Хабарингиз бор, жорий йилнинг 27 октябридан 2 ноябрига қадар юртимизда U-23 Осиё кубоги саралаш босқичи «D» гуруҳидан ўрин олган ўйинлар бўлиб ўтади.
Бугун «Пахтакор» стадиони анжуманлар залида саралаш баҳслари олдидан жамоалар мураббийи ва футболчилар иштирокида расмий матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе ва жамоа аъзоси Жасурбек Жалолиддинов ҳам иштирок этди.
Тимур Кападзе:
— Ушбу босқич биз учун тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Айниқса, баҳслар Ўзбекистонда ўтказилиши биз учун қулай бўлди. Ўйлайманки, олдимизда турган ўйинлар халқаро тажриба тақдим этиб, ўзимиз учун ҳолатимизни, даражамизни аниқлаб олишимизга хизмат қилади.
— «Насаф» клубининг финалга чиққани бизга ҳеч қандай таъсир қилгани йўқ. Тўғри, Ҳусайн Норчаев ушбу йиғинга жалб қилинмади, бироқ бу бошқа футболчиларга ўзларини кўрсатиши учун имкон яратади. Умуман олганда, бундай мусобақалардан ҳамма учун тажриба олади.
— Ёш жамоа билан мусобақада иштирок этиш катта муаммо эмас, чунки биз ўз олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз ва улар йўлида тўғри ҳаракат қилмоқдамиз, деб ўйлайман. Бизда танлов катта, иқтидорли ёшларимиз кўп. Жалб қилинган 23 нафар футболчимиз ушбу 3 та ўйинда ўзларини кўрсатишларига ишонаман.
Шунингдек, барча жамоаларга омад тилайман.
Жасурбек Жалолиддинов:
— Эртага бизни Саудия Арабистонига қарши жиддий баҳс кутиб турибди. Биз ушбу жамоага қарши 3 марта ўйнаймиз. Ғалаба қозониш учун ҳамма нарса мавжуд, айниқса, бизда ҳозир ғалаба кайфияти бор. Мураббийимиз бизни бу мусобақага тизимли тайёрлаб келмоқда, олдимизда турган барча учрашувларда бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
— Футбол, албатта, мухлислар учун. Биз ўз уйимизда ўйнаймиз, шу сабаб мухлисларимиз бизни қўллаб-қувватлаб туришларига ишонамиз. Чунки биз улар билан бирга биз янада кучлироқ бўламиз.