Кириш Регистрация
22/11 16:00 Нефтчи 2-0 Насаф
22/11 18:15 Қизилқум 1-5 Навбаҳор
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-0 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон - Динамо
23/11 17:30 Лестер - Челси
23/11 18:00 Валенсия - Бетис
23/11 19:00 Верона - Интер
23/11 20:00 Борнмут - Брайтон
23/11 20:00 Арсенал - Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла - Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон - Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм - Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико - Алавес
23/11 22:00 Милан - Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити - Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас - Мальорка
23/11 22:30 Жирона - Эспаньол
24/11 00:45 Парма - Аталанта
24/11 01:00 Сельта - Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид

Дентиньо: «Роналдога ўхшаши бошқа чиқмайди»

Баҳо:
+ | -

Бу йил «Шахтёр» (Донецк)нинг ЧЛдаги ишлари умуман юришмаяпти - 4та ўйиндан атиги 1 очко. Боз устига, Украина клуби жорий турнирдаги голлари ҳисобини 4-турга келибгина очди. Жамоанинг бразилиялик ҳужумкор ярим ҳимоячиси Дентиньо (Бруно Феррейра Бонфин) айнан Мадридда «Реал»га қарши кечган 4-ўйиндан олдин Marca нашрига махсус интервью берганди. Бинобарин, бу футболчи ҳозирда «Қироллик клуби» сафида тўп суриши ҳам ҳеч гап эмасди.

- Дентиньо, катта ўйинларга тайёрмисиз?

- Ҳа, кайфиятим яхши. 27 октябрь куни «Черноморец»га қарши кечган кубок баҳсида сафга қайтдим ва гол ҳам урдим. Умид қиламанки, жароҳатга боғлиқ нохуш давр ортда қолди, энди мунтазам ўйнашга мутлақо тайёрман (Дентиньо Мадриддаги учрашувнинг 86-дақиқасида жамоасининг ягона голи муаллифи Фернандо ўрнига майдонга тушди ва якунда сариқ карточка олди).

- Демак, жароҳатдан батамом қутулдингиз, шундайми?

- Ҳа. Ҳозир умумий ҳолат яхши, қайтишни гол билан нишонлаганим ҳам ўзимга нисбатан ишонч ҳиссини оширди. Тўғри, жароҳатдан кейин маълум вақт роса қийналганимни айтишим жоиз. Муҳими, айни пайт ҳаммаси зўр.

- Ўтган йили Мадридда катта шов-шув кўтарган эдинглар...

- О, барчамиз учун ўзгача ўйин бўлганди. Бинобарин, коронавирус туфайли Мадридга 7-8 нафар асосий футболчисиз келгандик. Ўйнашдан бошқа чора йўқлигини билгач, Испания пойтахтига қандайдир важоҳат билан келганимиз эсимда. Асосийси, важоҳатимиз бежиз эмаслигини кўрсатиб, ижобий натижага эришдик ва жамоамиз ажойиб эканлигини исботладик. Тўғри, танаффус олдидан таблода порлаб турган 0:3 ҳисобини кўриб, кўзларимга ишонмагандим.

- Ўша ўйин танаффусида кийи­ниш хонасида нималар рўй берганди?

- Ҳаммамиз жимгина ўтирдик. Фақат бир-биримизнинг кўзимизга қарадик, чунки майдондаги воқеалар ҳақиқат эмасдек туюлганди. Қисқаси, ўша бўлим - ғайриоддий ҳодисот. Айтишим мумкинки, футболдаги энг яхши хотираларимдан бири. Ахир «Реал» ўз номи билан «Реал»да!

- «Шахтёр» ўша муваффақиятни қачон такрорлайди?

- Ҳозир шу мақсадда тинимсиз ишлаяпмиз. Шунинг баробарида катта футболда ҳар қандай кичик хато ҳам қимматга тушиши мумкинлигини яхши биламиз.

- «Сантьяго Бернабеу»да ўйнаш қандай?

- Бу - орзу! 2005 йили «Коринтианс» сафида «Сантьяго Бернабеу»га келгандим. Ўша вақт олинган суратларни ҳанузгача асраб-авайлайман. Стадион атрофини айланганимиз, майдонга қандай қадам ташлаганимизни завқ билан эслайман. Ўшандаёқ кун келиб, бу стадионда расмий ўйинда ҳам иштирок этишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Умуман, Мадрид ва стадионни илк кўришдаёқ севиб қолганман. Боз устига, «Реал» вакиллари мени кузатиб боришаётганидан хабардор эдим ва клуб сафига қўшилишим ҳам ҳеч гап эмасди...

- ...Бироқ трансферингиз амалга ошмади. Қизиқ, «Қироллик клуби» билан шартнома тузишингизга айнан нима тўсқинлик қилганди?

- Орадан кўп вақт ўтди, тўғриси, икки клуб нега келишолмагани сабабини ҳалигача билмайман. Айтишларича, трансфер суммаси масаласида бир тўхтамга келишнинг иложи топилмаган. Ваҳоланки, «Реал» 2008 йили менга чиндан ҳам, жиддий қизиққан ва аниқ таклиф юборганди. Скаутлар мени бевосита кузатишган «Коринтианс» - «Парана» ўйинида гол ургандим, аммо... Дарвоқе, Виллиан ҳам ўша жамоада эди  ва якунда мен каби «Шахтёр»дан қўним топди.

- Умуман, «Реал»га қарши ҳамиша яхши ўйнагансиз.

- Шунчаки, омадим келган. 2015 йили Украинада гарчи 3:4 ҳисобида ютқазган бўлсакда, ўйинда мадридликлар дарвозасини нишонга олгандим. Ўтган мавсум эса ҳар икки учрашувда ғалаба қозондик, Киевдагисида яна гол урдим.

- Футболчи сифатида Европа Суперлигаси ғояси ҳақида қандай фикрдасиз?

- Очиғи, бунинг моҳиятини унча тушунмаяпман. Менимча, фақат кучлилар эмас, барча жамоалар ҳақида ўйлаш керак. Шунингдек, футболчилар ва уларнинг орзуларини ҳам инобатга олишса,  яхши бўларди. Ўйлайманки, бу борада ҳаммасини мендан яхшироқ тушунадиган мутахассислар кўп.

- Киевда «Реал»дан учралган 0:5 ҳисобли оғир мағлубият ҳақида нима дея оласиз?

- Вазият тақозоси... Аслида ўйинни яхши бошладик, аммо оддий ҳолатда гол қўйиб юбордик ва шу билан ҳаммаси ўзгариб кетди. Қаршингизда Винисиус, Бензема ёки Модрич турганида, бир сония ҳам бўшашмаслик талаб этилади. Уларни кўздан қочирмаслик учун ҳаттоки, киприк қоқишга ҳам ҳаққингиз йўқ.

- «Реал»га умумий муносабатингиз қандай? Бу клуб сиз учун нимани англатади?

- «Реал» билан ўйнаш ёқимли. Шунингдек, жамоа сафида икки кумирим ўйнаган: Роналдо ва Роберто Карлос. Ҳар иккиси билан ҳам «Коринтианс»да бирга шуғулланганман.

- Кўпчилик айни пайт Винисиусни кўтарилаётган юлдуз сифатида мақтамоқда.

- Бунга қўшиламан! Ажойиб футболчи. Уни «Фламенго»да ўйнай бошлаганидан буён кузатиб келяпман. Ўшандаёқ кучли футболчига айланишини сезгандим. Мана, Винисиус ҳамон ўсмоқда. Ниҳоят, нега «Реал» назарига тушганини исболашга тушди. Чиндан ҳам, катта иқтидор, ҳали буюк футболчилар қаторидан жой олишига ишонаман.

- Бугунги Винисиус юлдузми?

- У ҳозир шу йўлда. Чинакам юлдуз мақомига эришиш учун барча хислатларга эга. Мисол учун, Киевда «Шахтёр» дарвозасини ишғол этишда буюк ўйин­чиларга хос ҳаракатланди. Хуллас, Винисиусда ҳақиқий юлдуз бўлиш имконияти катта. Аммо тараққиётдан тўхтамаслик учун камтарлик билан ўз устида ишлашда давом этиши керак.

- Винисиуснинг Бразилия миллий жамоасидаги ўрнини қандай баҳолайсиз?

- Айни ҳолатга қарасак, у мамлакатимизнинг энг кучли футболчилари қаторида. Шундай экан, миллий жамоада катта роль ўйнаши керак. Тите ўз ғояларига эга тажрибали мураббий, футбол билими жуда баланд. Агар Винисиус «Реал»даги самарадорликни пасайтирмаса, терма жамоада ҳам етакчилардан бирига айланиши турган гап. Унда бўлажак жаҳон чемпионатида бош ролга кўтарилиш имконияти етарли.

- Винисиусдан ташқари, «Реал»нинг яна қайси футболчисига ҳурматингиз баланд?

- Бенземага! Энг ижобий фазилатларни ўзида мужассам этган, ўйинни яхши тушунадиган ҳужумчи. Албатта, Марсело ва Каземирони ҳам эътироф этишим керак. Лекин аввало, Бенземани тилга оламан. Ҳозир унинг «Олтин тўп»га даъвогар эканлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Каримнинг сўнгги йилларда қандай ўйнаганини ҳисобга олсак, бу жуда тўғри.

- 2011 йилдан буён Украинадасиз.

- Ҳа, аллақачон ярим украиналик бўлиб қолдим. Лекин «Шахтёр» билан шартномам 31 январь куни тугайди.

- Хўш, нима қилмоқчисиз?

- Билмайман. Таклифларни кўриб чиқишга тайёрман.

- Испания футболига юз буришингиз мумкинми?

- Эҳтимол. Аслида «Реал»да ўйнашни хоҳлардим (кулади).

- Украин тилида ҳам гапира оласизми?

- Оз-моз. Маҳаллий тилни яхши тушунаман, лекин кам гапираман, чунки «Шахтёр»да нақ 14 нафар бразилиялик бор.

- Украинага келишдан олдин қорни кўрганмидингиз?

- Ҳеч қачон. Донецкда илк марта қорга дуч келганимизда, турмуш ўртоғим билан жуда ҳаяжонланганимиз эсимда. Бошида роса яйрадик, аммо тез орада қор кўришнинг дастлабки 5 дақиқаси завқ­ли эканлигини англадик. Чунки қордан кейин даҳшатли совуқ бошланади.

- Украинада бразилияликлар қандай яшашади?

- Украина - ажойиб мамлакат, яхши томонга ўзгариш бор, бизда ҳаммаси зўр. «Шахтёр» эса чин профессионал клуб. Ҳа, ватандан узоқда яшаймиз, лекин оиламиз ёнимизда, уйда бразилча таомлар тайёрлаймиз. Биргина муаммо - совуқ. Яхшики, иссиқ кунлар ҳам бор, қолаверса, оилангиз ёнингизда бўлса, ҳаммасига осон кўникасиз. Украинада Бразилия таомлари учун зарур деярли барча маҳсулотларни топиш мумкин, аммо ҳар гал ватанимизга борганимизда, ортга таом масаллиқларига тўла икки жомадон билан қайтамиз, барибир.

- Дентиньо майдондан ташқарида қандай йигит?

- Жуда хотиржам. Рафиқам Дани Соуза ва 3 нафар фарзандимиз - Бруно Лукас, эгизаклар София ва Рафаэлла билан уйда вақт ўтказишдан завқланаман.

- Никоҳ тўйингизда афсонавий Роналдо ҳам иштирок этган экан.

- Ҳа, ҳа. У - яхши дўст, ҳаётимдаги муҳим инсон. Роналдо «Коринтианс»да менга кўп ғамхўрлик қилган ва ундан бир умр миннатдорман. Колумбиядаги охирги ўйинида эса, майдонда «сўйлоқ» билан тандем бўлиб тўп сургандим. Ҳозир ҳам кўп гаплашамиз. У менга ўғлидек муомалада бўлади.

- Демак, Роналдога «Шахтёр» билан шартномангиз тугаётганини айтишингиз керак, шунда сизни «Вальядолид»га чорлаши мумкин.

- Умид қиламанки, Роналдо билан бу масалани муҳокама қилишга ҳали улгурамиз (кулади).

- Болаликдаги кумирингиз ҳақида сўрашга ҳам ҳожат қолмади...

- Албатта, Роналдо! Болалигимда одамлар тишларимиз ўхшашлиги учунми, мени «Роналдунинг ўғли» дейишарди. Бир куни ўзига «ота», дея мурожаат ҳам қилганман. Роналдо - тарихдаги энг яхши футболчи. Қаранг, жиддий жароҳатдан кейин ҳам феноменлигича қолди. Футболда бундай иқтидорни бошқа ҳеч қачон кўрмасак керак.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 14:00, 18.11.2021.
Ўқилди: 2574 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.