Лондоннинг «Челси» клуби ҳужумчиси Дидье Дрогба Англия Премьер-лигасида 100та гол урган африкалик дастлабки ўйинчига айланиши мумкин. Бу ҳақда «Челси» расмий сайти хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Англия Премьер-лигасининг 27-турида «Челси» «Вест Бромвич» меҳмони бўлади. Ўйин 3 март, шанба куни Тошкент вақти билан 20:00да бошланади.
Дрогба Англиядаги ўзининг илк голини 2004 йилги мавсумда «Кристал Пэлас» дарвозасига урган, 99-голни эса ўтган дам олиш кунлари «Болтон» дарвозасига урди.
«Бу ўзига хос бир воқеа бўлади, деб ўйлайман. Футбол билан хайрлашаётган вақтим ўз бурчимни бажариб бўлгандек, футболда қўлимдан келган ҳаммасини қилгандек кетишни хоҳлайман», деди ивуарлик футболчи.
«Бу осон эмас, аммо мен клуб тарихининг бир қисми бўлиб қолишни истайман. Англияда африкалик футбочлилар ҳар доим ҳам кўп бўлган ва бу жуда ҳам яхши ҳолат», дея қўшимча қилди «Челси»нинг африкалик ҳужумчиси Дидье Дрогба.