Кириш Регистрация

Жанубий Америкадаги "енгилмаслар"

Баҳо:
+ | -

Жанубий Америкада ажойиб бир жамоа шаклланди. Бу терма авваллари ҳам ўз номи билан ҳар қандай рақибни чўчита оларди. Бироқ сўнгги пайтларда улар бироз мавқеини йўқотди. Лионеллар бошчилигида бу жамоа яна ўз даражасини қайтариб олди. Фақат бу сафар умуман бошқача услуб ва ёндашув билан...

Қайси Лионел кўпроқ жамоани етакламоқда?

Аргентинани 2018 йили қабул қилиб олган Лионел Скалони у қадар топ мураббийлар сирасига кирмасди. Бунгача у "Депортиво" жамоасини бошқарган, бироқ даражалар ўртасида фарқ бор. Бу худди 2-3 йил мактабда дарс берган ўқитувчини катта бир олий таълим даргоҳида ўқитувчи қилиб қўйганга ўхшайди. Хуллас, Скалони "дарс беришни", аниқроқ қилиб айтганда, юлдузларга тўла жамоа бошқарувини ўз қўлига олишни эплай олди. Аввалига "Копа Америка" қурбон бўлди, лекин галдаги натижалар ҳавас қилса арзигудек. Бу йили ёш мутахассис бошчилигида Аргентина Америка Кубогида зафар қучди. Бундан ташқари, жамоа Жаҳон Чемпионати саралашида ажойиб ўйинлар ўтказиб, мағлубият нималигини билмай келмоқда. Албатта, бу ғалабаларда терма сардори Мессининг ўрни катта. Шундай бўлсада, мураббий бу юлдузларни бир байроқ ва ягона мақсад остида бирлаштира олди. Ди Мария айни дамда ўзининг оқ-мовий либосдаги энг яхши йилларидан бирини ўтказмоқда. Шунингдек, Мартинес, Паредес ва айниқса дарвозабон Эмилиано Мартинесни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Бу жамоада барибир мураббийдан ҳам кўра кўпроқ Месси оғир тош босади. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Бироқ Скалонининг ҳам ҳиссаси бу ғалабаларда улкан. Ҳар ҳолда, у бошчилигида "альбисилесте" узоқ йиллардан бери кутилган чемпионликка эришди.

Аргентина ўйин услубида нималар ўзгарди?

Мен билган Аргентина ҳужумкор, ижрочиларга бой, шу билан бирга, ўз дарвозасидан ҳам кўп гол ўтказиб юборар эди. Лекин айни дамда услуб ҳам, ижрочилар ҳам ўзгарган. Гарчи аввалгидек юлдузлар бўлмасада, Аргентина натижалар эътибори билан қараганда, 5-6 йил олдингисидан яхшироқ, наздимда. Ҳозир бу жамоа умуман ҳиссиз. 90 дақиқа мобайнида зарурат бўлса, гол ўтказмай, агрессив футбол эвазига натижага эриша олади. Олдинда эса айрим етакчилар креативлик ва индивидуал маҳорат эвазига ҳаммасини ҳал қилмоқда. Хуллас, американча жозиба ҳам, шунингдек, агрессия ҳам бу жамоа услубида мавжуд. Сиз бир фильмда икки хил сюжет кўришингиз мумкин. Якунда, барибир қаҳрамонларимиз учун барчаси ижобий якунланади.

Бу жамоа Жаҳон Чемпиони бўла оладими?

Бундан етти йил муқаддам Бразилияда бўлиб ўтган мундиалда "альбисилесте" Жаҳон чемпионатида ажойиб қатнашган эди. Бироқ финалда улар "немис машинаси"ни тўхтата олмаган. Эсимда Леонинг кўз ёшлари. Ўшанда ҳали ёшроқ эди анча. Ҳозир вақт ўтди. Орада Россиядаги мундиаль ҳам бўлиб ўтди. Бу сафар уларнинг кучи етмади. Лео учун яна бир имконият қўлдан чиқди. Айни дамда Европа жамоалари юлдузларга тўла. Майдонни ёндираётганларнинг 80 фоизи Европада. Чиндан ҳам, сўнгги пайтларда ўша биз билган Месси, Неймар, Суарес, Кавани, Каземиро, Маркиньос каби номларгина кўзга ташланмоқда. Шундай бўлсада, Бразилия ва Аргентина барибир "кўҳна қитъа" вакилларига етарлича қаршилик кўрсата олади. Сабаби, айрим паллаларда юлдузлар ҳам яхлит бир тизим остида бирлашган жамоага қарши ҳеч нарса қила олмайди. Айни дамда Скалони шогирдлари 26 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этмоқда. Билмадим, балки Европа жамоаларидан уларни тўхтата оладиганлари топилар. Шундай бўлсада, Аргентина Жаҳон чемпиони бўлишга қодир. Ҳиссиз, тартибли ва энг муҳими олдиндаги кучли ижрочилар яхши ўйин кўрсатиши бу жамоани чемпионга айлантириши мумкин. Яна олдинда хулоса чиқаришга вақт етарлича. Балки, бу сафар ҳам Лео бошчилигидаги Аргентина амалда ҳеч нарсага эриша олмас ва Месси Жаҳон Чемпиони бўлмаган афсона сифатида тарихда қолар. Бироқ бу унинг қадр-қиммати ва буюклигига айтарлик даражада таъсир этмайди. Лекин ҳар эсланганда, бу ҳолат кўнгилни ғаш қилади. Ҳозир Леода ва унинг жамоасида чемпион бўлиш имконияти мавжуд. Буюкликка заррача таъсир этмайдиган, бироқ орзуларни рўёбга чиқариши мумкин бўлган Мундиальда Лео ва унинг жамоаси борини беради. Айтганча, замонамизнинг яна бир юлдузи Роналду ҳам Месси сингари бу совринни боши узра баланд кўтармаган. Яна ўша конфликтлар. Мана сизга интрига...

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 21:36, 15.11.2021.
Ўқилди: 6616 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.