«Наполи» яримҳимоячиси Блерим Жемаилийнинг сўзларига кўра, неаполликларнинг бутун эътибори айни вақтда «Парма»га қарши бўлажак ўйинга қаратилган.
«Парма» ва «Наполи» ўртасидаги Италия чемпионати 26-тур учрашуви 4 март, якшанба куни Тошкент вақти билан 16:30да бошланади. Швейцариялик футболчининг сўзларига кўра, унинг жамоаси ўзи иштирок этаётган барча мусобақалар — Чемпионлар Лигаси, Италия чемпионати ва Кубоги баҳсларида охиригача кураш олиб бормоқчи.
«Айни вақтда биз бор диққатимизни «Парма»га қарши ўйинга қаратганмиз. Бугун биз учта фронтда кураш олиб бормоқдамиз ва ўзимиз иштирок этаётган ҳар бир мусобақада имкон қадар узоқроқ йўл босишни мақсад қилганмиз», деди яримҳимоячи.
«Ҳозирча кўпчилик бизни Чемпионлар Лигасидаги натижаларимиз билан баҳолаяпти, бироқ «Наполи» Италия Кубоги финалига чиқиш учун ажойиб имкониятга эга бўлиб турибди. Шунингдек, «А» Серияда ҳам биз ҳали ўзимизнинг сўнгги сўзимизни айтганимиз йўқ», деди «Наполи» футболчиси Блерим Жемаилий.
«Наполи» Италия чемпионати 25-тур учрашувларидан сўнг 40 очко билан 5-ўринда бормоқда. Вальер Маццари шогирдлари Италия Кубоги финали йўлланмасини қўлга киритиш учун ўз майдонларида «Сиена»ни мағлубиятга учратишлари керак бўлса, Европа Чемпионлар Лигаси чорак финалига чиқиш учун 14 март куни Лондонда «Челси»дан биттадан ортиқ гол ўтказиб юбормасликлари керак бўлади.