«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик футболчилардан бирининг норозилиги кучаяётганини билади. Гап ярим ҳимоячи Марк Берналь ҳақида бормоқда. Футболчи машғулотларда яхши меҳнат қилмоқда ва майдонда ҳам яхши савия кўрсатди, аммо унинг жамоадаги роли минималлигича қолмоқда – Берналь деярли ҳар доим ўйин тақдири ҳал бўлиб бўлганидан кейингина майдонга тушмоқда.
«Норозилик ортиб бормоқда: Берналь кўпроқ имкониятга лойиқман деб ҳисоблайди. У бир кечада асосий таркиб ўйинчисига айланишни талаб қилаётгани йўқ, аммо рақобат борлигини ҳис қилишни хоҳлайди», — дейилади El Nacional саҳифаларидаги мақолада.
Таъкидланишича, Берналь мураккаб вазиятда, чунки Родри ва Педри дахлсиз ўйинчилар ҳисобланади. Улар Фликка жуда маъқул келадиган асосий жуфтликни ҳосил қилишмоқда. Шунга қарамай, Берналь ўз меҳнати билан шунчаки рамзий маънодаги захирадан тушишлардан кўпроғига лойиқман деб ҳисоблайди. Ушбу вазият сабаб 19 ёшли ярим ҳимоячи аста-секин норози бўла бошламоқда.
«Флик бундай динамикани жуда узоқ ушлаб туриш охир-оқибат муаммо туғдириши мумкинлигини тушуниб турибди», — деб ёзади муаллифлар.
«Барселона» мураббийи Бернальнинг ўсиши тўхтаб қолишини хоҳламайди, шу сабабли у футболчи учун кўпроқ дақиқалар топишига тўғри келади.













