ҳадисини ўзлаштирган Мончи бошқарувидаги спорт бўлими олиб бораётган ажойиб ишга боғлиқ, албатта. Маош лимити жадвалининг 4-поғонаси Европа Лигасининг амалдаги ғолиби «Вильярреал»га тегишли. «Сувости кемаси» маош харажатининг охирги нуқтаси - 159 миллион евро. Умуман, Унаи Эмери севимли турнирида яна ғолиб чиқиш ва клубни ЧЛга олиб чиқиш асносида унинг маош меъёрини анча оширди. 5-6-ўринларни Баскония клублари эгаллаб турибди: «Реал Сосьедад» (128 миллион евро) ва «Атлетик» (112 миллион евро). Ҳа, улар ҳозирда қудратли «Барселона»дан олдинда! Маош лимити жадвалининг кучли 10талигида яна ўтган мавсум Сегундада ўйнаган «Эспаньол» (78 миллион евро), шунингдек, «Бетис» (71 миллион евро) ва «Сельта» (66 миллион евро) клублари бор.

Диққат қилинг, айни пайт Испания элит дивизиони вакиллари орасида энг паст маош чегараси «Валенсия»га тегишли - атиги 31 миллион евро. «Кўршапалаклар» ўтган мавсум бу борада 72 миллион евро йўқотишди. Бундай пастлашиш Питер Лимнинг клубни Сингапурда, масофадан нотўғри бошқаргани оқибатидир. Хуллас, у «Валенсия»ни «қабр»га итариб юборишига оз қолди... Ла Лига президенти Хавьер Тебаснинг сўзларига кўра, «Лос Чес» фақат ўтган йилги сотувлар ҳисобига таназзул ва профес­сионал клуб мақомидан айрилишдан қутулиб қолди...
***

Суратда юқоридаги Испания Ла Лигаси: маош лимити ... 

Бу ерда рақамлар келтирилган. Графикда Ла Лига клубларининг ўтган мавсумдаги ва ҳозирги маош чегараси ўртасидаги фарқ кўрсатилган. Баъзи клубларнинг иш ҳақи меъёри кўтарилган, бошқаларники аксинча, тушган.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 14:00, 16.10.2021.
Ўқилди: 2015 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.